Оила масаласида

11:21 / 02.03.2020 | Umar | 1113
Ассалому алайкум. Мен аёлим билан чиқиша олмайман. Аёлим асабий, итоатсиз, мен билан тенгма-тенг олишади. Аслида унаштирилганимиздан бери чиқишолмаймиз… Кўп маротаба ажрашмоқчи бўлдим, ҳатто судга ҳам ариза берганман, аммо қайтариб олганман. 2 та фарзандимиз бор, иккаласи ҳам кесарча кесиш амалиёти орқали туғилишган. Ҳозирда жудаяма асабий бўлиб кетган. Мен ўзимни тушунмайман, нимага аёлим билан ажрашолмайман? Энг ёмони ўғлим ҳам бетга чопар бўлиб кетяпти… Аёлимда яна бир одат бор, урушган одамини унча мунчага кечирмайди, ҳатто у инсон онаси бўлса ҳам нафрати жуда кучли. Илтимос, менга маслаҳат беринг.
Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ Таоло сизни оиланинг посбони, тоғдек суянчиғи, оиладаги ҳар ишни ҳал қиладиган забардаст, чин ва мустаҳкам эркак қилиб яратди. Ҳар бир оилада баланд-пастликлар бўлади. Ҳамма нарса сиз ўзингизни тутишингизга, қандай ибрат кўрсатишингизга, сабр қилишингизга боғлиқ. Аллоҳ Таоло аёлларга жозиба, ҳиссиёт, эркаликни берди. Эркак кишига эса ҳиссиётга берилмайдиган совуқ ақл-идрок, жасоратни берди. Жасоратни эркак киши қачон кўрсатади? Фақат жангдами? Йўқ албатта. Жасоратни, ақл-заковатини эркак киши аҳли оиласи ўз ақлини, фаросатини ишлата олмаганида, турмуш ўртоғига бўйин эгмаганида ҳам кўрсатади. Чунки эркак киши узоқни кўра билиш қобилиятига эга, аёл каби гоҳида енгил-елпи ўй-фикр қилмайди, аёл кишининг инжиқликларига чиройли сабр қила олади. Шу билан ва бошқа кўпгина сифатлари билан ҳам эркак киши аёл кишидан устундир. Сизга катта неъмат, икки фарзанд неъмати берилибди. Шундай инсонлар борки оиласида бир фарзанд туғилиши учун бор бутини беришга тайёр. Сизга олам олам мол дунё сарфламасангиз ҳам Аллоҳ шу икки фарзандни берди. Уларнинг тарбияси, уларнинг илми учун, келажаги учун жавобгарлигингизни бажаришингиз икки дунёда манфаатли вазифадир. Шунинг учун сабрлироқ бўлганингиз яхшироқ деб ўйлайман. Аммо бу сабрингиз ўзингизга зулм қиладиган даражада бўлиши керак эмас. Албатта бахтли бўлишга ҳаққингиз бор.  Валлоҳу аълам!