Чёлка кестириш

14:03 / 06.03.2017 | Савол | 3779
Ассалому алайкум! Ассалому алайкум Одина опа! Эшитишим бўйича динда чёлка кесиш мумкин эмас экан. Шу тўғрими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Аёлларнинг пешона кокилини кесиши борасида тақиқ ворид бўлмаган. Уларнинг соч кесишлари ҳақида «Саҳиҳи Муслим»да қуйидаги ривоят келган:
عَنْ أَبِي سَلَمَةَ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمنِ، قَالَ: دَخَلْتُ عَلَى عَائِشَةَ أَنَا وَأَخُوهَا مِنَ الرَّضَاعَةِ، فَسَأَلَهَا عَنْ غُسْلِ النَّبِيِّ  مِنَ الْجَنَابَةِ؟ فَدَعَتْ بِإِنَاءٍ قَدْرِ الصَّاعِ فَاغْتَسَلَتْ، وَبَيْنَنَا وَبَيْنَهَا سِتْرٌ، وَأَفْرَغَتْ عَلَى رَأْسِهَا ثلَاثًا. قَالَ: وَكَانَ أَزْوَاجُ النَّبِيِّ  يَأْخُذْنَ مِنْ رُءُوسِهِنَّ حَتَّى تَكُونَ كَالْوَفْرَةِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Салама ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Оишанинг олдига унинг эмикдош иниси билан кирган эдим, у ундан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жунубликдан ғусл қилишлари ҳақида сўради. У бир соъ сиғимли идиш олиб келтириб, ғусл қилди. Биз билан унинг ўртасида парда бор эди. У бошидан уч марта сув қуйди».
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари сочларини вафрадек бўлгунча олишарди».
Муслим ривоят қилган.
Изоҳ: Араб тилида соч узунлигига қараб, турлича аталади. Қулоқнинг юмшоғига тушган соч «вафра», елкага тушгани «лимма», иккаласининг ўртасида бўлса, «жумма» дейилади. Баъзилар: «Елкадан пастга тушган сочга ҳам «вафра» сўзи ишлатилади, бу ерда шу маъно назарда тутилган», дейишган.
Қози Иёз айтади: «Маълумки, араб аёллари сочларини ўриб юришган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари у зот вафот этганларидан кейин зийнатланишни тарк қилганлари учун соч тарашни осонлаштириш мақсадида шундай қилишган (яъни сочларини қисқартиришган) бўлса керак».
Баъзи уламолар мана шу ҳадисни аёл кишининг соч кесиши жоизлигига далил қилиб олганлар.
Аммо соч кесишда ўзга диндагилар одатига тақлид қилиш ҳамда эркакларнинг сочига ўхшатиш жоиз эмас. Валлоҳу аълам