Қотилманми?

20:32 / 07.03.2020 | Iroda | 893
Ассалому алайкум! Қўлимдаги болам 7 ойлик. Кўз нурим пастлиги сабаб кесиб олишган. Яқинда кўзимни лазерни операция қилдирдим. Ўша пайтда ҳомиладор эканлигимни тест орқали билдим. Гинеколокка борсам кесерва бўлганинг учун тушириш керак деди. Аввалига унамадим, кейин УЗИ қилсам ҳали маткада эмас дейишди. Гинеколог туширишни маслаҳат берди. Онам, қайинонам ҳам шундай дедилар. Турмуш ўртоғим докторлардан маслаҳат ол дедилар. 3 ҳафталик ҳисоблади ва туширдик. Аммо энди виждон азобида қийналяпман. Ўзимни кечира олмаяпман гуноҳ иш қилдим деб. Чунки кесерва бўлиб, 6-7ойдан кейин яна туққанларни эшитганман. Гуноҳ иш қилдимми? Гуноҳимни қандай ювай? Ёрдамизга муҳтожман. Умуман ўзимни қўярга жой топа олмаяпман? Қотилманми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Айбли ҳомилани тушириб юбориш

Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин!
Ортларидан набий йўқ зотга солавотлар бўлсин!
Ислом Фиқҳи Академияси Маккаи Мукаррамада, Робитанинг биносида, 1410 ҳ.с. 15 - 22 Ражаб

(1990 йил, 10 – 17 феврал) кунлари бўлиб ўтган ўн иккинчи мажлисида айбли ҳолдаги ҳомилани тушириб юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиқди.
Муноқаша ва фикр алмашувлардан кейин Ислом Фиқҳи Академияси бир овоздан қуйидаги қарорларни қабул қилди:
Агар ҳомила бир юз йигирма кунлик бўлган бўлса, уни тушириб юбориш жоиз эмас. Тиббий ташхийс унинг айбли яралганини қайд этган бўлса ҳам.
Фақатгина ишончли мутахассис табиблардан ташкил топган тиббий гуруҳ ҳомилани қолишида онанинг ҳаётига муқаррар хатар борлигига қарор қилсагина, уни тушириб юбориш жоиз. Бунда икки зарардан каттасини даф қилиш бор.
Агар ишончли мутахассис табиблардан ташкил топган тиббий гуруҳ жиҳозлар ва таҳлил йўллари ила ҳомиланинг хатарли айблари борлигини, уни даволаб бўлмаслигини, у ўз вақтида туғилса ҳаёти ёмон бўлиши, ўзига ҳам ота-онасига дарду алам бўлиши аниқласагина, ота-онанинг талаби асосида уни тушириб юбориш жоиз бўлади.
Мажлис бу қарорни қабул қилар экан, табиб ва ота-оналарга бу масалада Аллоҳга тақво қилишни ва бу ишда аниқлик билан ҳаракат қилишни тавсия қилади.
Тавфиқ берувчи Аллоҳнинг Ўзидир.

 Валлоҳу аълам!