– Ва алайкум ассалом! Етим боланинг қалби унга қанчалар меҳр берилмасин барибир ўксик бўлади. Унинг етимлиги билдирилмаган тақдирда ҳам у ич-ичидан бошқалардан фарқи бордек ҳис этади ўзини. Энди шундай қалби ўксик болани қандай қилиб уриш мумкин? Икки ёш бола нимани тушунади? Ахир ҳаётида фақат икки йиллик тажрибаси борку. Бу қиз ота-онангизнинг ёшига етгунича уларга ўхшаган ақллик бўлиб олади. Аммо ҳозир бунинг ҳатто физиологик жиҳатдан бутунлай иложиси йўқку. Бироз тажриба орттиришга имкон бериш керак. Вақт керак. Болани уриш мумкин эмас. Хоҳ ўзининг пуштидан бўлсин, хоҳ у боқиб олинган етим бола бўлсин. Негаки бола аламзада бўлиб қолади. Тасаввур қилайлик бирон ёши каттароқ инсон тенгдошига шапалоқ туширди. Қай аҳволга тушади. Камида жаҳл қилиб шапалоқни қайтаради ва у инсонни узоқ йиллар ёмон кўриб юради. Бола ҳам ҳудди шундай инсон, у шахсдир. Фақат бола бу каби тана ва қалб оғриқларини умрини охиригача эсидан чиқармайди. Энг ачинарлиси шуки калтакларига, қалб оғриқларига яраша тошбағир, адоватли, қайсар, инжиқ, тушкун, жиззаки, бемаслаҳат яширинча ишларни қиладиган бўлиб ўсишининг эҳтимоллиги кўпроқ. Чунки аксарият ҳолатларда калтакланган бола шу феъл-атвори орқали ўзини инсон эканлигига эътибор қаратишни, ўзини ҳимоялашни қурол қилиб олади. Аллоҳ асрасин. Ота-онангизга шуларни тушунтиришга ҳаракат қилинг. Шу маънода интернет тармоқлардан илмий мақолаларни топиб ўқиб бериб, шу орқали таъсир ўтказишингиз мумкин. Валлоҳу аълам!