Сажда

22:25 / 19 март | Muzi | 205
Ассалому алайкум! 1. Қуръонда 14 жойда сажда оятлари бор. Шу оятлар келганда жойнамозда ният қилиб бўлгандан кейин “Аллоҳу акбар”, деб қўллар худди намоздагидек кўтариладими? 2. Сажда оятларини ўқиб бўлишлиги билан ўша заҳоти қилишлиги зарурми ёки сурани тугатиб бўлиб сажда қилса ҳам бўладими?
Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом!

Ўн тўрт оятдан бирини тиловат қилган кишига ёки эшитган кишига намознинг шартлари билан қўл кўтариш, ташаҳҳуд ва саломсиз икки такбир ўртасида бир сажда қилиш вожиб бўлади

Тиловат саждаси бир саждадан иборат бўлиб, унга бош қўйилаётганда бир такбир ва ундан бош кўтарилаётганда яна бир такбир айтилади. Тиловат саждасини қилиш вожибдир. Унинг вожиблиги қуйидаги далиллардан олинган:

Аллоҳ таоло Сажда сурасида: 

«Албатта, оятларимизга уларла эслатилганда, саждага йиқиладиган, Роббларига ҳамд ила тасбеҳ айтадиган ва мутакаббирлик қилмайдиганларгина иймон келтирурлар», деган (15-оят).

Аллоҳ таоло Иншиқоқ сурасида сажда қилмайдиганларни мазаммат қилиб:


«Ва қачон уларга Қуръон ўқилса, сажда қилмаслар», деган (21-оят). 

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَكَانَ النَّبِيُّ r يَقْرَأُ السُّورَةَ الَّتِي فِيهَا السَّجْدَةُ فَيَسْجُدُ وَنَسْجُدُ مَعَهُ، حَتَّى مَا يَجِدُ أَحَدُنَا مَكَانًا لِمَوْضِعِ جَبْهَتِهِرَوَاهُ الثَّلَاثَةُ

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда ояти бор сурани қироат қилиб, сажда қилар эдилар. Биз ҳам у зот билан сажда қилар эдик. Ҳаттоки биримиз пешонасига жой топа олмай қолар эди».

Учовлари ривоят қилишган.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَكَانَ النَّبِيُّ r يَقْرَأُ عَلَيْنَا الْقُرْآنَ، فَإِذَا مَرَّ بِالسَّجْدَةِ كَبَّرَ وَسَجَدَ، وَسَجَدْنَا مَعَهُرَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْحَاكِمُ

 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Қуръон қироат қилиб берар, қачон сажда оятидан ўтсалар, такбир айтиб, сажда қилар эдилар. Биз ҳам у зот билан сажда қилар эдик». 

Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилишган.

Тиловат саждасини қилиш учун шартлар намоз ўқиш учун қўйилган шартларнинг айни ўзидир: мусулмонлик, оқиллик, балоғатга етганлик ва ҳайзу нифосдан пок бўлиш. Тиловат саждаси тўғри бўлиши учун таҳоратли бўлиш, бадан, кийим ва маконнинг поклиги, қиблага юзланиш, сатри аврат ва ният шарт.

Унда қўл кўтарилмайди, ташаҳҳуд ва салом ҳам йўқ, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тиловат саждасини қилганларида бу нарсаларни қилмаганлар.

Унда саждада айтиладиган тасбеҳ бор.

Яъни тиловат саждасида турганда намоз саждасида айтиладиган тасбеҳ айтилади.

 Валлоҳу аълам!