Уйқу

10:10 / 05.04.2020 | صالحة | 833
Ассалому алайкум! Талабаман, баҳор фасли бўлганигами, доим уйқум келади, қанча ухласам ҳам уйқуга тўймайман. Дарсларимни қилишга ҳам, ибодатларга ҳам баъзан кучим етмай қоляпти. Ҳам тиббий, ҳам психологик маслаҳатингизни аямасангиз. Раҳмат!
Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Халқимизда “баҳорда инсоннинг илиги қурийди” деган гап бор. Баҳорда витаминларга бой таомларни еб туриш керак. Минераллар етишмовчилигидан инсоннинг қуввати камайиб кетади. Гемоглобин ҳам тушиб кетиши мумкин. Шунинг учун гемоглобинингизни текшириб юришингиз керак. Баҳорда оқсилга бой озиқ-овқатларни, мева ва сабзавотларни, кўкатларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Аммо доим уйқу келишининг, қувватсизликнинг яна бир қанча сабаблари бўлиши мумкин. Яъни эндокрин тизимида муаммолар, депрессия ҳолатлари, баъзи дори-дармонларнинг таъсири, ортиқча вазн, ОРВИ ҳамда ошқозон ва ичак касалликлари, қон босимининг пастлиги, витамин Д нинг етишмовчилиги, уйқуда Апноэ бўлиши (қисқа вақтга нафасни тўхтаб қолиши ва бу ўз навбатида мияга қон айланишини сусайтириб, кун давомида чарчоқ ва уйқу келиши ҳолатини келтириши) сабаблари. Шифокор кўригидан ўтиб олишингиз, талаб қилинса даволаниб олишингиз келгусида хотиржам бўлиб ўз устингизда ишлашингизга ва кунлик режаларни тузиб қўйишингизга зарур асосдир. Демак инсон ўзини қўлга олиши, ибодатларига кучи етиши учун аввал соғлом бўлиши керак. Юқоридаги тавсияларга амал қилиб туринг. Албатта кечки уйқу вақтида бўлишини таъминлашингиз керак.  Валлоҳу аълам!