Салом бериш

09:52 / 25.03.2020 | Sarvinoz To'raqulova | 517
Ассалому алайкум! Акамга уйга келганларида салом берсам ҳеч алик олмайдилар. Уларга салом бермаганим маъқулми? Умуман қайси ҳолларда биз салом бермаганимиз маъқул? Жавоб учун катта раҳмат!
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! 

Сиз салом беришда давом этаверинг. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига саломни ёйишимизни амр қилганлар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Исломнинг нимаси яхши?» деб сўради.

«Таом бермоғинг ҳамда таниган ва танимаганга салом бермоғинг», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф ҳам Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Бир киши Пайғамбаримиздан Исломнинг энг яхши фазилатлари ҳақида сўради. Ислом ўзи яхши нарса, лекин сўровчи ўша яхши нарсанинг ҳам энг афзали ҳақида сўраган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Исломнинг энг яхши фазилатларидан иккитасини айтиб берганлар. Нима учун айнан шу икки нарсани зикр қилганлари ҳақида гапирадиган бўлсак, уламоларимизнинг айтишларича, бировга яхшилик қилиш асосан икки хил бўлади:

Биринчиси моддий яхшилик бўлиб, унинг энг боши бошқаларни таомлантиришдир.

Иккинчиси баданий яхшилик бўлиб, унинг боши салом беришдир.

Ислом динининг ушбу икки фазилати ҳақида қанча кўп гапирилса, шунча оз. Чунки бу икки нарса инсониятга кўплаб хайр-барака келтиради.

Салом бериш ва ундан кўзланган мақсадлар ҳам бугунги кунимизнинг жуда муҳим масаласидир. Кишилар бир-бирлари билан яхши муносабатда бўлишлари зарур. Бир-бирлари билан ҳар кўрганда саломлашиб, бир-бирларига тинчлик-омонлик, саломатлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракасини сўраб турмоқлари, тинч-тотув, дўст-биродар бўлиб яшамоқлари лозим.

 Салом ҳақидаги ҳукмни имкон бўлса, акангизга билдириб қўйинг. Валлоҳу аълам.