Қуръон

02:26 / 29.03.2020 | Zulhumor | 697
Ассалому алайкум! Қуръон ўқиётганимда хато камчиликлар бўлса ўқиганим қабул бўлмайдими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Лаҳн

«Лаҳн» сўзи луғатда «мойил бўлиш», «четланиш» деган маъноларни англатади.

Истилоҳда эса Қуръони Карим тиловатида хато қилиш лаҳн дейилади.

Лаҳн икки хил бўлади: жалий ва хафий.

Лаҳни жалий

«Жалий» сўзи луғатда «зоҳир», «очиқ» деган маънони англатиб, биз «лаҳни жалий» деганда очиқ-ойдин хатони тушунамиз. Бу турдаги хатони тажвид илмига моҳир киши ҳам, моҳир бўлмаган киши ҳам пайқаб олиши мумкин бўлгани учун у шундай аталган.

Мисоллар:

– Ҳарф ёки ҳаракатларни алмаштириб ўқиш:

«عَسَى» ни «عَصَى» деб, «أَنْعَمْتَ» ни «أَنْعَمْتُ» деб ўқиш.

– Ташдидли ҳарфни ташдидсиз ёки ташдидсиз ҳарфни ташдидли қилиб ўқиш:

«كَفَرَ» ни «كَفَّرَ» деб ўқиш ёки акси.

– Сукунли ҳарфни сукунсиз ёки сукунсиз ҳарфни сукунли қилиб ўқиш:

«أَفْتَرَى»ни «أَفَتَرَى» деб, «كُفُوًا»ни «كُفْوًا» деб ўқиш.

– Қисқа ҳаракатни мад ҳарфига қўшиб ёки мад ҳарфини тушириб, қисқа ҳаракатнинг ўзини ўқиш:

«نُذُرٍ» сўзини чўзиб, «نُذُورٍ» деб, «أَعُوذُ»ни «أَعُذُ» деб ўқиш.

Бундай хатолар кўпинча гапнинг маъноси бузилишига олиб келади. Шунинг учун уламолар: «Бундай хатога йўл қўйиш ҳаромдир», деганлар. Агар қасддан шундай хатоларга йўл қўйса, оғир гуноҳ қилган бўлади.

Лаҳни хафий

 

«Хафий» сўзи луғатда «махфий», «яширин» деган маъноларни англатади.

«Лаҳни хафий» деганда тажвид илмига моҳир бўлган кишиларгина илғай оладиган хатолар тушунилади.

Мисоллар:

– Мад ёки ғунналарнинг миқдорини меъёридан ортиқ чўзиш ёки қисқа қилиш:

«جَآءَ» сўзидаги мад муттасилни тўрт ҳаракат ёки беш ҳаракат миқдорида чўзиш ўрнига икки, уч ёки етти ҳаракат миқдорида чўзиш. «Тўрт, беш, уч ёки етти ҳаракат миқдорича» деганда шунча ададдаги ҳаракатли ҳарфни талаффуз қилиш муддати тушунилади.

 – Йўғон товушни ингичка, ингичкани йўғон қилиб ўқиш:

«الرَّحْمَنُ» да «ро» ҳарфини ингичка, яъни «ра» дея талаффуз қилиш.

Одатда бундай хатолар калиманинг маъносини бузмайди. Шунинг учун баъзи уламолар бу каби хатоларни макруҳ деганлар. Лекин ҳаром деганлар ҳам бор.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мусулмон киши Қуръонни ўзича мустақил ўқиб-ўрганиши тўғри эмас. Балки аввал устоздан ўрганиб, унга ўқиб бериб, барча қоидаларни яхши ўзлаштириб олганидан кейин устози «Энди ўзинг ўқийвер», деб ижозат берсагина, мустақил ўқишга киришиши лозим бўлади.

(Муфассал тажвид)

 Валлоҳу аълам!