– Ва алайкум ассалом! Сизнинг ичингизда қандай инжиқликлар бор, нималар сизни қониқтирмаяпти, кимларга бақиргингиз келади, кимларга нисбатан жаҳлингиз чиқади? Ана шу саволларга жавоб топа олсангиз, ўзингизни хотиржам қилсангиз фарзандингиз ҳам хотиржам бўлади. Боланинг эркаликларига эътибор бермаслик учун ўз устингизда кўпроқ ишланг. Китоб ўқинг, ибодатлар, дуоларда бардавом бўлинг. Ҳар куни ўзингизга ярим соат вақт ажратиб севимли машғулотингиз билан шуғулланинг. Бу вақтда сизга ҳеч ким халақит қилмасин. Ҳамма ухлагандан кейин ёки ҳамма ҳали ухлаётган вақтда. Бола яна бир-икки йил шундай эркаликлар қилиши керак. Аммо уни тарбияламанг дегани эмас бу. Ўз хулқингиз орқали тарбияланг. Бола зерикиб қолмаслиги керак. Уни доим бирон машғулот билан банд қилиш зарур. Шунда у инжиқлик қилмайди. Негаки инжиқликлар, тартибсизликлар, қайсарликлар орқали у ўзига эътибор қаратади. У ҳам сиз ҳам банд бўлишингиз керак, аммо бола ёнингизда кўз олдингизда сизнинг гапларингизни эшитиб туриши керак. У билан мулоқотни тўхтатмаслик керак. Болани ишга солиш жуда осон. Уни ўзингиз иш қилаётганингизда юмшоқ овозда илтимос қилаётгандек ёнингизга чақириб ишларингизга қизиқтиринг. Унга “мана буни фалон жойга обориб қўй болажоним, кейин биргаликда копток ўйнаймиз” ёки “ўйинчоқларингни жой-жойига қўйиб чиқсанг сайрга чиқиб келамиз” каби мурожаатлар қилиб туринг. Валлоҳу аълам!