Маний ва мазий

06:38 / 29.03.2020 | Mushtariybonu | 9036
Ассалому алайкум! Аёлларда ва умуман маний ва мазий қандай бўлади? “Излаш хизмати”дан кўп саволларни ўқидим, аммо тушунмадим. Шу ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Ҳамда уйқу вақтида эҳтилом бўлиш фақат яқинликни кўришни билдирадими ёки бошқа ҳолларда ҳам бўлиши мумкинми?
Мутахассис:

– Ва алайкум ассалом!

«Маний» – шаҳват шиддатлашган пайтда отилиб чиқадиган суюқликдир.

Эркак кишининг манийси қуюқ ва оқ, аёл кишининг манийси суюқ ва сарғиш бўлади.

«Мазий» – эркак кишининг жинсий аъзосидан жинсий алоқани ўйлаган ёки хотинини қучоқлаган пайтда чиқадиган оқ суюқлик.

«Вадий» – бавл қилгандан кейин баъзида ажраладиган қуюқ оқ суюқлик.

Мазий ёки вадий чиққанидан ғусл қилиш йўқ.

Маний шаҳват билан отилиб чиқса, ғусл вожиб бўлади.

Бунда бошқа жинсдаги шахсга назар солиш, жинсий яқинликни тафаккур қилиш, бевосита қучоқлашиш ва шунга ўхшаш барча омиллар туфайли манийнинг шаҳват билан отилиб чиқиши назарда тутилади.

Аммо маний шахснинг оғир нарса кўтариши, баланд жойдан йиқилиб тушиши каби омиллар туфайли шаҳватсиз равишда чиқса, ғусл вожиб бўлмайди.

Ҳанафий мазҳаби ижтиҳодига биноан, эр ва аёл кишидан, хоҳ уйқуда бўлсин, хоҳ уйғоқликда бўлсин, маний шаҳват билан отилиб чиққандагина, ғусл вожиб бўлади.

Биров мастлик ёки ҳушидан кетишдан сўнг ўзига келганида ҳўлликни кўриб, маний деб гумон қилса, ғусл вожиб бўлади.

Уламоларимиз манийдан ғусл қилиш вожиб бўлишига қуйидаги ривоятни далил қиладилар:

عَنْ عَلِيٍّ t قَالَ: كُنْتُ رَجُلًا مَذَّاءً، فَسَأَلْتُ النَّبِيَّ r، فَقَالَ: «فِي الْمَذْيِ الْوُضُوءُ، وَفِي الْمَنِيِّ الْغُسْلُ». رَوَاهُ أَحْمَدُ.

 

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Кўп мазийлик киши эдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган эдим, ул зот:

«Мазийда таҳорат, манийда ғусл», дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.

«Эҳтилом» дегани «уйқуда жинсий яқинликни кўриш», «уйқуда булғаниш» демакдир.

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: جَاءَتْ أُمُّ سُلَيْمٍ إِلَى النَّبِيِّ r فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ اللهَ لَا يَسْتَحْيِي مِنَ الْحَقِّ، فَهَلْ عَلَى الْمَرْأَةِ مِنْ غُسْلٍ إِذَا احْتَلَمَتْ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ r: «نَعَمْ، إِذَا رَأَتِ الْمَاءَ». فَقَالَتْ أُمُّ سَلَمَةَ: يَا رَسُولَ اللهِ، وَتَحْتَلِمُ الْمَرْأَةُ؟ فَقَالَ: «تَرِبَتْ يَدَاكِ فَبِمَ يُشْبِهُهَا وَلَدُهَا». رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Умму Сулайм Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди, агар аёл киши эҳтилом бўлса, ғусл лозимми?» деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа, агар сувни кўрса», дедилар.

Умму Салама:

«Эй Аллоҳнинг Расули, аёл киши ҳам эҳтилом бўладими?» деди.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шўринг қургур, бўлмаса боласи нимадан унга ўхшар эди?» дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سُئِلَ النَّبِيُّ r عَنِ الرُّجُلِ يَجِدُ الْبَلَلَ وَلَا يَذْكُرُ احْتِلَامًا، قَالَ: «يَغْتَسِلُ»، وَعَنِ الرَّجُلِ يَرَى أَنْ قَدْ احْتَلَمَ وَلَا يَجِدُ الْبَلَلَ، قَالَ: «لَا غُسْلَ عَلَيْهِ». فَقَالَتْ أُمُّ سُلَيْمٍ: الْمَرْأَةُ تَرَى ذَلِكَ أَعَلَيْهَا غُسْلٌ؟ قَالَ: «نَعَمْ، إنَّمَا النِّسَاءُ شَقَائِقُ الرِّجَالِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан намни кўрган, лекин эҳтиломни эслай олмаган одам ҳақида сўралди. Ул зот:

«Fусл қилади», дедилар. Эҳтиломни кўрган, лекин ҳўлни кўрмаган одам ҳақида (ҳам сўралдилар). Ул зот:

«Унга ғусл вожиб эмас», дедилар.

Бас, Умму Сулайм:

«Аёл киши ҳам ўшани кўради. Унга ҳам ғусл вожиб бўладими?» деди. Ул зот:

«Ҳа, албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисда баён қилинаётган масала ҳам кўп учраб турадиган, айниқса ёшларда тез-тез такрорланиб турадиган масаладир.

Биров тушида ғусл вожиб бўладиган бирор нарсани кўрганини эслай олмайди. Лекин баданида, кийимида ёки ётган жойида манийнинг ҳўлини кўради. Нима қилиш керак? Албатта, ғусл қилиш вожиб, акс ҳолда гуноҳкори азим бўлади.

Бошқа биров тушида жинсий алоқани кўрган, аммо уйғонса, ҳеч қаерда манийнинг ҳўли йўқ. Ундай одамга ғусл вожиб бўлмайди, чунки ундан воқеъликда ғусл вожиб бўладиган нарса чиққан эмас.

Мана шу масалалар ҳақида савол-жавоб бўлиб турган жойда Умму Сулайм розияллоҳу анҳо ҳам бор эканлар. У киши фурсатдан фойдаланиб:

«Аёл киши ҳам ўшани кўради. Унга ҳам ғусл вожиб бўладими?» деди.

Яъни «Аёл кишида ҳам ушбу ҳолат юз берса, унга ҳам ғусл қилиш вожиб бўладими?» дедилар.

Бу саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб:

«Ҳа, албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир», дедилар.

Яъни «Ҳа, аёл кишига ҳам ғусл вожиб бўлади. Аёл киши ҳам худди эркак кишига ўхшаш», деганларидир.

 Валлоҳу аълам!