Асабийлашмаслик ҳақида

03:14 / 06.04.2020 | SHOHIDA | 863
Ассалому алайкум! Мен турмушга чиққанимга 3 йил бўлди, ҳозирда 2 ёшли қизим бор. Оилада 3 та қайнисигилларим бор, вояга етган, ҳали турмуш қуришмаган. Мен келин бўлиб тушганимдан бери рухсатимсиз пардоз анжомларимга тегишади, киймимга тегишади. Ҳатто иш қилиб юрган пайтим ётоқхонамга кириб ухлашади. Субҳаноллоҳ, турмуш ўртогимга айтсам мени қизғанчиликда айблайди. Ваҳоланки шу пайтгача нарсаларимга тегманглар, деб айтмаганман, характерим босиқ бўлгани учун бировни хафа қилишни хоҳламайман, лекин ичимда «сабрни ҳам чегараси бор», деган фикр мени еб битирмоқда. Ёшлигимда ойим: «Келиннинг хонасига кирмагин, одобдан эмас», деб айтардилар. Мен нима қилай? Уларни уришиб бундай қилмасликларини айтайми ёки бунга кўз юмушда давом этайми?
Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Бироз сабр қилганингиз яхшироқ. Албатта қайнсингилларингизнинг ишлари жуда нотўғри. Аммо уларга тарбияни онаси бериши керак эди. Кўп ўтмай қайнсингилларингиз ҳам турмуш қурадилар. Қайнонангиз олиб берган нарсаларини авайлаб ишлатишни бошлайдилар. Шунда секин-аста сизни ҳам тушуна бошлайдилар. Албатта тўйлари  ўтиб эртасигаёқ шундай бўлмайди. Ҳаётида баланд-пастликлардан ўтиб, қийинчиликларни бошидан кечириб сўнг мулоҳазалар қилишни ўрганадилар. Ҳозир сизнинг улар билан ўрнатган яхши муносабатларингиз йиллар ўтиб сизга улар томонидан ҳурматга, муҳаббатга сазовор, сирдош, маслаҳатгўй энг яқин инсон деб тан олинишингиз орқали қайтади ин шаа Аллоҳ. Агар “келинойи” сўзига эътибор қилсак онадан кейинги ўринда турадиган келинойи, яъни келин лекин шу вақтнинг ўзида ойи ҳамдир. Ҳақиқатда ҳам шундай. Келинларга қитмирликлар қилган, чақмачақарликлар ва ҳурматсизликлар қилган қайнсингиллар йиллар ўтиб ўзи ҳам келин бўлиб онасига айтолмаган гапларни келинойисига айтадиган, у билан маслаҳатлашадиган дўстона муносабатлар қиладиган инсонларга айланадилар. Қайнсингилларингизни тарбиялашингиз учун эса қизингизга тарбия бераётганингизнинг ўзи етарли бўлади. Яъни шариатга биноан бировнинг нарсасига тегмаслик, ўзининг шахсий нарсаларидан фойдаланиш, бировнинг дилини оғритишнинг гуноҳ иш деб саналиши каби одоб-ахлоқ қоидаларини ўргатишингиз вақтида қайнсингилларингизнинг ҳам қулоғига чалиниб қолади. Бу каби гаплар қайта-қайта эшитилса онгга қонун бўлиб ёзилиб қолади. Ана шундай натижаларга эришишингиз учун эса ўзингиз илмли бўлишингиз, ҳадислардан, ривоятлардан кўп ўқиб ўрганиб олишингиз керак. Валлоҳу аълам!