Психолог қабулидаги машғулотлар

19:02 / 05.04.2020 | Yodgorova Dilnoza | 734

Ассалому алайкум. Саволим психология ҳақида эди. Психологияда медитатсиялар, онг остига кириш, энергетик блокларни очиш, чакралар билан шуғулланиш амалиётлари динимизда мумкинми? Буни яхши томонга ўзгаришимиз учун бажарсак бўладими? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Ҳозирда психологияда кенг қўлланиладиган медитация, гипноз, диагностика, энергетик блокларни очиш, чакралар каби амалларнинг ҳаммаси ҳам айнан психология илмига тегишли деб айтиб бўлмайди. Негаки эзотерика ва илмий психология бутунлай бошқа бошқа нарсалардир. Психология илми устозларининг таъкидлаши бўйича психологиянинг беш юздан ортиқ турлари мавжуд. Буларнинг ҳаммасини шариатимизга мувофиқлигини текшириб чиқиш жуда мураккаб иш. Сизга психолог, Халқаро ислом психологияси асосчиси ва президенти Малик Бадрининг “Теория и практика исламской психологии” китобини ўқиб чиқишни тавсия этган бўлардим. Бу китобни ўқисангиз психологияга “шўнғишдан” аввал ислом динимизни, Қуръони Карим оятлари тафсири ва ҳадиси шариф шарҳларини ўқиб чиқиш зарур эканини тушуниб оласиз. Негаки ҳозирги психология илми ғарб психологиясидан олинган бўлиб ислом дини билан параллел ўтқазилмаган ҳолда ўргатилади. Биз мусулмон инсонлар иймонимизни муҳофазасини биринчи ўринга қўйишимиз керак. Мисол учун инсоннинг медитация қилишидан мақсади бу дунё ташвишларидан узилиш, стресслардан қутулиш, қалбан енгиллашиш, ҳис-ҳаяжонларини қўлга олиш ва ҳаказолардир. Аммо мусулмон одам ҳудди шу ва бундан неччи ҳисса ортиқ хотиржамликларига, қалб таскинларига, етукликка, зиёликка, тозаланишларига ва бошқа руҳий роҳатларига ўз ибодатлари, зикрлари орқали эришади. Бу мақомларга эришиш учун ибодатларида зикрларида бардавом бўлиши, тинмай илм орттириши керак холос. Айтингчи бундан ортиқ яхши томонга ўзгариш учун амаллар бормикин?  Валлоҳу аълам!