– Ва алайкум ассалом! Бомдоддан то қуёш чиққунига қадар бўлган вақт жуда фазилатли. Уни ғанимат билиш керак. Бу пайтда Қуръон тиловати ва зикрларнинг савоби ниҳоятда улуғ бўлади. Шунингдек, кунингизга барака беради. Агар ўқиш ва шу каби юмишларингиз бўлса, қуёш чиқиб бўлганидан кейин ухлаб олишингиз мумкин. Валлоҳу аълам.
كَانَ النَّبِيُّ إِذَا صَلَّى الْفَجْرَ قَعَدَ فِي مُصَلَّاهُ حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Бомдодни ўқисалар, то қуёш чиққунча намозгоҳларида ўлтирар эдилар».
Термизий ривоят қилган.
Бомдод намозидан кейин қуёш чиққунча бўлган вақт қанчалар фазилатли вақт эканини билиб олдик.
Бу вақт ер юзида фаришталар алмашиш учун жам бўладиган пайтдир. Нима амал қилинса, ўша жам бўлган фаришталар гувоҳ бўладилар.
Бу пайтда ризқ улашилади. Ана шундай пайтни зикр қилиб ўтказиш катта аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу вақтни зикрда ўтказганлар. Биз ҳам шунга одатланмоғимиз лозим.
عَنْ مُعَاذِ بْنِ أَنَسٍ الْجُهَنِيِّ ، عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: «مَنْ قَعَدَ فِي مُصَلَّاهُ حِينَ يَنْصَرِفُ مِنْ صَلَاةِ الصُّبْحِ حَتَّى يُسَبِّحَ رَكْعَتَيِ الضُّحَى لَا يَقُولُ إِلَّا خَيْرًا غُفِرَ لَهُ خَطَايَاهُ وَإِنْ كَانَتْ أَكْثَرَ مِنْ زَبَدِ الْبَحْرِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ. وَلَفْظُهُ: «مَنْ صَلَّى الْغَدَاةَ فِي جَمَاعَةٍ ثُمَّ قَعَدَ يَذْكُرُ اللهَ حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ ثُمَّ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ كَانَتْ لَهُ كَأَجْرِ حَجَّةٍ وَعُمْرَةٍ تَامَّةٍ تَامَّةٍ تَامَّةٍ».
Муъоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то чошгоҳ намозини ўқигунича ўтирса, яхшиликдан бошқа(нарса)ни гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам, мағфират қилинур», – дедилар.
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Имом Нававийнинг айтишларича, зикр учун энг афзал вақт Бомдод намозидан кейинги вақтдир. Ўша вақтда фаришталар ҳозир бўладилар.
Шунинг учун ҳам Имом Молик «Бомдод намозидан то қуёш чиққунча гапириш ва ухлаш макруҳдир», деганлар.