Мерос тақсимоти

09:37 / 11.04.2020 | Malika | 907
Ассалому алайкум! Ҳозир жудаям бир мушкул аҳволдамиз отам утган йил қазо қилдилар онам ёшлигимизда автоҳалокат сабаб қазо қилганлар мен аммамни уйларида ўсдим акам дадам билан ўгай она билан ўсдилар шунча йил зулм қилгани етмагандай акамни отам вафотларидан сўнг амаким аммам ва ўгай она ҳайдаwди кучага оиласи билан ижарада туришибди ҳозир ҳайдашларига сабаб акам уй ишларидан сал четланиб қазо намозларини ўқиганлари ва отамни тазияларини утказиш учун пул бермаганлари саволим шуки акам мерос масаласида ҳақдорми уй отамни номларида булмаган экан машиналари ҳам номларида булмаганлиги учун уни сотиб ўзларига олишган илтимос уларга ҳадис ва оятлардан келтирсангиз меросга ҳақ ларинг юқ уйни сенлар қурмадинг машина ни сенлар сотиб олмагандан дейишяпти яна қариндошлик ришталарини узишган улар узган алоқалар учун биз гуноҳкор булмаймизми
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!  Меросда сизларнинг ҳақингиз борми-йўқми, буни билишдан аввал отангиз вафотидан кейин молу мулк қолдириб кетдими-йўқми, шуни билиш керак. Маййитнинг қолдирган меросида аввало фарзандларининг ҳаққи бўлади.

 «Нисо» 10. Албатта, етимларнинг молларини зулм ила ейдиганлар қоринларига ўт-оловни ейдилар, холос. Ва шубҳасиз, ловуллаган дўзахга кириб, куюрлар.

Ояти кариманинг услуби ғоятда таъсирчан эканлиги кўриниб турибди. Аввало, ким етимларнинг молларини зулм ила еса, қоринларидаги у нарса қиёматда оловга айланади.

«Албатта, етимларнинг молларини зулм ила ейдиганлар қоринларига ўт-оловни ейдилар, холос».

Сўнгра шу ҳолда – қоринларидаги олов алангаланган ҳолда дўзахга кирадилар.

«Ва шубҳасиз, ловуллаган дўзахга кириб, куюрлар».

Дўзах алангаси ҳам авж олиб туради. Демак, етимнинг молини ноҳақ еган одам ичию ташидан олов азобига гирифтор қилинади. Нақадар даҳшатли ҳол! Нақадар аламли!

Бу ояти каримада келган маънони таъкидловчи, шарҳловчи кўпгина ҳадиси шарифлар бор.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот:

– Ҳалок этувчи етти нарсадан четда бўлинглар, – дедилар.

– Улар нималар, эй Аллоҳнинг Расули? – деб сўралди. У зот:

– Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, Аллоҳ ман қилган жонни ўлдириш, рибохўрлик, етимнинг молини ейиш, уруш куни қочиш, мўмина, покиза аёлларни зинода туҳмат қилиш, – деб жавоб бердилар.

Машҳур тафсирчилардан Суддий:

«Етимнинг молини еган одам қиёмат куни оғзидан, қулоқларидан, бурнидан ва кўзларидан олов чиқиб турган ҳолда тирилтирилади. Ҳар бир кўрган одам унинг етимнинг молини еганлигини билиб олади», – деганлар.

Ибн Мурдавайҳи Абу Барзодан ривоят қилган ҳадисда у зот:

– Қиёмат куни бир қавмлар оғизларидан олов пуркалиб турган ҳолда тирилтириладилар, – дедилар. Одамлар:

– Эй Аллоҳнинг Расули, улар кимлар? – деб сўрашди. У зот:

– Аллоҳ таолонинг «Албатта, етимларнинг молларини зулм ила ейдиганлар қоринларига оловни ейдилар, холос», деганини билмайсанми? – дедилар.

Имом ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки заифнинг – аёлнинг ва етимнинг молидан узоқ бўлишингизни васият қиламан», – деганлар.

Албатта, бу таълимотлар мусулмонларга ўз таъсирини ўтказган. Уларни қаттиқ ларзага солган. Улар етимларнинг молига яқин келишдан ҳам қўрқиб қолганлар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу ҳақда қуйидагиларни айтган:

«Албатта, етимларнинг молларини зулм ила ейдиганлар...» ояти нозил бўлганида, етимларни ўз оталиғига олганлар бориб, ўз таомини уларнинг таомидан, ичимлигини ичимлигидан ажратиб қўйди. Ортиб қолган таомлар ҳам то етим ўзи егунча ёки айниб қолгунча турадиган бўлди. Етимларни оталиққа олганларга машаққат туғилди. Бу ҳол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилган эди, Аллоҳ таоло «Сендан етимлар ҳақида сўрайдилар...» оятини нозил қилди».

Келаси оятларда эса мерос ҳақидаги масалалар давом этади:

«Нисо» 11. Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида тавсия қиладир: бир ўғилга икки қиз улушичадир. Агар аёллар иккитадан кўп бўлсалар, уларга у (марҳум) қолдирган нарсанинг учдан иккиси. Агар битта аёл бўлса, унга ярми. Агар фарзанди бўлса, у қолдирган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар фарзанди бўлмай, унга ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир. Агар ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир. У қилган васият ёки қарз(адо этилгани)дан сўнг. Ота-оналарингиз ва фарзандларингиздан қайси бирлари сизга манфаатлироқ эканини билмайсизлар. (Бу) Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир.

Авфий Ибн Аббосдан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Аллоҳ таоло ўғил-қизларга ва ота-оналарга мерос бобида фарз қилган ҳукмлар ҳақида оятлар нозил қилганда, баъзи одамларга ёқмади. Улар «Хотинга тўртдан бир ёки саккиздан бир, қизга ярим... кичкина болага ҳам бериладими? Ахир улардан бирортаси ҳам урушда қатнашмайдилар-ку! Ўлжа ҳам олмайдилар-ку! Бу гап тўғрисида индамай туринглар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёдларидан чиқиб қолса, ажаб эмас ёки у кишига айтамиз, буни ўзгартирадилар», – дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Қиз болага отасининг меросидан ярми бериладими? Ахир у от миниб, душманга қарши урушмайди-ку! Қўлидан ҳеч нарса келмайдиган гўдакка ҳам мерос бериладими?» – дейишди. Улар жоҳилият вақтида душманга қарши уруш қилганларгагина мерос беришар, катта ёшлардан бошлаб беришар эди. Уларнинг бу одатларига жавобан Аллоҳ таоло «Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида тавсия қиладир: бир ўғилга икки қиз улушичадир» деб бошланувчи ояти каримани нозил қилди.

Ушбу ривоятдан кўриниб турибдики, молу мулк борасида ўрганиб қолинган одатни тарк этиш қийин. Мерос ҳақидаги аввал тушган ҳукмлар нафақат Исломга кирмаган шахсларга, балки баъзи мусулмонларга ҳам унчалик ёқмаган. Хатто буни ўзгартиришни талаб қилмоқчи ҳам бўлишган. Уларнинг фикрича, бунақада баъзилар тайёрига айёр бўлиб, мўмайгина мол эгаси бўлиб қолишади. Шуниси уларга маъқул келмаган.

Минг афсуслар бўлсинки, йигирма биринчи аср жоҳилиятида мусулмонликни даъво қилиб юрганларнинг ичида ҳам худди шу фикрдагилар кўп. Уларга айтиладиган гап шуки, аввало, меросхўр мерос қолдирувчининг узвий давомчисидир. Қолаверса, фаразан, мерос қолдирувчи ҳаёт пайтида муҳтож ҳолга тушиб қолса, айнан шу меросхўрлар унга кафил бўлар эдилар. Яна қолаверса, мерос қолдирувчилар меросхўрларга фақат молу дунёнигина мерос қолдирмайдилар, балки табиатларини, истеъдодларини, биологик хусусиятларини ва ҳаттоки гўзаллик ва хунукликларини ҳам мерос қолдирадилар. Шубҳасиз, бу мерослар меросхўрнинг ҳаётига катта таъсир ўтказади. Шундай бўлгач, ундан қолаётган меросга ана шу фарзандлар ва яқин қариндошлар ҳақли бўлмай, бошқа ким ҳақли бўлсин?! Бу ишда Аллоҳ таолонинг айтгани қилингандагина адолат бўлади. Бошқача йўл ҳалокатга элтади. Бунга кечаги ва бугунги кунимиздан истаганча мисол топиш мумкин. Бошқа масалалар каби, меросда ҳам исломий ҳукм юритилмаётгани учун қанчадан-қанча оилалар мерос талашиб, барбод бўляпти, қариндошлар юзкўрмас бўлиб кетишяпти. Бу жуда катта ижтимоий масаладир. Токи бу масала адолатли ҳал этилмас экан, жамиятда хотиржамлик бўлмайди. Шу боисдан ҳам Ислом шариати меросни тўғри тақсим қилишга катта аҳамият беради. Бунга боғлиқ ишлар ва илм «фароиз» деб аталади. Ушбу ояти карима ва кейинги оят ҳамда ушбу суранинг охирида келадиган оятлар бу мавзудаги ҳадислар билан бирга фароиз илмининг асосини ташкил этади.

Мусулмончиликда фароиз илмининг аҳамияти катта. Имом Абу Довуд ва Ибн Можалар Абдуллоҳ ибн Амрдан қилган ривоятда айтилади:

«Илм учтадир. Улардан бошқаси фазлдир. Муҳкам оят, қоим суннат ва адолатли фароиз».

Имом Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. У илмнинг ярмидир. У унутилади. У менинг умматимдан биринчи суғуриб олинадиган нарсадир», – деганлар.

Қуръон илмлари бўйича мутахассис олимлар оятларнинг нозил бўлиш сабаблари ҳақидаги баҳсларида «Бир оятнинг нозил бўлишига бир неча сабаб бўлиши мумкин», – дейдилар. Бир неча сабаб билан нозил бўлган ўшандай оятлардан бири биз ўрганаётган ушбу ояти каримадир. Унинг нозил бўлиш сабабларидан бирини юқорида зикр этдик. Яна иккита сабаби бор бўлиб, улар билан қуйида танишамиз:

Имом Бухорий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у киши:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр розияллоҳу анҳу икковлари мени кўргани Бану Салама қабиласига пиёда келдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзимни билмай ётганимни кўриб, сув сўраб, таҳорат қилибдилар, ўша сувдан менга сочганларида ўзимга келдим ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, молимни нима қилишимни амр қиласиз?» – дедим. Шунда «Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида тавсия қиладир: бир ўғилга икки қиз улушичадир…» оятини нозил қилди», – дейдилар.

Имом Термизий Жобир розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Саъд ибн Робеънинг хотини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

– Эй Аллоҳнинг Расули, анави иккови Саъд ибн Робеънинг қизлари. Оталари сиз билан Уҳуд жангида қатнашиб, шаҳид бўлди. Уларнинг амакиси эримдан қолган молларни олволиб, қизларимга ҳеч нарса бермаяпти. Агар моли бўлмаса, буларга ҳеч ким уйланмайди, – деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Бу ҳақда Аллоҳ Ўзи ҳукм чиқаради, – дедилар. Бир оздан сўнг мерос ояти нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг амакисига одам юбордилар ва: – Саъднинг икки қизига учдан иккисини бер, оналарига саккиздан бирини бер, қолгани сенга, – дедилар».

Келтирилган ривоятлардан кўриниб турибдики, вазият ноқулай бўлиб, Аллоҳ таолонинг Ўзи очиқ-ойдин баёнот билан аралашишини тақозо қилиб қолган эди. Шунинг учун ҳам У Зот ҳар бир меросхўрнинг ҳаққини аниқ кўрсатиб, оят нозил қилди.

«Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида тавсия қиладир: бир ўғилга икки қиз улушичадир».

Бизда «васият» деганда ўлаётган одам тилидан айтилган гаплар тушуниладиган бўлиб қолган. Аслида эса бу сўз кенг маъноли бўлиб, «насиҳат», «қарор» ва «таъкидланган тавсия» каби маъноларни ҳам англатади. Ушбу оятда ҳам араб тилида «Аллоҳ... Тавсия қиладир», деб келмоқда.

Бу оятда жоҳилиятнинг ҳукми ботил қилиниб, қизларга мерос бермаслик одати бекор этилиб, адолат қарор топтирилмоқда, қизларга ҳам меросдан ҳақлари кўрсатилмоқда. Бу ҳукмга ўша пайтда Ислом душманлари тугул, ҳатто баъзи мусулмонлар ҳам қарши чиқишганини ва уларга бериладиган жавобни сал олдин зикр қилиб ўтдик.

Душманлик, мутаассиблик ёмон нарса экан. Таажжубланарли ҳолга қарангки, аввалига «Нега қўлидан от миниш, уруш қилиш келмайдиган қиз болаларга ҳам мерос берилади? Бу адолатсиз ҳукм!» – деб дод-вой солган Ислом душманлари (ҳатто баъзи ўзини мусулмон деб юрганлар ҳам) ҳозирга келиб, «Бу қандай адолатсизлик?! Қиз бола одам эмасми?! Нима учун унга ўғил болага бериладиган миқдорнинг ярми берилади?!» – дейишмоқда. Уларнинг бу ноҳақ эътирозлари Исломга душман бўлганлари учун ва ўзларининг жоҳилий тасаввурларидандир. Агар улар Ислом динида аёл кишига берилган эътибордан заррача хабардор бўлганларида, мазкур гапни айтишдан уялар эдилар. Агар уларда уятнинг ўзи бўлса!

Исломда аёл киши дунёга келганидан то умрининг охиригача моддий жиҳатдан таъминлангандир. У қиз бўлса, моддий таъминотига отаси жавобгар. Сингил бўлса, ака-укаси, хотин бўлса, эри, она бўлса, ўғли масъул. Яъни хотин кишининг ўзи касб қилиб, молу мулк топишга эҳтиёжи ҳам, шаръий бурчи ҳам йўқ. Бинобарин, у меросга оладиган молни ўз эҳтиёжидан ортиқча нарса сифатида қабул қилиб олади. Бунинг аксича, эркак киши доимо моддий масъулият остида юради. Ўғил сифатида ота-онасининг, ота сифатида фарзандларининг, ака ёки ука сифатида опа-сингиллари ва ака-укаларининг, эр сифатида хотинининг моддий таъминотига жавобгар ҳисобланади. Уйланаётганда ҳам келинга маҳр беради, тўй ва рўзғор анжомларини тайёрлайди. Бошқача қилиб айтганда, у қанча мол топса ҳам ўрни бор. Шулар эътиборга олинса, икки қиз насибасича миқдорда меросга эга бўлиши айни адолат ҳисобланади!

«Агар аёллар иккитадан кўп бўлсалар, уларга у (марҳум) қолдирган нарсанинг учдан иккиси».

Яъни ўлган одамнинг ўғли бўлмаса, иккитадан ортиқ қиз фарзандлари бўлса, улар мероснинг учдан иккисини бўлиб олишади. Уламолар «Ўғил фарзанд бўлмай, фақат иккита қиз бўлса ҳам, учдан икки қисм меросни олишларига шу оят далилдир», – дейишади. Бу фикрни қувватловчи бошқа далиллар ҳам бор. Ушбу суранинг охиридаги оятда иккита сингилга мероснинг учдан иккиси тегиши очиқ айтилган. Юқорида келтирилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Робеънинг икки қизига учдан иккини беришга амр қилдилар. Демак, оятдаги ушбу жумланинг маъноси: «Агар икки ва ундан ортиқ аёллар бўлса», деб тушунилади.

«Агар битта аёл бўлса, унга ярми».

Қолгани бошқа қариндошларга шариат ҳукми асосида бўлиб берилади.

«Агар фарзанди бўлса, у қолдирган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир».

Мерос қолдирувчининг ортидан ўғилми, қизми, биттами, кўпми, бола қолса ва айни чоғда ота-онаси ҳам тирик бўлишса, ота-онанинг ҳар бири олтидан бир қисм меросга ҳақли бўлади. Қолган меросни фарзандлар шариат ҳукми асосида бўлиб оладилар. Агар фарзанд фақат битта ўғил бўлса, қолганининг ҳаммасини олади. Лекин битта қиз бўлса, ярмини олади. Ортиб қолган олтидан бирни ҳам яқин эркак қариндошлик эътибори ила отага берилади.

«Агар фарзанди бўлмай, унга ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир».

Учдан иккиси отасига. Бу ҳол ота-онадан ўзга меросхўр йўқ, яъни ўлганнинг ортидан фарзанд ҳам, эр ҳам ёки хотин ҳам қолмаган ҳолдир.

«Агар ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир.

Бу ҳолда ўлган кишининг ортидан ота-онасию, ака-укаси қолган бўлади. Унда ака-укалар ўзлари мерос олмасалар ҳам, оналарининг улуши учдан бир улушдан олтидан бирга камайишига сабаб бўладилар. Ота бор жойда ака-укалар мерос ололмайдилар. Агар фақат битта ака ёки ука қолса, онанинг улушини камайтира олмайди. У ҳолда она учдан бирини олади. Ўлганнинг биродарлари оналарининг улушини қисқартиришлари ҳикматида уламолар: «Оталари уларга нафақа беради, уларни уйлантиради, шунинг учун оналаридан улуш қисқартирилиб, оталарига қўшилган», – дейдилар.

Мазкур мерос тақсимлашлардан аввал қилиниши лозим бўлган муҳим иш бор. Ана ўша иш адо этилганидан сўнггина, бу тақсимлашларга имкон бўлади. Мазкур ишни оятнинг қуйидаги жумлалари баён этаётир:

«У қилган васият ёки қарз(адо этилгани)дан сўнг».

Оятда қарз васиятдан кейин зикр қилинган бўлса ҳам, амалда ундан олдинга қўйилади. Оятнинг маъносига чуқур назар солган уламолар ушбу ҳақиқатни англаганлар. Аввал ўтган ва кейин келган уламоларнинг ҳаммалари қарз васиятдан устун туришини таъкидлаганлар.

Имом Термизий қилган ривоятда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарзни васиятдан олдинга қўйганларини айтганлар. Бу тушунарли. Чунки қарз бошқа бандаларнинг ҳаққидир. Аллоҳ таоло ҳам Ўз ҳаққини кечади-ю, лекин банданинг ҳаққини кечишда ихтиёрни ўзига қўяди. Ислом динида қарз қаттиқ олинади. Чунки бусиз ҳаётдаги муомалаларда ишонч қолмайди. Одамлар орасида хотиржамлик йўқолади. Шунинг учун ҳам қарздор ўлганидан кейин ҳам қарзнинг масъулиятидан қутула олмайди. Шу боисдан вафот этган шахснинг жанозасини ўқишдан олдин унинг қарзи борми-йўқлиги ҳақида сўралади.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, бир одам:

– Эй Аллоҳнинг Расули, мен Аллоҳнинг йўлида қатл бўлсам, гуноҳларим ювиладими? – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Агар сен сабр ила, савоб умидида, қочмасдан, олға интилиб туриб қатл этилсанг, ювилади, – дедилар. Сўнгра: – Нима дединг? – деб қайта сўрадилар. Ҳалиги одам айтганларини такрорлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Ҳа, ювилади, фақат қарзинг бўлмаса. Менга бунинг хабарини Жаброил айтди, – дедилар.

Қатода розияллоҳу анҳудан қилинган яна бошқа бир ривоятда айтилишича:

«Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига жаноза намозини ўқиш учун бир кишининг ўлигини олиб келдилар. У зот:

– Биродарингизнинг жанозасини ўзингиз ўқийверинглар, унинг қарзи бор экан, – дедилар. Шунда мен (яъни Қатода розияллоҳу анҳу):

– Эй Аллоҳнинг Расули, унинг қарзи менинг бўйнимга, – дедим. У киши соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Вафоси биланми? – деб сўрадилар. Мен:

– Вафоси билан, – дедим. Ана шундан сўнг унинг намозини ўқидилар»,

Демак, бир одам вафот этса, ундан қолган меросдан аввало, қарзи чиқариб берилади. Қарздан ортиб қолгани васиятига биноан ишлатилади ва меросхўрларга бўлинади.

Васиятга эътибор бериш мерос қолдирувчининг иродасини, ўлимидан олдинги истагини ҳурматлаш маъносидадир. Аммо унинг васияти ўзи қолдираётган мероснинг учдан бир қисмидан ортиғига ўтмайди. Мисол учун, бир одам «Ўлганимдан кейин ҳамма молимни Аллоҳнинг йўлида садақа қилиб юборинглар» ёки «Масжид қуринглар», деса, мазкур ишларга мероснинг учдан бири сарфланади, холос.

«Ота-оналарингиз ва фарзандларингиздан қайси бирлари сизга манфаатлироқ эканини билмайсизлар».

Инсон кўпинча инсонлигига бориб, турли ҳолатларда мулоҳазалари турлича бўлади. Айниқса, бемор бўлган чоғда ёки ўлаётганда яқинларига кўпроқ яхшилик қилгиси келади. Баъзан оталик меҳри устун келиб, болаларини кўпроқ ўйлаб, уларни бошқалардан юқори қўяди. Жумладан, мерос ҳам фақат уларга бўлса эди, деб уларни бу масалада ота-онасидан баланд қўйиб юборади. Бошқа бирлари эса одоб-ахлоқ, урф-одат ҳиссидан келиб чиқиб, ота-онасини юқори қўймоқчи бўлади.

Ушбу жумла мана шу нозик ҳолатнинг муолажасини қилмоқда. Мерос масаласида бунақа мулоҳазаларга бориб, хижолат чекиб юрилмасин, хотиржам бўлинсин, деб даъват қилинмоқда. Инсон барибир ота-онаси ёки болаларидан қай бирлари манфаатлироқ эканини идрок эта олмайди. Қолаверса, мерос масаласи

«(Бу) Аллоҳ томонидан фарз қилингандир».

Унга инсоннинг ҳеч алоқаси йўқ. Ҳеч ким меросни ўзича тақсимлай олмайди. Уни Аллоҳ таолонинг Ўзи тақсимлаб қўйган. Кимга қанча бериш У Зотнинг Ўзининг иши. Шунинг учун ҳам мерос қолдирувчининг турли андишаларга боришига ҳожат йўқ.

«Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир».

Жумладан, меросни қандай тақсим қилишни ҳам яхши билади. Унинг тақсими эса албатта, ҳикматлидир.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан )

Силаи раҳм

Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ризқининг кенг бўлишидан ёки умрининг узоқ бўлишидан хурсанд бўлса, силаи раҳм қилсин», деганлар.

Демак, ота-онага, қариндош-уруғларга яхшилик қилиш лозим экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимни ризқининг кенгайтирилиши ва ажалининг ортга сурилиши масрур қилса, қариндошларига силаи раҳм қилсин», дедилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу дунёда яшаб турган ҳар бир одам боласи ризқининг кенгайтирилиши ва ажалининг ортга сурилишини орзу қилиб яшайди. Бу икки нарсадан насибадор бўлиш учун елиб-югуради ва саъй-ҳаракат қилади. Бу йўлда ҳар қандай қийинчиликларга ҳам дош беради.

Бу ҳадисга амал қилган одам эса ўзига вожиб бўлган амални бажариб, зиммасидаги вазифани адо этади ва бир йўла ризқи ҳам кенгайтирилади, ажали ҳам ортга сурилади.

Аллоҳ таоло силаи раҳм қилган, қариндош-уруғларига яхшилик қилган, ёрдам берган, хайр-эҳсон қилган одамнинг ризқини кенгайтириб қўяр экан, бойлигини зиёда қилиб қўяр экан.

Четдан қараганда, силаи раҳм қилинса, қариндошига ёрдам берса, моли ёки пули камайиб қолгандек кўринади. Лекин Аллоҳ таоло бунинг эвазига унинг молини кўпайтириб берар экан ҳамда у банданинг яхшилик билан эсланиб юришини таъминлар экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Силаи раҳм жуда ҳам зарур иш экани.

2. Силаи раҳм ризқнинг кенг бўлишига сабаб бўлиши.

3. Силаи раҳм эгасининг ажали ортга сурилишига сабаб бўлиши.

Силаи раҳм қанчалик аҳамиятга эга амал эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб олсак бўлади.

4247- وَلِلْبُخَارِيِّ وَأَبِي دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيَّ: لَيْسَ الْوَاصِلُ بِالْمُكَافِئِ وَلَكِنِ الْوَاصِلُ الَّذِي إِذَا قُطِعَتْ رَحِمُهُ وَصَلَهَا.

4247. Бухорий, Абу Довуд ва Термизийларнинг ривоятида:

«Силаи раҳм қилувчи берганга яраша қайтарган эмас. Балки силаи раҳм қилувчи – ўзининг силаи раҳми кесилганда уни боғлагандир», дедилар».

Шарҳ: «Фалончи менга яхшилик қилган эди, мен ҳам унга яхшилигини қайтариб қўйишим керак» деган маънода иш қилган одам силаи раҳм қилувчи ҳисобланмас экан. Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи қариндошлик алоқасини узиб қўйганга яхшилик қилувчи шахс экан.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда ўзларининг бошқа бир ҳадиси шарифларида:

«Уч нарса Аллоҳнинг наздида карамли ахлоқдандир: сенга зулм қилганни авф қилмоғинг, сени маҳрум қилганга ато бермоғинг ва сен билан алоқани узган билан алоқа боғламоғинг», деганлар.

Бас, биз билан алоқани узган қариндошлар билан алоқани яхшилашга ҳаракат қилайлик.

4248- وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: إِنَّ الرَّحِمَ شَجْنَةٌ مِنَ الرَّحْمَنِ، فَقَالَ اللهُ: مَنْ وَصَلَكِ وَصَلْتُهُ وَمَنْ قَطَعَكِ قَطَعْتُهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ.

4248. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Раҳм Роҳмандан олингандир. Бас, Аллоҳ «Ким сени боғласа, Мен ҳам боғлайман. Ким сени узса, Мен ҳам уни узаман», деди», дедилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Силаи раҳмдаги «раҳм» сўзи Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлмиш Роҳман исмидан олинган. Шунинг учун Аллоҳ таоло силаи раҳм қилган киши билан алоқа қилади ва силаи раҳмни кесган кишидан алоқани кесади.

Бу маънони тўлиқ тушуниб етмоғимиз ва унга алоҳида эътибор билан муносабатда бўлишимиз лозим.

Валлоҳу аълам!