Психологик

09:47 / 16.04.2020 | Zokirova Dilnozaxon | 765
Ассалому алайкум! 4,5 ёш ва 1,5 ёш ўғлим бор. Каттасининг характери оғирроқ, инжиқ, хоҳламаётган нарсасини уриб ҳам қилдириб бўлмайди, лекин ҳамма нарсага қизуқувчан, тинмайди. Янги йилдан хусусий боғчага бердик. Боғча опаси хотираси, ўрганиши яхшилигини, фақат ёзишни, чизишни хоҳламаслигини айтади. Ҳозир карантин туфайли уйда. Ўзим шуғулланишга ҳаракат қиламан. Ёзишни умуман хоҳламайди, ҳаттоки оддий таёқчаларни ҳам. Мажбурласам йиғлайди. Қилишни хоҳламайди, хоҳласа қилолса керак деб ўйлайман. Бир жойда фарзандингизнинг ақлий ривожланиши билмоқчи бўлсангиз расм чиздиринг деганини ўқигандим. Лекин болам расм чизолмайди. Қобиляти йўқлигиданми бу? Мутахасислар кўригига олиб бордик. Бироз ҳаракати суст, диққатини жамлай олмаяпти, дейишди. Тилининг чиқиши ҳам, юриши ҳам кечроқ бўлган. 3ёшдан кейин гапирган. Нима қилсам фарзандим келажаги учун тўғри бўлади?
Жавоб учун олдиндан раҳмат!
Мутахассис:

– Ва алайкум ассалом!

Аввало расм чизолмаяптими ёки чизишни хохламаяптими шуни аниқлаб олиш керак бўлади. Чизолмаслиги диққатнинг тарқоқлиги ҳисобидан бўлади. Баъзи болаларда расм чизишга хоҳиш ҳам, қобилят ҳам бўлмайди.

Болаларда физиологик ривожланиш ҳисобига 3-4 ёшда бола тарбиясида бироз қийинчиликлар юзага келиши мумкин. Ушбу ёшдан чиройли ўтиб олиш учун онадан сабр ва эшитиш қобиляти талаб этилади.  Агар болани кўп урушаверса қайсарлиги 7 ёшгача давом этиши мумкин. Бола фақат танқид эшитаверса балоғат ёшида ҳам муаммолар келиб чиқиши мумкин. Сиз учун баъзи тавсиялар:

Хоҳламаган нарсасига мажбурламанг.

Унинг ҳам танлаш ҳуқуқини  ҳурмат қилинг.

Ҳар бир ишини мақтанг.

Оддий нарсаларга ҳам ҳайратланиб қаранг. Бу унда яна ҳайратлантириш, ҳурсанд эттириш учун иштиёқ уйғотишга ёрдам беради.

Бирга лего каби деталлар билан ишланадиган ўйинчоқлар ўйнанг. Диққатини жамлашда ёрдам беради.

Уни ҳали жуда кичиклигини ҳисобга олиб ундан кўп нарса талаб қилманг.

Кўпроқ «олим болам мени, ақлли, мўмин болам мени» , деб чақиринг.