Синглим

20:58 / 14.04.2020 | Shoxista | 755
Ассалому алайкум! Синглим бор ёши 15 да. Жуда ҳам жаҳли тез. Билмадим негадир мени ич ичидан ёмон кўради. Менга нисбатан қалби нафратга тўла. Мени одам ўрнида кўрмайди. Иш буюришим тугул исмини айтиб чақирсам ҳам минг малол билан жавоб беради. Бора-бора бу нафрат ота-онамга, укамга ҳам ўтябди. Уларни ҳам шунақа ёмон кўриб қолаётганга ўхшаяпти. Тўғриси аввал ҳам ёзгандимку, мен ҳам тез жаҳлим чиқади деб. Маслаҳатларингизга амал қилиб Алҳамдулиллаҳ аста секин чиройли ҳаёт кечирмоқдаман. Биласизку аксарият инсонлар кимдандир нафратланса оғзига келганини қайтармайди. Бўхтонларни ёғдиради. Менга ҳам синглим жуда ёмон сўзлар билан опа эмас ҳатто инсондек кўрмай ҳар нарса деб ташлайди. Шунда мен ҳам ўзимни баъзида босолмай қоламан. Шу пайт нима қиларимни билмайман. Билмадим балки ёшлигимиздан кўп урушганимиз учунмикин. Лекин ҳозир ҳам шунақа бўляпти. Базида шунақа ёмон гаплар ёғдирганида тишимни тишимга қўйиб индамай тураман. Аммо индамасам у баттар қилади-да. Кейин онам яна уни эркалаб қизим қизим қилса жаҳлим чиқиб онамни ҳам қаттиқ ранжитиб қўяман. Мен оилада ҳудди ўрнимни йўқотиб қўйгандекаман. Менга маслаҳат беринг опажон! Синглим менга шунақа қилганда мен унга жавобан нима қилай?
Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Опа-сингиллар бир-бирларига дунёда тенги йўқ энг яқин дугоналардирлар. Афсуски кўпинча ота-оналарнинг берган нотўғри тарбиялари туфайли уларнинг бир-бирларига адоватли бўлиб қолиш ҳоллари кузатилади. Аммо ота-онадан хафа бўлиш ноўрин. Чунки улар ҳам ҳудди шундай тарбия кўрган инсонлар. Бошқача тарбия борлигини тасаввур ҳам қилиб кўришмаган содда одамлардир. Аммо сиз ва ҳозирги бошқа ёшлар учун катта имкониятлар мавжуд. Ҳар хил китоблар ўқиб, анча-мунча илмларни интернет тармоқлари орқали ҳам билиб олишингиз мумкин. Хусусан сингилингизга сиз меҳр бера бошлашингиз орқали аста-секин унинг сизга бўлган муносабатларингизни ўзгартириб олишингиз мумкин. Мисол учун “сен учун фалон нарса олиб келдим”, “юр иккимиз фалон жойга гаплашиб бориб келамиз, йўл-йўлакай фалон ширинлик олиб еб келамиз”, каби. Уни тез-тез қучоқланг, яхши амаллари учун мақтанг. Мақтовни мақтовдан фарқи бор. Яъни сен ундайсан сен бундайсан деб унга йўқ бўлган сифатларни носамимий гапиришингиз уни худбин бўлишига олиб келади. Лекин сиз учун чой дамласа ёки бирон бошқа ишингизни бажарса “жуда менга меҳрибонсан-да, бу сифатинг учун раҳмат” ёки “онамга фалон хизматни қилдинг роса савобга қолдинг-да сен жуда зўр фарзанд ва менга суюкли сингилсан”, каби самимий гаплар билан ўринли мақтасангиз бу гапларингиз унда сизга ва ота-онангизга бўлган меҳрни ортишига сабаб бўлади. Эҳтимол бу гаплар сизга бироз эриш туюлар. Ўрганмаган инсон учун ҳатто кулгули бўлиши ҳам мумкин. Аммо ишонишингиз мумкинки бу каби гаплар анча мушкулларни бартараф этувчи ва меҳр-оқибат ўрнатувчи кучга эга. Биринчи бу гапларни талаффуз қилишдан олдин бирон дафтар тутиб унга ёзиб боринг. Гўё синглингиз билан гаплашаётгандек. Сўнг бора-бора бу гапларни талаффуз қилиш ҳам онсон бўлиб қолади.  Валлоҳу аълам!