Ассалому алайкум! 1. Олдинги бир саволга турмуш ўртоқ ҳам тақдирга битиб қўйилган деган экансизлар. Барибир ақлимиз етмади тушунмадик. Янаям аниқроқ сўрасак, бу қайси қадарга киради, мубрамми ёки муаллақми? 2. Биз дуо қилиб ўзимиз хоҳлаган инсонга етишишни иложи борми ёки фақат тақдиримиздаги инсон бўладими? Дуо қилса, кутса эди сўрагани бериларди, акс ҳолда бошқаси деб ёзилган бўлиши мумкинми?
– Ва алайкум ассалом! Қазо ва қадар масаласи нозик масала. Унга шўнғимаслик керак. Ўзингиз хоҳлаган инсонга етишишни сўраб дуо қилишингиз, кутишингиз ва бошқалари ҳам тақдирга битилган. Тақдирга битиш мажбурлаш дегани эмас, балки у бўладиган ишларни Аллоҳ азалдан билиши ва У Зотнинг илмига мувофиқ воқеъ бўлишидир. Мисол учун, кимнидир умр йўлдош сифатида исташингиз, шуни сўраб дуо қилишингиз ва уни ўзингизга ихтиёр қилишингизни Аллоҳ азалдан билади ва булар У Зотнинг билганига мувофиқ ҳолда амалга ошади. Шу тақдирдир. Ҳеч нарса тақдирдан хориж бўлмайди. Валлоҳу аълам!