– Ва алайкум ассалом! Гапингиз жуда ўринли. Ҳақиқатдан ҳам сабр қилинмас экан ажралишлар ва қайта-қайта турмуш қуришлар ва оқибатида эса етим болалар кўпаяди. Ота-оналар сабр қилмас эканлар ажралишгач яна турмуш қуриб бахтларини топа оладилар. Аммо болаларга бу жуда катта зарба бўлади. Жамиятимизда ўзини бахтсиз ҳис этувчи инсонларнинг сони кўпайиб кетади ва охир оқибат уларнинг фарзандлари ҳам худди шу тарбияни кўриб, улар ҳам ўзларини бахтсиз ҳис этишлари мумкин. Фақат сабр қилиш орқали ажралишлар сонини ва етимларнинг сонини кўпайишини олдини олиш мумкин. Негаки бизларнинг қайноналаримизни тарбиялаб бўлмайди. Ёки келинингизга сабр қилинг деб ҳам уқтириб бўлмайди. Чунки бу қайноналар ҳам ҳудди шундай зулм кўриб, ҳудди шундай хизматлар қилганлар. Бундан кўра келин бир оз сабр қилгани яхшироқ. Чунки келин шу хонадонга ўрнашиши учун камида уч йилдан беш йилгача вақт кетади. Ҳар бир зулм кўрган келинга сиз қандай қайнона бўласиз деб савол берсангиз “мен келинимни қайнонам сингари қийнамайман фалон ва фалон қийинчиликларни бошига солмайман”, дейди. Аммо 4-5 йилдан сўнг ўғиллари каттароқ бўлгач “ўғлингизни уйлантириб алоҳида уйга чиқазиб қўя оласизми?”, деб сўрасангиз, “нега энди менинг хизматимни келиним қилмайдими?”, дейди. Психологияда инсонларни психотип бўйича қурбонлар (зулм кўрувчилар)га ва жаллодлар (яъни зулм қилгувчилар)га ажратилади. Яъни энг кўп зулм кўрган (қурбон бўлган) келин энг ашаддий золим (жаллод)га айланади. Албатта илм соҳибалари, чуқур мулоҳазалар қилгувчи доно аёлларимиз бундан мустасно. Шу сабаб ҳар бир зулм кўрган инсон ўзини қўлга олиб, сабрли бўлиб, илм олиб ва улардан куч олиб ўзини шундай доно тутиши керакки золим инсон ўзини қилаётган ишларидан уялиб қолсин ва дунёқарашини ўзгартирсин ёки ҳеч бўлмаса зулм қила олмасин. Албатта бу жуда мураккаб ва кўп йилларга чўзиладиган, осон бўлмаган иш. Аммо ким айтди яхшиликка, эзгуликка эришиш йўли осон деб? Табиий бу дунёқарашга ҳамманинг ўзига яраша фикрлари бор ва албатта бу ишларга рози бўлмаган инсоннинг ўзи ўйлаб топган бошқа йўллари ҳам бўлиши мумкин. Валлоҳу аълам!