Ассалому алайкум! 2 та ўғил фарзандим бор. 4 ярим ва 1 ярим ёш. Ёшим 25 да. Ҳўжайним давлат ишидалар. Уйда кам бўладилар. Болалар асосан ўзим билан. Каттамни боғчага бергандик. Карантин сабабли уйда ҳозир. Характери бироз оғирроқ. Жуда ҳам қайсар, жиззаки. Айтганни қилишни хоҳламайди. Боғча опалари бироз орқада, айтганларимизни қилолмаяпти дейди. Манимча қилолмаётган эмас, қилишни хоҳламаётган. Психолог, невропатологга олиб бордик, лекин қониқмадим. Расм чизишни, ёзишни жудаям ёмон кўради, қилдираман десам йиғлашға тушади. Қисқа сураларни ёдлатишга ҳаракат қиламан. Айт десам айтмайди, асосан ухлатаётганимда айтиб ухлатаман. Хотирасида қолади, ўйнаб ўтириб ўзига айтётганида биламан ёдлаганини. Хуллас қандай йўл тутсам фарзандимни тўғри йўлга сола оламан? Жавоб учун раҳмат.
– Ва алайкум ассалом! Фарзандингизни карантин тугаганидан сўнг қон таҳлилларини текширтириб, тўла-тўкис шифокорлар, хусусан педиатр, яхши мутахассис невропатолог кўригидан ўтказиб олсангиз кўп нарсаларга аниқлик киритиб оласиз. Психологияда фрустрация (мақсадига эришишга ҳалақит бераётган бирон нарса ёки киши туфайли пайдо бўладиган эмоционал негатив ҳис-туйғу) деган ибора бор. Бола эҳтимол шу ҳолатга кириб қолаётгандир. Агар шундай бўлаётган бўлса у ҳолда сиз болага ўта эътиборли бўлишингиз керак. Бола қайсарлиги ва жиззакилиги бошланишидан олдин буни олдини олиш мумкин. Яъни қайси воқеалар, қайси шароитлар буни келтириб чиқазаётганини аниқ билишингиз ва уни ўз вақтида бартараф этишингиз керак. Ота-оналарга бола ўз-ўзидан жиззаки ва қайсарлик қиладигандек туюлади. Аммо бу нотўғри фикр. Болада бу ҳислар шунчаки, ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Шунинг учун бунинг аниқ вақтини кўра билишингиз зарур. Сиз ўз ҳиссиётларингизни контрол қила олишингизни намоён этишингиз болага келажакда ўзини тутишни ўргатади. Чунки бола фрустрацияни ҳис этаётганида ўзини контрол қилишни ёки бу ҳолати нималарга олиб келишини тушунмайди. Бундай ҳолатда ўзингизни янада хотиржам тутишга ва болани ўз ҳолатидан чалғитишга ҳаракат қилишингиз керак. Бола билан кўпроқ гаплашишингиз, унга эртак ўқиб беришингиз ва эртак каҳрамонларини мисолида тарбиялашингиз мумкин. Албатта кун тартибига асосланишни, озиқ-овқатдан етарлича минерал ва витаминлар истеъмол қилинишига эътибор беришингизни маслаҳат берган бўлардим. Валлоҳу аълам!