Ёш болани уриш

04:35 / 11.04.2020 | Alisherova | 651

Ассалому алайкум! Болажоним 2 ёшга тўлмаган. Баъзан асабийлашиб, уни айби бўлмаса ҳам уриб юбораман. Ўзимга келганимдан кейин ичим эзилади. Бегуноҳ болани урганим учун ичим эзилади...  Илтимос, менга маслаҳат беринг.

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! 

Сизга аввал келган саволга берган жавобимни жўнатаяпман.

Сизга эҳтимол болалик чоғларингизда шу каби муомала қилингандир. Балки сиз оддий ва самимий, дунёда ҳеч нимага ўхшамас бўлган меҳрга тўла бўлган она-бола муомаласини қандай қуриш кераклигини тушуна олмаётгандирсиз. У ҳолда психолог ёрдамида болалигингиздаги аламларингиз устида ишлашингиз, ҳаммасини кечириб юборишингиз керак. Эҳтимол сиз ҳали бола тарбиялаш учун тайёрмасдирсиз. Агар болалигингизда меҳрга тўйиб ўсган бўлсангиз, ота-онангиздан яхши таълим тарбия олган бўлсангиз ва бу каби аламли муомала кўрмаган бўлсангиз у ҳолда сизга невропатолог ёрдами керак. Чунки сиз ким билан тенглашаётганингизни онгингизда тушуна олмаяпсиз. Ахир бола жуда кичикку. Демак асабларингиз кичиккина мурғак боланинг эркаликларини кўтара олмаяпти. Соғлигингизга эътибор беринг. Болани зинҳор уриб бўлмайди. Ундан хафа бўлиш ҳам мантиққа тўғри келмайди. Икки йиллик тажрибаси бор бўлган боладан нималарни кутиш мумкин? Сизни ёшингизга киргунича у сиздан ҳам ақллироқ ва фаросатлироқ бўлади ин шаа Аллоҳ. Агар урсангиз билингки ўзингизга душман тарбиялаяпсиз. Сизни турмуш ўртоғингиз ёки қайнонангиз ёки онангиз шундай уриб кўрсин. Қай аҳволга тушиб қоласиз? Уларга нисбатан нималарни ҳис этасиз? Бола ҳам шундай инсон. У ожиза. Ота-оналар болани уриши бутунлай ноинсофлик. Чунки бу инсонлар биринчидан бир-бирига энг яқин инсонлар ва иккинчидан кучлар ҳам тенг эмас. Бу фожиа. Болангизни ухлатганингиздан кейин тепасида 10 дақиқа термулиб ўтиринг. Ухлатиш олдидан Қуръони Карим оятларини ўқиб ухлатинг. Болани кунига камида олти марта бағрингизга қаттиқ босинг. Сочларини силанг. Уни сифатларини мақтаб гапиринг. Бу ҳаракатларингиз болани тинчлантиради ва сизда оналик меҳрини ишга солинишига ёрдам беради, яъни иккалангизни яқинлаштиради. Шунингдек, кўпроқ истиғфор айтинг.  Валлоҳу аълам.