Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ёшим 16 да. Алҳамдулиллаҳ 5 вақт намоз ўқийман ва албатта Қуръони Каримни ҳам ўқийман.Аммо бир ишни бошласам охиригача етказмай шу ишни ёқтирмай қоламан. Ўз мақсадим йўлида ҳам бирор режа тузиб ҳаракатга киришаман кейин яна қилгим келмай қолади.Ўзимни ҳеч нарса қўлимдан келмайди, бирор ишни ҳам эплолмайман деб кўп айблайман ва тушкунликка тушиб қоламан. Илтимос маслаҳат беринг, қандай қилиб бундай дангасаликдан қутулсам бўлади? Аллоҳим сизлардан рози бўлсин!
– Ва алайкум ассалом! Жисмоний машқларни ҳар куни бажаришга кучли эътибор беринг. Асосан модда алмашинуви секинлашганда инсонда ҳар турли касалликларнинг бошланиши ва эринчоқлик, дангасалик кузатилади. Аммо бунинг ўзи етарли эмас. Оқсил моддаси, минераллар ва витаминларнинг организмга етарли бўлишини ҳам таъминлаш, сувни етарлик миқдорда ичиш (1,5-2 л), сифатли уйқуга эътибор бериш ҳам зарур. Инсон организмида бирон ўзгариш пайдо бўлдими, демак организмнинг қаттиқ эътибор қаратиш керак деган “қўнғироғи” бўлади. Ана шуларни йўлга қўйиб олсангиз кейин ўзингизни психологик томондан тайёрлашингиз мумкин. Яъни бирон иш қилишингиз ёки китоб ўқишингиз керак бўлса албатта бунга сарф қилишингиз керак бўлган вақтингизни чегараланг. Мисол учун фалон китобни ўқишга фалон вақт етади деб. Сўнг кайфиятингизни кўтарадиган бирон ишни қилишга киришинг. Мисол учун бугун 10 вароқ китоб ўқишингиз керак ва ўқиб бўлгач гуллар парвариши ёқса гулларга сув қуйиш ишларини бажаришингиз мумкин. Кимдир шоколадни яхши кўради. У ҳолда ўзини шоколад билан тақдирлайди ва ҳаказо. Мана шу каби ўзингизга кун режимини белгилаб қўйиб унга амал қилишингиз мақсадга мувофиқдир. Валлоҳу аълам!