Рамазондан аввал рўза тутиш ҳақида

08:11 / 22.04.2020 | Нафис нафис | 601

Ассалому алайкум! Рамазон ойи киришидан бир ҳафта олдин рўза тутишни бошлаш мумкинми? Биламизки ҳайз келиши сабабли рўзаларимизда узулиш бўлиб қолади. Шунинг учун менинг танишларим асосан шундай қилишади. Рамазондан олдин рўза тутиш мумкин эмаслиги қанчалик тўғри?

«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Ҳаром рўза.

Бу турдаги рўзани ҳанафийлар: «макруҳи таҳримий» ҳам дейдилар. Бундай рўзалар бир неча хилдир:

1. Аёл кишининг эрининг изнисиз ёки розилигини билмай туриб нафл рўза тутиши.

2. Шак куни рўза тутиш.("Кифоя" китобидан )

Сила розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аммор ибн Ёсирнинг ҳузурида эдик. Ўтда пиширилган қўй келтирилди. Бас, у:

«Енглар», деди. Қавмдан баъзилар ортга сурилиб:

«Мен рўзадорман», деди.

Шунда Аммор (розияллоҳу анҳу):

«Одамлар шак қилган куни ким рўза тутса, батаҳқиқ, Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлибди», деди».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар. Бухорий таълиқ ила ривоят қилган.

Шарҳ: Аввало ушбу ривоятнинг ровийси Сила розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Сила ибн Зуфар ал-Абасий, кунялари Абу Аъло. Баъзилар у кишини Абу Бакр ал-Куфий деб ҳам атайдилар.

Бу зот ишончли ҳадис ривоят қилувчи улуғ тобеъинларнинг катта уламоларидан ҳисобланадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини Аммор ибн Ёсир, Ҳузайфа ибн Ямон, Ибн Масъуд, Али, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумлар орқали ривоят қиладилар. Бу зот ҳижратнинг 70-йиллари атрофида вафот этганлар.

Абул Қосим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куняларидир.

Ушбу ривоятга биноан, шак куни рўза тутиш мумкин эмас, деб ҳисобланади. Бунга ҳам Шаъбон ойи охирида рўза тутишдан ман қилиш сабаблари боисдир. Шак бўлиб тургани устига баъзи бир кишилар рўза тутиб олса, қолганларнинг шаклари яна ҳам кучайиши, орада турли тушунмовчиликлар, гап-сўзлар ва ҳатто уруш-жанжаллар ҳам келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун мусулмонлар бирлиги ва иттифоқини сақлаш мақсадида ҳеч ким рўза тутмаса, яхши бўлади. Эртасидан, Рамазоннинг биринчи куни шу кун, деган жазм билан барча баробар рўза тутаверади.

(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан )