Эринчоқликни қандай кетказса бўлади?

19:32 / 13.04.2020 | Сурайё Сулаймонова | 1136

Ассалому алайкум! Мен охирги пайтларда жуда эринчоқ бўлиб қолганман. Олдинлари дарс қилишга ғайратим кучли эди. Аммо 3-4 йил бўлдики бунга ҳам эринчоқлик қила бошладим. Эринчоқлик кетиши учун нималарни маслаҳат берасиз? Олдиндан катта раҳмат!

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Жисмоний машқларни ҳар куни бажаришга кучли эътибор беринг. Асосан модда алмашинуви секинлашганда инсонда ҳар турли касалликларнинг бошланиши ва эринчоқлик, дангасалик кузатилади. Аммо бунинг ўзи етарли эмас. Оқсил моддаси, минераллар ва витаминларнинг организмга етарли бўлишини ҳам таъминлаш, сувни етарлик миқдорда ичиш (1,5-2 л), сифатли уйқуга эътибор бериш ҳам зарур. Инсон организмида бирон ўзгариш пайдо бўлдими, демак организмнинг қаттиқ эътибор қаратиш керак деган “қўнғироғи” бўлади. Ана шуларни йўлга қўйиб олсангиз кейин ўзингизни психологик томондан тайёрлашингиз мумкин. Яъни бирон иш қилишингиз ёки китоб ўқишингиз  керак бўлса албатта бунга сарф қилишингиз керак бўлган вақтингизни чегараланг. Мисол учун фалон китобни ўқишга фалон вақт етади деб. Сўнг кайфиятингизни кўтарадиган бирон ишни қилишга киришинг. Мисол учун бугун 10 вароқ китоб ўқишингиз керак ва ўқиб бўлгач гуллар парвариши ёқса гулларга сув қуйиш ишларини бажаришингиз мумкин. Кимдир шоколадни яхши кўради. У ҳолда ўзини шоколад билан тақдирлайди ва ҳаказо. Мана шу каби ўзингизга кун режимини белгилаб қўйиб унга амал қилишингиз мақсадга мувофиқдир Валлоҳу аълам!