Яқинда 17 га кираман. Оиламиз катта, ота-онам, 3 та акам, 2 та келинойим, 3 та жияним билан аҳл яшаймиз. Саволимни ўқиб мени “ношукрлик қиляпти”, деб ўйламанг, илтимос. Оиламиз катта бўлгани учун ҳам менга етарли даражада меҳр, тарбия, эътибор беришмайди назаримда… Онамдан тарбия, ақл, фаросат ва муомаладан насиҳатлар беришларини кутиб ёнларига келсам, улардан эътибор кутаётганимни билдирсам ҳам менга бефарқлар. Мен уятчан, камгапман, бошқаларда бўладигандек, мендаям камчиликлар, шунинг учунми билмадим, оиламда ўрним йўқ. Кичиклигимда катталар суҳбатига аралашганимда катталарнинг гапига қўшилмайди, деб дакки беришган, шунинг учун ҳозир ҳам оила даврасидаги суҳбатларда бир четда қолиб кетаман. Бўйим етиб катта қиз бўлиб қолганим учунми бу ҳолат менга ёқмаяпти. Уят бўлса ҳам айтаман, баъзида қачон турмушга чиқиб кетаркинман деб ҳам ўйлаб қоламан. Чунки бундай яшаш туфайли кўп тушкунликка тушиб қолавераман. Эртанги кунга ишончим йўқолади. Ўзимни ёлғиз ҳис қиламан. Акаларимнинг 2 яшар жиянимга берадиган эътиборлари ва тарбияларини кўриб жиянимга ҳавасим келади. "Шу болачалик қадрим йўқми?", деб ўйлаб қоламан. Мен қиз бола эканлигим сабабли "барибир бировни уйига кетади", деб эътибор қилмайдиларми, балки. Ким бўлсам ҳам шу оилани фарзандиманку ахир. Уларни жуда яхши кўраман. Маслаҳат беринг опажон, илтимос бу ҳолатда қандай йўл тутай?
– Ва алайкум ассалом! Сизнинг ҳолатингизга сабаби сиз ўзингизга етарли даражада меҳр-муҳаббат бермаганингизда ва оила аъзоларингизга ҳам меҳр кўрсатмаганингизда. Жиянингизга ортиқча меҳр беришаётган бўлишса бу фақатгина у кичик бола бўлгани учун. Қачондир сиз ҳам шундай кичик бўлгансиз ва сизга ҳам ёш болага бериладиган меҳр берилган. Ўзингизга меҳр бериш деганимизда ўзингизнинг онгингиз устида ишлашингиз, олаётган илмларингизга эътиборли бўлишингиз, хафагарчиликлардан ва ёмон маълумотлардан ўзингизни эҳтиёт қилишингиз, еяётган овқатларингизга эътиборсиз бўлмаслигингиз, соғлигингизнинг қадрига етишингиз, ўзингизни сифатли уйқу билан таъминлашингиз ва севган машғулотларингиз билан шуғулланишингиз кабилар тушунилади. Бировнинг уйига келин бўлиб борсангиз жиянингизга берилган меҳрни ҳамма сизга беради деб ўйласангиз адашасиз. Чунки бизда келинларга жуда бошқача муомала қилинади. Албатта зиёли, онгли, одобли ва тарбияли инсонларнинг оиласига келин бўлиб тушсангиз эҳтимол улар сизга ҳам меҳрли бўлиб, сизни шахс сифатида тан олишар. Аммо минг афсуски янги келинлик даври ўтгач кўп ҳолатларда келинлар ўзларини сизнинг ўрнингизда бўлиб қолишни орзу қиладилар. Ҳозирда сизнинг олтин дамларингиз. Бу кунлар ҳам ғанимат. Бу кунларингиздан мазза қилиб роҳату фароғат олишингиз керак. Чунки сиз ҳақиқатда энг бахтли инсонсиз. Ота-онангиз бор ва оилангиз тўлиқ. Шунинг учун улардан меҳр кутмай аксинча то келин бўлиб уйингиздан чиқиб кетмасингиздан олдин уларга меҳрингизни бериб олишингиз керак. Валлоҳу аълам!