Чақалоқ

22:09 / 27.04.2020 | Мумтоза | 493
Ассалому алайкум! Чақалоқ вафот этса унга ҳам қабр азоби бор, чунки у туғилиш жараёнида онасига азоб бергани учун деб эшитгандим, шу ростми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! 

Бу нотўғри гап. Балоғатга етмай вафот этган болалар ҳисоб-китоб қилинмайди, уларга азоб ҳам берилмайди, чунки улар мукаллаф эмас.

عَنْ عَلِيٍّ ، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: رُفِعَ الْقَلَمُ عَنْ ثَلَاثَةٍ؛ عَنِ النَّائِمِ حَتَّى يَسْتَيْقِظَ، وَعَنِ الصَّبِيِّ حَتَّى يَحْتَلِمَ، وَعَنِ الْمَجْنُونِ حَتَّى يَعْقِلَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.

359. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қалам уч (тоифа)дан кўтарилган: уйқудагидан, токи уйғонгунича, ёш боладан, токи эҳтилом бўлгунича, жиннидан, токи ақли киргунича», дедилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги қаламдан мурод, таклиф қаламидир. Шаръий амалларни – таклифларни бажармаган кишиларнинг, жумладан, намоз ўқимаганларнинг гуноҳларини ёзиб турувчи қаламдир.

Ушбу қалам уч тоифа одамдан кўтарилган бўлиб, улар томонидан шариат таклифлари бажарилмаса ҳам, гуноҳ ёзилмас экан.

1. «Уйқудагидан, токи уйғонгунича».

Чунки уйқудаги одамнинг ихтиёри ўзида эмас. Унда ҳушёрлик, бир нарсани идрок қилиш етишмайди. Шунинг учун у шариат таклифларини қилмаса ҳам, гуноҳкор ҳисобланмайди.

2. «Ёш боладан, токи эҳтилом бўлгунича».

Балоғат ёшидан кичик ёшдаги болаларнинг ақлий ва жисмоний камолоти бўлмайди. Шунинг учун ҳам уларнинг шаръий таклифларни бажаришлари мажбурий эмас. Мабодо ўша таклифларга хилоф қилсалар, гуноҳ ёзилмайди.

3. «Жиннидан, токи ақли киргунича».

Жинни одам ҳам аҳли таклиф эмас. Шунинг учун ҳам Исломда, намознинг саҳиҳ бўлиш шартлари балоғатга етганлик ва ақлга боғлиқ, де­йилади.