– Ва алайкум ассалом!
Рамазон рўзасининг адоси ва қазоси шаръий кундузнинг ярмидан олдин ният қилиш ила тўғри бўлади.
Биз яхши биламизки, қилиниши лозим бўлган нарсани шариатда белгиланган вақтда қилиш «адо» дейилади. Қилиниши лозим нарсани белгиланган вақтидан кейин қилиш «қазо» дейилади.
Демак, Рамазон рўзасини вақтида тутиш фарз. Агар ким уни вақтида адо қилмаган бўлса, қазосини тутиши фарз.
Рамазон рўзасини вақтида адо қилиш фарзлигига далил:
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:
«Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган. Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин» (185-оят).
Рамазон рўзасининг қазосини тутиш фарзлигига далил:
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
«Ва сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан», деган (185-оят).
Шунингдек, каффорат рўзалари ҳам фарздир.
Бировни ўлдирган ёки зиҳор қилган одам бошқа каффоратларни бажара олмаса, кетма-кет икки ой рўза тутиши фарз бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ
«Ким (қул) топмаса, (қайта) қўшилмасдан аввал икки ой кетма-кет рўза тутсин», деган (Мужодала сураси, 4-оят).
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қасамхўрликнинг каффорати ҳақида:
«Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин. Ана ўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоратидир», деган (Моида сураси, 89-оят).
«Шаръий кундуз» деганимиздан шаръий бўлмаган кундуз ҳам борлиги келиб чиқади. Шаръий бўлмаган кундуз «луғавий кундуз» деб аталади ва у қуёш чиққандан бошлаб ботгунча давом этади. Шаръий кундуз эса тонг отгандан бошланиб, қуёш ботгунча давом этади.
Демак, рўза тутмоқчи бўлган киши тонг отгандан бошлаб куннинг ярмигача ният қилиб олса, рўзаси тўғри бўлади.
Бунга ҳанафий уламолар Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можа раҳматуллоҳи алайҳилар Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган қуйидаги ҳадиси шарифни далил қилиб келтирадилар:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: جَاءَ أَعْرَابِيٌّ إِلَى النَّبِيِّ r فَقَالَ: إِنِّي رَأَيْتُ الْهِلَالَ، قَالَ: «أَتَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، أَتَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ؟» قَالَ: نَعَمْ، قَالَ: «يَا بِلَالُ، أَذِّنْ فِي النَّاسِ أَنْ يَصُومُوا غَدًا». رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Мен ҳилолни кўрдим», деди.
«Сен «Лаа илааҳа иллаллоҳу», деб шаҳодат келтирасанми? «Муҳаммад Аллоҳнинг Расули», деб шаҳодат келтирасанми?» дедилар.
«Ҳа!» деди.
«Эй Билол! Одамларга эълон қил! Эртадан рўза тутсинлар!» дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Мисол учун, биров ухлаб қолиб, саҳарликка тура олмади. У уйғонганидан кейин ният қилиб олаверади. Фақат шаръий наҳорнинг ярмидан олдин ният қилиши шарт.
(“Кифоя” китобидан)
Валлоҳу аълам!