Ассалому алайкум! Мадина опа, мен бир китобда карма ҳақида ўқиб қолдим. Бу қанчалик тўғри? Бор нарсами? Унинг маьноси нима? Тўлиқроқ маьлумот берсангиз?
– Ва алайкум ассалом! Карма буддистларнинг диний кўз қараши ва ишонч-иймони бўлиб, бунда инсоннинг бу дунёда тақдирига битилган барча ҳодисалар, унинг феъл-атвори бу инсоннинг аввалги ҳаётида қилган амалларига яраша коинот томонидан бериладиган жазо ёки ажр-мукофоти деб тушунилади. Мисол учун уларнинг дунёқарашида ўтган ҳаётида инсон қиёфасида туғилса ва яхши инсон бўлмаган бўлса амалларига яраша бу ҳаётида кучук бўлиб туғилиши мумкин. Ёки ўтган ҳаётида аёл киши бўлган бўлса бу ҳаётида эркак бўлиб туғилиши ҳам мумкин. Аммо бу дунёқараш бизнинг шариатимизга мутлақо тўғри келмайдиган бузуқ ақидадир. Бизнинг шариатимизда инсон бир марта дунёга келади ва бир марта ўлади. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтдилар. У зот содиқу масдуқдирлар:
«Сизнинг ҳар бирингизнинг халқ қилиниш (моддаси) онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам қилинади. Сўнгра ана шу мислича алақа (зулуксимон қон) бўлади. Сўнгра ана шу мислича музға (чайналган гўшт) бўлади. Сўнгра ичига руҳ пуфланади. Ва тўрт калима: ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки некбахтлигини ёзиш амр қилинади. Ундан бошқа илоҳий маъбуд йўқ Зот билан қасамки, албатта, бирингиз жаннат аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннат орасида бир аршин қолганида, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қилади-да, унга киради. Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзах орасида бир аршин қолганида, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, жаннат аҳлининг амалини қилади-да, унга киради», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Биз мусулмонлар мана шу ақидага ишонамиз ва иймон келтирамиз. Шунинг учун бегона ақидалар билан қизиқиб гуноҳ орттириш ўрнига ақидамизни, иймонимизни мустаҳкамлашимиз зарур. Негаки бу ҳаётда нимага қизиқсак ва нимани яхши кўрсак охиратимизда ўшалар билан бирга бўлишимиз мумкин.
Валлоҳу аълам!