Қайнона

22:37 / 29.04.2020 | Umida | 612

Ассалому алайкум! Қайнонам ҳамма нарсага аралашаверадилар, уй юмуши, пишир- куйдирга ҳам. Охирги пайтлар арзимаган нарсадан уруш чиқарадиган одат чиқардилар. Ҳар нарсага қайнопамни рўкач қиладилар, тухмат қиладилар, турмуш ўртоғимни чақириб, ёлғон гаплар гапирадилар, ролга кириб, йиғлаб, мени ўлигим чиқсин тезроқ деб бақирадилар. Нийятлари уриштириш. Эр-хотин уришиб, анча гаплашмай юрамиз, айбим бўлмаса ҳам. 3 та фарзандимиз бор. Нима қилишни билмай қолдим.

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Ёши катта бўлаётган аёлларда гормонал ўзгаришлар бўлгани сабабли ўзларининг эмоцияларини (ҳиссиётларини) тутиб туришлари ёки бошқаришлари ўта қийин ва ҳатто амалга ошириб бўлмас иш. Агар бундай аёлнинг турмуш ўртоғи бўлмаса у ҳолда вазият янада мушкуллашиб кетади. Бундай ҳолатда фақат сабр қилиш, ич-ичингиздан хафа бўлишдан кўра, мушкул бўлсада, ўзингизни муҳофаза қилишни ўрганишингиз керак бўлади. Чунки 3 та фарзандингизни етим қилиб ажрашиб кета олмайсиз. Қайнонангизни эса тартибга чақириб, тарбиялай олмайсиз. Чунки ҳар бир гапингиз ўзингизга қарши хизмат қилади. Қайнонангиз барибир ҳозир шу ҳолатида сизни тушунмайди ва қалби илимайди. Агар қайнонамни буткул ўзгартиришни ҳоҳлайман ва бунга тайёрман десангиз, у ҳолда унга ҳадялар улашиб шаънига илиқ гапларни, мақтовларни такрорлаб туришингиз керак. Эҳтимол бу сизга иккиюзламачиликка ўхшаб туюлар ва бунда сиз ноҳақсиз ҳам деб айтолмайман. Аммо менинг фикримча бу ҳаётингизни енгил қилиш учун ва оилангизни асраб қолиш учун арзийдиган амаллар. Қўлингиздан келмаса психолог билан суҳбатлашиб, бир қанча машғулотлардан сўнг ўзингизни дунёқарашингизни ўзгартиришингиз ва бу оилавий можароларга ҳиссиётсиз ва эътиборсиз бўлиб, ўз оилангизни фаровонлиги учун амалларингизда давом эта олишингиз мумкин.  Валлоҳу аълам!