– Ва алайкум ассалом! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарликнинг энг охирги вақтигача кечиктиришни, ифторликни эса тезлатишни тавсия қилганлар. Муҳими, саҳарликдан кечиктирмай оғиз ёпиш ва шомдан аввал оғизни очиб юбормаслик. Акс ҳолда рўза бузилади. Бомдод ва шом пайтини риоя қилиш суннатдандир. Узр билан оғизни эратароқ ёпиш ва шомдан кечроқ очиш жоиз, бунинг рўзага таъсири бўлмайди. Валлоҳу аълам.
عَنْ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ t أَنَّ رَسُولَ اللهِ r قَالَ: فَصْلُ مَا بَيْنَ صِيَامِنَا وَصِيَامِ أَهْلِ الْكِتَابِ أَكْلَةُ السَّحَرِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.
1222. Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бизнинг рўзамиз ила аҳли китобларнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик ейишидадир», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаганлар.
Шарҳ: Бу ҳадис рўзада саҳарлик қилишнинг алоҳида аҳамияти борлигини кўрсатади. Аҳли китобларга ўхшаб қолмаслик учун ҳам саҳарлик қилишга уриниш керак бўлади.
Ушбу ҳадисларга амал қилган ҳолда эринмасдан, доимо саҳарлик қилиб, рўза тутишга одатланишимиз лозим.
1223- عَنْ زَيْدِ بْنِ ثَابِتٍ t قَالَ: تَسَحَّرْنَا مَعَ النَّبِيِّ r ثُمَّ قَامَ إِلَى الصَّلَاةِ، قُلْتُ: كَمْ كَانَ بَيْنَ الْأَذَانِ وَالسَّحُورِ؟ قَالَ: قَدْرُ خَمْسِينَ آيَةً. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ. وَلِلنَّسَائِيِّ وَأَبِي دَاوُدَ: عَلَيْكُمْ بِغَدَاءِ السَّحُورِ، فَإِنَّهُ هُوَ الْغَدَاءُ الْمُبَارَكُ. وَلِأَبِي دَاوُدَ: نِعْمَ سَحُورُ الْمُؤْمِنِ التَّمْرُ.
1223. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳарлик қилдик. Сўнгра у зот намозга турдилар», деди.
(Анас:)
«Азон билан саҳарлик орасида қанча бор эди?» дедим.
«Эллик оят миқдорича», деди».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Насаий ва Абу Довудларнинг ривоятларида:
«Саҳарлик емагини лозим тутинглар. Чунки у муборак емакдир», дейилган.
Абу Довуднинг бир ривоятида:
«Хурмо мўмин учун қандай ҳам яхши саҳарлик», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятлардан олинадиган фойдалар:
1. Биргаликда, жамоат бўлиб саҳарлик қилиш одати яхши эканлиги.
2. Саҳарликни Бомдод намозининг азонидан олдин тугатиш яхшилиги.
3. Саҳарлик билан Бомдоднинг азони орасида эллик оят тиловат қилгунча вақт қолиши яхшилиги.
4. Саҳарлик ейишни лозим тутмоқ яхшилиги.
5. Саҳарлик емагида барака борлиги.
6. Иложи бўлганида саҳарликда хурмо ейиш яхши эканлиги.
1224- عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: اسْتَعِينُوا بِطَعَامِ السَّحَرِ عَلَى صِيَامِ النَّهَارِ وَبِالْقَيْلُولَةِ عَلَى قِيَامِ اللَّيْلِ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ وَالطَّبَرَانِيُّ.
1224. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Саҳар таомидан наҳор рўзасига, қайлула уйқусидан кечанинг қиёмига ёрдам олинглар», дедилар».
Ибн Можа, Ҳоким ва Тобароний ривоят қилганлар.
Шарҳ: Саҳарлик қилишдан мақсад кундузи тутадиган рўза учун тайёргарлик кўриб, бақувват бўлиб олмоқдир. Агар саҳарлик қилинмаса, киши наҳорнинг рўзасини тутишга қийналади.
Шунингдек, кундузи ухлаб олмаса, кечаси бедор бўлиб, ибодат қилишга қийналади. Ким кечаси ибодат қилмоқчи бўлса, кундузи Пешин билан Асрнинг ўртасида ухлаб олиши керак. Кундузнинг ўртасида ухлаш араб тилида «қайлула» дейилади.
Кўриниб турибдики, Ислом жорий қилган ибодатларни адо этиш учун инсон ўзини қийнаши шарт эмас. Балки тадбир билан, ҳеч қийналмасдан ибодат қилиш керак.
1225- عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: لَا يَزَالُ النَّاسُ بِخَيْرٍ مَا عَجَّلُوا الْفِطْرَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَلَفْظُ أَبِي دَاوُدَ: لَا يَزَالُ الدِّينُ ظَاهِرًا مَا عَجَّلَ النَّاسُ الْفِطْرَ، لِأَنَّ الْيَهُودَ وَالنَّصَارَى يُؤَخِّرُونَهُ. وَلِلتِّرْمِذِيِّ وَأَحْمَدَ: قَالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: أَحَبُّ عِبَادِي إِلَيَّ أَعْجَلُهُمْ فِطْرًا.
1225. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Модомики ифторни тез қилар эканлар, кишилар хайрда бўлурлар», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Абу Довуднинг лафзида:
«Модомики одамлар ифторни тез қилишар экан, дин устун бўлур. Чунки яҳудий ва насронийлар уни кечга сурурлар», дейилган.
Термизий ва Аҳмаднинг ривоятларида эса:
«Аллоҳ азза ва жалла «Мен учун бандаларимнинг энг маҳбуби ифторни тезроқ қиладиганидир», деди», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятларда вақт бўлиши билан дарҳол ифторлик қилишга тарғиб этилмоқда ва бу туфайли қуйидагича яхшиликлар бўлиши ваъда қилинмоқда.
1. Кишиларнинг хайрда бардавом бўлишлари.
2. Ислом динининг устун бўлиши.
3. Аллоҳ таоло учун маҳбуб бандалардан бўлиш. Шунинг учун ифтор вақти кириши билан дарҳол оғизни очишга одатланишимиз лозим.
1226- عَنْ أَبِي عَطِيَّةَ t قَالَ: دَخَلْتُ أَنَا وَمَسْرُوقٌ عَلَى عَائِشَةَ فَقُلْنَا: يَا أُمَّ الْمُؤْمِنِينَ، رَجُلَانِ مِنْ أَصْحَابِ مُحَمَّدٍ r كِلَاهُمَا لَا يَأْلُو عَنِ الْخَيْرِ، أَحَدُهُمَا يُعَجِّلُُ الْإِفْطَارَ وَالصَّلَاةَ، وَالْآخَرُ يُؤَخِّرُ الْإِفْطَارَ وَالصَّلَاةَ، قَالَتْ: أَيُّهُمَا الَّذِي يُعَجِّلُ الْإِفْطَارَ وَالصَّلَاةَ؟ قُلْنَا: عَبْدُ اللهِ بْنُ مَسْعُودٍ، قَالَتْ: كَذَلِكَ كَانَ يَصْنَعُ رَسُولُ اللهِ r. وَالْآخَرُ أَبُو مُوسَى. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.
1226. Абу Атийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Масруқ иккимиз Оишанинг олдига кириб:
«Эй мўминларнинг онаси, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан икки киши, икковлари ҳам яхшиликни ортга сурмайдилар. Бирлари ифтор билан (Шом) намозни тезлатади. Бошқаси эса ифтор билан (Шом) намозни ортга суради», дедик.
«Икковларидан қай бири ифторни ва намозни тезлатади?» деди.
«Абдуллоҳ ибн Масъуд», дедик.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар», деди.
Бошқаси Абу Мусо эди».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Тобеъинлардан Абу Атийя ва Масруқ розияллоҳу анҳулар икки катта саҳобийларнинг ифторни тез қилиш ва Шом намозини эрта ўқиш бўйича икки хил иш қилаётганларини мулоҳаза қилганлар. Шу билан бирга, икковларидан қай бирларининг тутаётган ишлари суннатга мувофиқ, тўғри эканлигини билмоқчи бўлганлар. Бунинг учун эса Оиша онамизга мурожаат қилганлар. Оқибатда ифторни вақти кириши билан қилиш ва Шом намозини ҳам эртароқ ўқиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари эканлиги маълум бўлган.
Шунинг учун биз ҳам ўз ҳаётимизда шунга одатланишимиз лозим. Вақт кириши билан оғизни очиб, нафсни бир оз қондиргандан кейин дарҳол Шом намозини ўқиб олишимиз керак бўлади.
(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан )