Жаннатдаги муслима

14:02 / 17.05.2020 | Boburshoh | 472
Ассалому алайкум! Биз эркакларга Аллоҳ раҳмат ва мағфират нурини ёғдириб жаннатига киргизса, жаннатда ҳурлар берилади. Агар аёл чин мўмина бўлсаю, турмуш ўртоғи мунофиқ бўлса, жаннатда бу муслимага ҳам жуфт бериладими?
Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом!

Оятларда у дунёдаги эркакларга бериладиган неъматлар ҳақида сўз кетганда, албатта, аёллар ҳам назарда тутиладилар. Улар ҳам мазкур неъматларга эришадилар. Фақат ҳурлар ҳақида сўз кетганда, «Аёлларга-чи, уларга нима бўлади?» деган савол туғилади. Бу саволга эндиги келадиган оятлар ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадисларидан жавоб топамиз.

«Воқиъа» 36. Бас, уларни бокиралар қилиб қўйдик –

«Воқиъа» 37. бир хилдаги тенгдош маҳбубалар.

«Воқиъа» 38. Ўнг тараф соҳиблари учун.

Машҳур муҳаддислардан Абул Қосим Тобароний ривоят қилган узун ҳадисда жумладан, шундай дейилади: «Умму Салама:

– Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг «Ъурубан атрообан» деган ояти ҳақида гапириб беринг, – деди. Ул зот:

– Улар бу дунёдан қариб, сочи оқариб, кўримсиз бўлиб кетган кампирлар бўлиб, Аллоҳ таоло уларни қиёматда тенгқур, бокира, эҳтиросли, маҳбуба қизлар қилиб қайта яратади, – дедилар.

Умму Салама онамиз:

– Эй Аллоҳнинг Расули, бу дунёнинг аёллари афзалми, ҳури ъийнларми? – дедилар. Ул зот:

– Эй Умму Салама, бу дунёнинг аёллари ҳури ъийнлардан афзалдир, – дедилар. Умму Салама:

– Нималари билан? – деб сўрадилар.

Набий алайҳиссалом:

– Намозлари, рўзалари, Аллоҳга ибодатлари билан. Аллоҳ уларнинг юзларига нур, жасадларига ипак кийдирган. Ранглари оппоқ, кийимлари яшил, зебу зийнатлари сариқ, тароқлари тилладан. «Мангумиз, ўлмаймиз, зор бўлмаймиз, бир жойда яшаймиз, кўчмаймиз, розимиз, аччикланмаймиз. Биз кимники бўлсак, ким бизники бўлса, яшасин», – дейдилар, – дедилар.

Умму Салама розияллоҳу анҳо:

– Эй Аллоҳнинг Расули, бу ерда баъзи аёллар икки, уч, тўртта эрга тегадилар, у дунёда ҳаммалари жаннатга кирсалар, аёл қайси эри билан бўлади? – дедилар.

Набий алайҳиссалом:

– Эй Умму Салама, у аёлнинг ихтиёрига қўйилади. Эрларнинг ичида энг хулқи яхшисини танлайди. «Аллоҳим, мана бу менга яхши хулқли бўлган эди, мени шунга бергин», – дейди. Эй Умму Салама, яхши хулқ икки дунёнинг яхшилигига эриштиради, – дедилар». (“Воқеа” сураси)

("Тафсири Ҳилол" китобидан )

 Валлоҳу аълам!