Ваҳима ҳақида

12:36 / 17.05.2020 | Omimaxon | 496

Ассалому алайкум! Ёшим 24 да. Икки нафар фарзандим бор. Улар тез-тез касал бўлишади. Ҳар сафар касал бўлганларида қаттиқ қўрқиб кетаман. Оёқ қулим қалтираб, ваҳимага тушиб қоламан. Ўпкамга ҳаво етиб бормаётгандек туюлади. Болаларимга қараш ўрнига ўзим ёрдамга муҳтож бўлиб қоламан. Руҳиятим жуда бўш. Ваҳимали гаплар, хабарлар эшитсам касал бўлиб қоламан. Болалигимда онам қаттиқ касал бўлган. Ҳатто ўлиб қолади дейишган. Тушларимда онам ўлиб қоларди ва қаттиқ қўрқиб кетардим. Аллоҳга шукур, ҳозир яхшилар. Ваҳимачилигимга шу сабабми, деб ўйлаб қоламан. Бу ерларда психолог маслаҳатига боришнинг деярли иложи йўқ. Бу ҳолатдан қандай қутулиш мумкин. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат. Аллоҳ рози булсин.

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Буйрагингизда етишмовчилик бор. Шуни бартараф қилишингиз керак. Бунга сабаб қаттиқ қўрқиш бўлади. Эҳтимол болалигингиздаги ўша қўрқув сабаб бўлгандир. Балки бошқа қўрқувлар ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин. Буларни ҳаммасини хотиржам ўтириб, бирма-бир эслаб ёзиб чиқишингиз керак. Сўнг ўша қўрқувларингизнинг ёнига уларнинг тескари маъносини ёзиб, ҳаёлан қўрқувларингизни ижобий томонга ўгириб чиқинг. Мисол учун “онам ўлиб қолишидан қўрқаман”, деган қўрқув бўлса, “онамнинг умри узоқ бўлади, мен дуоларида бўламан”, каби. Бу ижобий гапларни онгингизга сингдириш бўлади. Албатта психолог билан ишланганда кўпроқ вақт ажратилади ва онгингиздаги барча қўрқувларингиздан ҳалос бўлиш устида чуқур иш олиб борилади. Кайфиятингизни кўтариш орқали ва цинк, магний каби минералларни етарли даражада бўлишини таъминлашингиз билан буйрак етишмовчилигига яхши ёрдам берган бўласиз. Қўрқинчли туш кўрганингизда чап тарафингизга уч марта туфлаб тушнинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўраш кифоядир.  Валлоҳу аълам!