Қоронғуликдан қўрқиш

15:23 / 09.05.2020 | Zaynab | 515

Ассалому алайкум! Кўпинча қоронғуликдан қўрқаман. Кўзимга нималардир  кўрингандак бўлади. Намоз ўқиятганимда ҳам ҳудди кимдир орқамда тургандек ва зарар берадигандек туюлади. Нима дуолар ўқишим керак? Аллоҳга кўп дуо қиламан. Дуоларим қабул бўлиши учун нималар қилишим керак? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат! Аллоҳ сизлардан рози бўлсин!

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Инсонда ҳар хил қўрқувларнинг пайдо бўлишининг сабаби унинг буйрагидаги етишмовчиликдир. Кайфиятингизни яхшилашга ва цинк, магний, Витамин Д, кальций каби минералларингизни кўпайтиришга ҳаракат қилишингиз керак. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўгитларига биноан тонгда ва ухлаш олдидан учта “Қул” сўзи билан бошланувчи сураларни ўқиб, ўзингизга дам солиб туринг.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ер юзида қайси бир мусулмон гуноҳ аралаштирмасдан, қариндошлик алоқасини узмасдан туриб дуо қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга ё сўраганини тезда беради, ёки ўшанинг мислича ёмонликни ундан буриб қўяди», дедилар.

Шунда одамлардан бири:

«Ундай бўлса, (дуони) кўпайтирамиз», деди.

«Аллоҳ кўпайтирувчироқдир», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда дуонинг қабул бўлиши шартларидан иккитаси ва дуонинг фазлларидан иккитаси зикр қилинмоқда.

Дуонинг қабул бўлиши учун зарур бўлган ушбу икки шарт:

Мусулмон кишининг гуноҳ аралаштирмасдан дуо қилишидир. Гуноҳ қилиб туриб, дуо қилинса, қабул бўлмас экан.

Мусулмон кишининг қариндошлик алоқаларини узмасдан дуо қилишидир. Қариндошлик алоқасини узган ҳолда қилинган дуо ҳам қабул бўлмас экан.

Дуонинг фазлларидан иккитаси:

1. Аллоҳ таоло томонидан дуода сўралган нарсанинг тез берилиши.

2. Дуо қилувчидан сўралган нарса мислича ёмонликнинг буриб қўйилиши.

Бас, шундай экан, банда Аллоҳ таолога кўпроқ дуо қилиши лозим.

Демак, банда дуоларим қабул бўлмади, демаслиги керак экан. Аллоҳ таоло унга шу дуоси туфайли охиратда катта ажрни тайёрлаб қўйган бўлиши ёки катта бир балони даф қилиб қўйган бўлиши мумкин экан.

Шунинг учун дуо қилишда иккиланмаслик, гумонда, шубҳада юрмаслик керак. Дуо қилавериш ва ижобат бўлишидан умидвор бўлиш лозим.

Дуони қандай ижобат қилиш эса Аллоҳ таолонинг иродасидир. Ўзи билади. Агар Аллоҳ таоло сўралган нарсани бермаса, ажрини охиратга олиб қўяди ёки ўрнига бошқа бир ёмонликни даф қилади.

Ҳофиз ибн Ҳажар айтадилар:

«Дуонинг ижобати турли навда бўлади. Гоҳида сўраган нарсанинг айни ўзи берилади. Гоҳида унинг ўрнига эвази берилади».

Яна Ибн Жавзий айтадилар:

«Билки, мўминларнинг дуоси рад қилинмас. Фақат унинг учун ортга суриш яхши бўлганда ижобати ортга сурилади. Ёки тездами, секинми, унинг ўрнига ундан кўра яхшироқ эваз берилади. Эҳтимол, арзимаган нарсани сўраган бўлади. Аммо унга афзал ва ўта арзигулик нарсани беради. Бас, мўмин киши Роббисига дуо қилишни, Ундан талаб ва сўрашни тарк қилиши жоиз эмас. У таслим бўлиш ва тавфиз қилиш – Аллоҳга солиб қўйиш ила қанчалик ибодат қиладиган бўлса, дуо билан ҳам шунчалик ибодат қилади».

 

4568. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимга дуо эшиги очилса, унга раҳмат эшиклари очилган бўлади. Аллоҳдан сўралганда бериладиган нарсалар ичида У Зотга энг маҳбуб бўлгани офиятни сўрашдир», дедилар».

 Валлоҳу аълам!