Оила

18:59 / 09.05.2020 | Mubina | 536

Ассалому алайкум! Мен турмуш ўртоғим билан кўп урушиб қоламан. Сабаби, икки марта алоҳида уйга кўчиб, яна қайнонамнинг уйига қайтиб келдик. Қарз бўлиб уйни сотиб юбордик. Овсиним билан муносабатимиз яхши эмас. Эрим анчадан бери уйда, ишсиз. Ибодатдаман, дуодаман. Аллоҳ бизга уй насиб қилмаяпти. Оиламда хотиржам яшаш учун нима қилсам экан? Бир-биримизни хақоратлашгача бордик. Илтимос, маслаҳат берсангиз.

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Ҳар бир инсон бу дунёда хар ҳил синовлар билан синалади. Уруш жанжал бўлган жойдан барака қочади. Сиз ҳозирда уйингизга, умрингизга, ризқингизга  барака сўраб дуода бўлинг, истиғфор, ибодатларингизда муқим бўлишга ҳаракат қилаверинг. Кечқурун вақтлироқ ухлашга, тонгда эса ухламай Қуръон ўқишга, ибодат, зикрлар билан машғул бўлишга эътиборингизни қаратганингиз яхши. Нима сабабдан қарзга кириб кетаётганингиз ҳақида мулоҳазалар, текширувлар қилиб кўринг. Гоҳида инсон ўз энергиясини кераксиз ишларга сарфлайди ва оқибатида ибодатларига, тирикчилик қилишига қуввати етмай қолади. Ҳалол, покликка ҳам катта эътибор қилиш керак. Аллоҳ уй насиб этмаган бўлса, бунда бировни айблаш ноўрин. Бу исён бўлиб қолмасин. Барака келтирувчи дуоларни ўқиб, ўрганиб чиқишингиз керак.  Қуйида Шайх хазратлари Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Ҳадис ва ҳаёт” китобларидан иқтибос келтираман.

Ҳофиз Абдул Қодир ривоят қилган ҳадисда: «Аллоҳнинг зикри ва «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан бошланмаган аҳамиятли ҳар бир ишнинг орқаси кесикдир», дейилган. Яъни баракаси йўқдир. Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда эса: «Ҳамду сано билан бошланмаган ҳар бир ишнинг орқаси кесикдир», дейилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш эса, Аллоҳ таоло ҳамма нарсада у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини Ўз исмига қўшгани ва у зотга саловат айтишга буюрганлиги учундир.

 Валлоҳу аълам!