Маҳзунлик

22:51 / 09.05.2020 | M | 1263

Ассалому алайкум! 1.Мен табиатан оғир-босиқ, камгап инсонман. Мендаги муаммо шундаки, тез хафа бўлиб қоламан, тез стрессга тушаман ва чиқишим қийин бўлади. Масалан онамни хафа аҳволда кўрсам, у киши 1 кун хафа юрсалар ман уларни ўйлаб 2 кун хафа бўлиб юраман. Сал гапни кўнглимга олиб хафа бўламан. Кўп хафа бўлиб юриш, стрессда юриш хотирани сусайтириши ҳақида ўқидим, ҳақиқатда хотирам сусайган, ёдлашда муаммоларим бор. Доимо кулиб юришга ҳаракат қиламан, биламан шукр қиладиган нарсаларим жуда ҳам кўп, аммо доимо хушкайфиятда кулиб юролмаяпман. Қандайдир маҳзун юраман, атрофимдагилар ҳам шундай дейди, нега маҳзун юрасиз деб? Нега менда бундай ҳолат бўляпти, яъни нега тез хафа бўлиб қоламан, арзимаган нарсага кўп вақт ўйлаб стрессда юраман, бунга нималар сабаб бўлиши мумкин? Бундай ҳолатда менга нима маслаҳат берасиз?

2.Яна бир муаммо ичимдагини ҳеч кимга айта олмайман, ҳамма нарсани ичимга ютаман, айниқса яқинларимдан хафа бўлганда, муносабатларга путур етмаслик учун билдирмайман. Ёки нимадандир сиқилсам ҳеч кимга айтгим келмайди, ёлгиз қоламан доим. Бунга яна бир сабаб мен авваллари яқин дугонамга ичимдагини айтиб ундан қандайдир эътиборсизлик топганимдан сўнг ишончим сўнган, ҳуддики кимгадир дардимни айтганим билан у одамларни парвосига келмайдигандай. Онамга эса айтолмайман, уйлаб сиқилишларини хоҳламайман, укам эса ҳали кичкина. Мана шу ичимда қолган хафагарчиликлар йиллаб ҳам тураверади, йиғилиб қолади, бир инсон қайта- қайта хафа қилаверса ҳаммаси жам бўлиб баттар азоб беради. Бундай ҳолатда менга нима маслаҳат берасиз? Буни менга зарарли томонлари ҳам борми?

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Ҳар бир инсон Аллоҳ берган мизож (темперамент) да туғилади. Яъни 4 хил мизож бор. Бу мизожларнинг қайси бири бир инсонда катта фоизда мужассам бўлган бўлса ана шунга тортиб кетади. Булар меланхолик, сангвиник, холерик ва флегматик. Ҳозирда интернет орқали “гугл (google)”га қидирув берсангиз ана шу темпераментлар бирин кетин чиқиб келади. Буларни ўқиб ўрганиб олишингиз ва у ердаги маълумотларни ўз ҳаётингизда татбиқ этишингиз мумкин. Мисол учун сизнинг мактубингизда ёзилганларга қаралганида меланхолик темпераменти устунлик қилаётгандек туюлади. Бу ҳолда инсонлар билан муносабат қилганларингизда нималардан эҳтиёт бўлишингиз кераклигини, умуман ўзингизни тушуниб олишингиз учун нималар қилиш кераклигини билиб олишингиз ўринлидир. Агар тушуна олмасангиз психолог ёрдамига мурожаат этинг. Психолог сиз билан бирга тест саволларига биргаликда жавоб беришга ёрдам бериб, бу ҳаётда яхши яшашингиз учун ўз устингизда қандай қилиб ишлашингизни, ҳис-туйғуларингизни қандай жиловлашни ўргатади.  Валлоҳу аълам!