Савол

02:20 / 15.05.2020 | Adolat | 769

Ассалому алайкум. Айримлар: “Ҳозирги кунда истиғфор ва хатми Қуръонларни жамлаб, халқ ўртасида тўплаб эълон қилиши  бидъат саналади. Саҳобалар бунақа иш қилишмаган. Ҳамма ўзи учун уйда ўқиса бўлади. Лекин “Шунча истиғфор айтдим”, “Қуръони каримдан шунча пора ўқидим”, деб бирор жамоага тақдим этиб бағишлатиш саҳобаларнинг йўли бўлмаган. Бу бидъат амал”, дейишмоқда. Шундай гапларга раддия борми? Бу масалага ойдинлик киритиб берсангиз. Кўпчилик илтимос қилиб сўрашган эди. Аниқ далил билан бўлса, яхши бўларди.

«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Шу гапни айтаётганлар бидъатнинг асил маъносини тушуниб олсин. Шунингдек, бидъат яхши бидъат ва ёмон бидъатга бўлинишини ҳам билиб олсин. Ҳозирги кунда саҳобалар қилмаган кўп ишлар қилиняпти. Уларнинг асли динда бор бўлса ва яхшилик учун хизмат қилса, зарари йўқ. Мисол учун саҳобалар Қуръон карим бўйича мусобақа ўтказишмаган, лекин ҳозирда ўтказилади, нега унга эътироз билдиришмайди? Кўпчилик билан қилинаётган бу ишлар яхшиликка чорлаш мақсадида қилиняпти. Аллоҳ таоло Ўзининг китобида: "Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинглар", деган сўзига киради бу ишлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:"Мен ҳар куни юз марта Роббимга тавба ва истиғфор айтаман", деганлар. Агар зикрларни санаш жоиз бўлмаганида, уларни бажарилганини айтиш жоиз бўлмаганида у зот бундай демас эдилар. Қолаверса тазкия машойихлари ҳимматлар пасайганида жамоавий зикрларга буюрадилар. Бунда кўпчилик баракасидан зикрга рағбат ошади. Зикр қилувчилар бир бирларига мадад бўладилар. Иймон сусайган ҳозирги кунда айнана мана шундай чораларга эҳтиёжимиз бор. Олам фасодга тўлган бир пайтда яхши ишларни ёмон бидъатга йўявериш керакмас. Ҳар ким ҳам уйида ёлғиз ўзи зикр қилишга ҳиммат қила олмайди. Жамоавий хатм ва зикрларда бошқаларни ҳам раҳбатлантириш бор. Валлоҳу аълам!