Ассалому алайкум! Ҳар хил омад лотто га ўхшаган ўйинларни ўйнаш мумкинми ёки ҳаромми?
– Ва алайкум ассалом! Лоторея қимор ҳисобланиб, шаръан ҳаром, ундан топилгани ҳам. Валлоҳу аълам!
Яна У Олий Зот:
«Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар шайтон амалидан бўлмиш ифлосликдир. Бас, ундан четланинг. Шоядки, зафар топсангиз», деган («Моида» сураси, 90-оят).
Шарҳ: Араб тилида «хамр» сўзи «тўсиш», «беркитиш» деган маъноларни англатади. Тановул қилган кишининг ақлига таъсир этадиган, унинг ақлини тўсадиган, беркитадиган, бошқача айтганда, маст қиладиган ҳар бир нарсага хамр дейилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида: «Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр ҳаромдир», дейилган. Бундан англашиладики, «Ароқдан бошқа нарсаларни ичса бўлаверадими? Ичмаса, лекин чекса бўладими?» каби саволлар, шунингдек, «Ароқнинг ўзи ҳаром эмас экан-у, маст қилиши ҳаром экан», деганга ўхшаш «шарҳ»ларнинг ҳаммаси ўринсиз ва мантиқсиз гаплардир.
«Қимор» аслида арабча сўз, аммо оятда айнан «қимор» сўзи эмас, балки унинг муродифи – «майсир» сўзи келтирилган. Бу эса осонлик билан мол топиш маъносини билдиради, яъни қиморнинг ҳақиқий маъносига далолат қилади.
Аллоҳ таоло ушбу оятда хамр тановул қилиш ва қимор ўйнаш каби амалий гуноҳларни бутга чўқиниш ва фолбинга ишониш каби куфр ва ширк саналган улкан маънавий жиноятларга тенглаштирмоқда. Баъзи одамлар бутга чўқинишдан қаттиқ ҳазар қиладилар, ўлиб кетса ҳам бу ишни қилишга кўнмайдилар. Аммо ароқни ичаверадилар, қиморни ўйнайверадилар. Фолбинга бориш ҳақида ҳам шу фикрни айтиш мумкин. Аллоҳ таоло бу ишларнинг барчасини қўшиб, жамлаб туриб, бир хил баҳо бермоқда.
«Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар шайтон амалидан бўлмиш ифлосликдир», демоқда.
Сўнгра иймон келтирган бандаларига хитоб қилиб:
«Бас, ундан четланинг», демоқда.
Яъни, мўмин бандаларнинг нажот топишларига шояд ушбу ифлосликдан ва шайтоннинг ишидан четда туриш сабаб бўлса, демоқда. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан )