Қанча умримиз қолди?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умр оқар сув каби жуда тез ўтиб кетяпти. Ўтган умримиз қайтиб келмайди. Муҳаммад ибн Восеъдан: «Қандай тонг оттирдингиз?» деб сўрашганида у киши: «Кун ўтган сари охиратга яқинлашиб бораётган киши ҳақида ўзинг нима деб ўйлайсан?» деб жавоб бердилар. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Эй инсон, албатта, сен тўлалигича кунлардан иборатдирсан. Агар бир кун ўтса, танангнинг ҳам бир қисми ўша кун билан бирга кетади. Эй инсон, албатта, сен икки улов орасидасан. Кеча сени кундузга элтади, кундуз эса кечага элтади. Охири улар сени охиратга етказадилар. Эй инсон, сендан кўра хатари улканроқ яна ким бор?! Ўлим барчангизнинг пешонангизга битилгандир. Дунё эса ортингизда қолаверади». Довуд Тоий айтадилар: «Кеча ва кундуз инсонларнинг сафар йўлидаги тўхтаб, дам оладиган карвонсаройларидир. Инсонлар ўша қўноқларда бирма-бир тўхтаб, юриб-юриб, сафарларининг охирига ҳам етадилар. Шундай экан, агар ҳар бир меҳмонхонада тўхтаганингизда йўл озуқаси олишга қодир бўлсангиз, олинглар». Ўтган олимлардан бирлари ўз биродарларига шундай мактуб ёзган экан: «Эй дўстим, сен бу дунёда абадий қоламан, деб ўйлаётган бўлсанг, янглишасан. Сен доим ҳаракат гирдобидасан. Ўша ҳаракат сени жадаллик билан ўлим сари етаклайди. Ўлим эса сени кутиб турибди. Дунё ҳам ортингда қолишга тайёр. Ўтказган кунларинг бу дунёда сенга қайтиб келмайди. Аммо охиратда қайтиб келади. Келгандан кейин сенга ташланади». Ҳа, азизлар, барчамизнинг яхши ва ёмон амаллар билан ўтказаётган кунларимиз қиёмат куни қайтиб келиб, ўзимизга ҳужум қилади. Шунинг учун бу дунёда мусофирдек яшашимиз лозим. Мусофир сафарга чиқиш олдидан йўл озуқаси олишини унутмайлик. Баъзи салаф уламолар шундай дейишган экан: «Биз ўтказаётган кунларимиз билан фахрланиб, хурсанд бўламиз. Ваҳоланки, улар бизни ажал сари яқинлаштирмоқда. Шундай экан, ўлимдан аввал ўзинг учун астойдил солиҳ амал қилиб қол. Чунки ҳақиқий фойда ва зиён амалдадир». Қиёмат куни банда беш нарсадан сўралиши ҳақида ҳадисларда айтилган. Шулардан иккитаси умрни нима қилиб ўтказгани ва ёшликни қандай ўтказгани ҳақида сўралади. Барчамиз ушбу саволларга ҳижолат бўлмайдиган жавоб ҳозирлайлик. Берадиган жавобимиз ҳам тўғри, ҳам ноқулай аҳволга солмайдиган бўлсин. Келинглар, азизлар, ҳар биримиз умримиз ҳақида бир ўйлаб кўрайлик! Унинг қанчаси ўтиб кетди? Ўтган умримиздан фойдаланиб қолдикми? Ёки уни беҳудага совуриб юбордикми? Агар ёшимиз кичик бўлса, ҳаётимизни беҳуда нарсалар билан ўтказишдан сақланайлик. Агар ёшимиз катта бўлса, қарилик чоғига етиб қолган бўлсак, ўтган ҳаётимиз ҳақида тафаккур қилайлик. Уни беҳуда, фойдасиз ишлар билан ўтказмадикмикан? Ўзимизга шундай савол берайлик: «Эй нафсим, сочларинг оқарди, қаридинг! Ҳали ҳам кўзингни ғафлат уйқусидан очмадингми?! Нимани кутаяпсан?! Ўлимними? Унга тайёрмисан? Агар тайёр бўлмасанг, ўрнингдан тур-да, ҳаракатингни бошла!» Одамлар икки тоифа бўлади. Бири тирик юрса ҳам, ўлик ҳисобланади. Бошқаси ўлган бўлса ҳам, тирик ҳисобланади. Ким қайси тоифадан бўлишни истаса, ўша истагига қараб ҳаракатини қилсин!
Интернет материаллари  асосида тайёрланди
 
 
 
 
Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ Азиз опасингиллар muslimaat.uz сайти қошида муборак Рамазон давоми...

07:53 / 04.05.2019 3933
Канаданинг Эдмон шаҳри Ички Ишлар Бошқармаси АҚШлик  мусулмон аёлга полиция офицери лавозимини  таклиф давоми...

13:16 / 06.02.2017 5139
Мукаддас Ислом динимиз турли бидъатхурофот, ирим ва шумланиш каби амаллардан кайтарган. Хусусан, бу давоми...

11:48 / 25.01.2017 19091
 Истанбулда араб тилидаги китобларнинг IV Халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади. Мазкур кўргазма ташриф давоми...

10:28 / 07.09.2018 2349