«Эрурсиз барча оламларга раҳмат, ё Расулуллоҳ!» танловининг 1-йўналишига оид 9-мақола
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сизга уммат бўлмоқлик – шараф!

Ўзининг муқаддас каломида: “(Эй Муҳаммад!) Биз сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз!” деб хитоб қилган Аллоҳ таолога ўзининг улуғлиги ҳамда жалолатига яраша ҳамду санолар бўлсин! “Мен одам болаларининг энг улуғиман. Қиёмат кунида биринчи шафоат қилинувчи ҳам, шафоати қабул қилинадиган ҳам мен бўламан”, деб марҳамат қилган пайғамбарлар саййиди, башариятнинг энг улуғи Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз салавот ва саломлар бўлсин! Ассалому алайкум, ё Расулуллоҳ! Аллоҳ Ўзи яратган махлуқотлари ичида сизни танлаб, бутун башариятга раҳмат ўлароқ, ёлғиз ўзингизга ато этган иззат тожи сизга муборак бўлсин! Сизки оламларга раҳмат бўлибон, залолатга ботган инсонларни ҳидоятга бошлаган. Разолат ҳукмрон бўлган халқни, ҳуснихулқ байроғи остида бирлаштирган. Бутун оламни қоплаган жаҳолат зулматидан иймон нури, Ислом зиёси билан ёритган зотсиз. Ҳабибим, ё Расулуллоҳ! Агар юксак инсоний хулқлар бир шахс бўлиб гавдаланганида эди, сизнинг юксак ахлоқингиз, мукаммал одамийлигингиз ҳамда тенгсиз меҳрингиз олдида ҳеч шубҳасиз бош эгарди. Зеро, сизнинг бу ажиб хулқингиз Каломуллоҳда улуғланмишдур: “Албатта, сиз буюк хулқ узрадурсиз”. Саййидим, ё Расулуллоҳ! Камина ожизангизга сиз зоти бобарокат билан кўришиш, хоҳ яширин Арқам ҳовлисида бўлсин, хоҳ ошкора Макка фатҳида бўлсин, сизнинг ҳузурингизда мусулмон бўлиш, Мадина аҳли каби сизнинг йўлингизга интизор бўлиш, ҳеч бўлмаса бир маротабагина сизнинг ортингизда намоз ўқиш, сиз билан таомланиш, сизнинг илм халқангиздан жой олиш бахти насиб этмаган. Бу бахтлардан мосуволигим ўзим сабабимдандурки, бундай саодатга лойиқ эмасман. Аммо сиздек Пайғамбарнинг уммати бўлиш ҳам бир саодатдур! Зеро, сиздан олдин ўтган пайғамбарлар сизнинг умматингизга ҳавас қилгандурлар. Ё Расулуллоҳ! Сизнинг муборак ҳаёт йўлингизни ўрганар эканман, хаёлан асри саодатингиз кўз ўнгимда гавдаланади. Сийрат илми менга сиз зоти бобарокатнинг ҳаёт йўлингизни энг нозик қирраларигача батафсил баён этиб бермоқда. Бу илм менга муборак уйингизни, аҳли оилангизни, саҳобаларингизни бирма-бир танитмоқда. Сизнинг қандай ибодат қилганингиз, қандай таомланганингиз, аёлларингиз билан қандай муомала қилганингизни ҳамма-ҳаммасини батафсил айтиб бермоқда. Шу билан бир қаторда саҳобаларингиз билан қандай ҳазиллашганингиз, ёш болаларни ўйнатиб муборак елкангизда кўтарганингиз, катта-кичикнинг чақириғига ижобат қилганингиз, шаҳарнинг энг узоқ жойида бўлса-да, хастани зиёрат этганингиз, учраган одам билан биринчи бўлиб саломлашганингиз – барча-барчасини ҳикоя қилиб бермоқда. Ҳабибим, бу илмнинг айтишича, сиз инсонларнинг энг сертабассуми ҳамда энг хушхулқи бўлган экансиз. Бутун инсониятнинг азизу мукаррами бўла туриб, кийимларингизни ўзингиз ювар, қўйларни соғар, туяларни суғорар, ходимлар билан бирга таомланар ҳамда ночору заифларнинг ҳожатини бажо келтирар экансиз. Саййидим, ё Расулуллоҳ! Амакингиз Абу Толибнинг хабар беришича, болалик чоғингизда ҳам намунали ахлоқингиз ила яқинларингизни ҳайратлантирган экансиз. Унга кўра, болалигингизда барча болалар қатори таомга чақирилсангиз, тенгқурларингизни кутар, улар таомланишни бошлашса, тановвул қилмасдан, қачон улар таомга тўйишса, сўнг ейишингизни айтар экансиз. Ё Ҳабибуллоҳ, сиз бундайин улуғликни, меҳрибонликни кимдан ўргандингизки, гўдак қалбингиз билан бошқаларнинг тўқлиги эвазига очлик сезсангиз?.. Ҳабибим, ё Расулуллоҳ! Сизнинг юксак ахлоқий сифатларингизни санасам – саноғи, қайдласам – адоғи йўқдир. Бу олий инсоний васфларингизни тарифлашга тиллар ожиз, қаламлар ҳайрону лолдир. Саййидим, сиз мастура қизлардан-да, ҳаёлироқ эдингиз. Оиша розияллоҳу анҳонинг хабар беришича, сиз зоти бобарокатнинг хулқингиз Қуръон бўлган эмишким, Аллоҳ таолонинг муқаддас Каломидаги барча олий сифатлар сизда жам бўлган! Ё Расулуллоҳ! Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, Ўзининг борлигига, бирлигига ҳамда унинг ҳеч шериги йўқлигига ва албатта, сиз унинг ҳақ пайғамбари эканингизга иймон келтиришни насиб этди. Ҳаётимдаги энг олий мақсадим – сиз Ҳабибимнинг зиёратингизда бўлиш, муборак равзангизда узоқ ўтириб, ҳузурингизда ибодат қилиш, равзаи шарифнинг муаттар ҳидларидан тўйиб-тўйиб нафас олиш. Сизнинг зиёратингизда бўлганларнинг таърифлашича, у ерлар жуда гўзал жойлар эмиш. Ҳашаматли, кўркам бинолар, покиза, нақшинкор деворлар, кечалари нурафшон, кундузлари салқин, ҳар томондан мушки анбар уфуриб турармиш. Хаёлан ушбуларни тасаввур этаётиб, ногаҳон кўз олдимда сизнинг оддийгина масжидингиз гавдаланди. Кичик масжид этагидаги камтарона уйингиз қандай ҳам ажиб эди, Ҳабибим! Томлари хурмо шохлари ва баргларидан бўлиб, таги эса она тупроқ. Ётоғингиз ва тўшагингиз хурмо пўстлоқлари билан тўлдирилган чармдан эди. Азизим, ёмғирли кунларда томингиздан чакка ўтгандур-а?.. Хурмо пўстлоғидан бўлган тўшагингиз кечалари муборак баданингизга ботгандур-а?.. Саййидим сиз қандайин бир инсонсизки, агар истасангиз дунёнинг бор мол-мулки қаршингизда ҳозир бўларди, аммо сиз мана шундай ҳаётни маъқул топдингиз. Қандай ҳам ажиб танлов! Саййидим, ё Расулуллоҳ! Кўпчилик умматингиз асри саодатингизда яшашни, ўша даврга шоҳид бўлишни орзу қилади. Аммо мен гоҳо ўйланиб қоламан, мазкур даврда бўлиб қолсам, сизнинг ҳаққа чорловингизга “Лаббай”, дея олармидим?!. Мушриклар сизга озор етказганда, сизни улардан ҳимоя қилармидим?!. Ёки мен ҳам Абу Лаҳаб каби таҳқирлар, Умму Жамил мисол сизга азият етказармидим?.. Йўқ, асло! Мен ҳар тонг Роббимга сиздай зотга кўрмай туриб иймон келтирганимга ҳамдлар айтаман. Ҳар кеч сизга муҳаббат қўйганимга шукроналар ўқийман. Ҳабибим, сизнинг муҳаббатингиз дунё ва охиратдаги энг олий муҳаббат эрур! Ҳабибим, ё Расулуллоҳ! Сиз пайғамбарларнинг энг охиргиси, Роббим яратган махлуқотларнинг азизу мукаррамисиз. Шу жумладан башариятнинг халоскори, муждасисиз. Аллоҳ сизга шундайин бир нур ато этдики, бу нур ила ҳали-ҳануз ҳаётимизнинг барча жабҳасини нурафшон этмоқдасиз. Саййидим, бизлар сизга муносиб уммат бўла олмасак-да, бизга интиқ бўлдингиз. Бу қандайин муҳаббат бўлдики, Роббим ўзининг муборак Каломида сизнинг васфингизни мадҳ этибон: “Эй Муҳаммад, сиз истаган бирон нима қолдими?” деб сўраганида: “Ҳа, Роббим”, дедингиз. Роббим: “Сўранг, ижобат қиламан”, деганида, сиз: “Умматим, умматим!” дедингиз! Ҳазратим, у қандайин қалб эрурки, на ўзини, на аҳлу болаларини демай, ўзи кўрмаган умматга талпинса? Яна Аллоҳ Қуръони Каримда сизга: “Яқинда Роббингиз (сиз истаган нарсани) сизга беради, бас, сиз унга рози бўласиз”, деб марҳамат қилганида, сиз меҳрибоним: “Аллоҳим, Қиёмат кунида умматимнинг биронтаси ҳам дўзахда бўлишига рози бўлмайман”, дедингиз!.. Саййидим ё Ҳабибуллоҳ, қанчалар меҳридарёсиз?! Мен ҳам ўша умматингиздан бири эканимдан бахтиёрман! Ё Расулуллоҳ! Сизга Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракаси бўлсин! Саййидим, сизнинг қайноқ саломингизни олдим. Зеро, сиз: “Ким менга ва охират кунига иймон келтирса, саломимни етказинг”, деган экансиз. Ҳабибим, сиз бизларга, биздан олдин салом йўллабсиз. Азизим, сиз бизни, биз сизни танимасдан олдин танибсиз. Шундай экан қандай қилиб, сизнинг буюк муҳаббатингизга чин садоқат билан жавоб қилмайлик?.. Саййидим, ё Расулуллоҳ! Сизнинг муборак ҳадисларингиз билан танишар эканман, беихтиёр ҳаёт нафаси уфуриб турган оромбахш сўзларингиз қалбга ажиб бир сакинат туйдиради. Ҳадисларингиз баёнининг завқи шу қадар тотлики, гўё саҳифалар ортида жарангдор овозингиз садоси янграйди. Бу каломлар хусусида қанчалик кўп фикр қилинса, шунчалик кўп маъно топилур. Ҳазратим, ҳадисларингизнинг изоҳи дилларга яқиндир. Бу сўзлар фикр, қалб, иймон ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг илҳоми билан айтилган сўзлардир. Бу сўзлар ҳаёт йўлидаги зулматларни ёритиб борувчи чироқлардур... Ҳабибим, ё Расулуллоҳ! Камина ожизангизни сизга бўлган чексиз муҳаббатини қабул айлагайсиз… Ҳаёт йўлимнинг ҳар лаҳзасида сизнинг муборак суннатингизга амал қиларканман, сиз мен билан эканингизни қалбан ҳис этаман. Агар бу йўлда хато-камчиликка йўл қўйсам, мени авф этинг, мендан ранжиманг. Ишонинг сиз ҳамиша ардоғимдасиз! Ҳеч бўлмаса тушларимни ташрифингиз билан саодатманд айлашингизни кутиб, чексиз ҳурмат, беадад муҳаббат ила муслима қизингиз…

Шаҳло Билолиддин қизи, “Хадичаи Кубро” хотин-қизлар ўрта-махсус Ислом билим юрти мударрисаси
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Биз мусулмонларга Рамазон рўзасини фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар давоми...

11:25 / 07.05.2019 2555
Оиламизда фақат уч ўғил бўлганмиз. Мен уларнинг кенжаси эдим. Менинг қиз бола опасингилларим бўлмаган. 5 давоми...

22:42 / 13.07.2023 1621
Азиз опасингилларим Дунё аҳли молу дунё тўплаш ғами билан юрганда, ўзларини бу фитналар уммонига давоми...

20:02 / 09.01.2017 3070
Баъзилар орасида араб диёрларида, умуман олганда Шарқда аёлларни оми ва жамият ишларида қолоқ, барча давоми...

23:57 / 29.08.2020 2648