Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Йигирма биринчи ҳадис:
Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитгани ривоят қилинади:
«Жаннат Рамазон ойи киришга йил мобайнида ясатиб, безатилади. Рамазон ойининг биринчи кечаси бўлганда Аршнинг тагидан «Қўзғовчи» деган бир шаббода эсади. Жаннатларнинг дарахтларининг барглари ва эшикларнинг халқалари тебраниб кетади. Бундан шундай бир садо эштиладики, эшитганлар ундан гўзал овозни эшитмаган бўлади. Шунда шаҳлокўз ҳурлар чиқиб келадилар, жаннат дарахтлари олдига туриб: «Аллоҳга совчи юборадиган борми, уни уйлаб қўяди?» дейишади. Кейин: «Эй Ризвон, бу қандай кеча?» дейишади. У уларга «лаббай» деб жавоб беради‑да, сўнг: «Эй яхшилар, гўзаллар, бу Рамазон ойининг биринчи кечаси! Унда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларидан рўзадорлар учун жаннатларнинг эшиклари очилади. Аллоҳ азза ва жалла: «Эй Ризвон, жаннат эшикларини оч! Эй Молик, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларидан рўзадорлар учун дўзах эшикларини ёп! Эй Жаброил, ерга тушиб, бебош шайтонларни занжирбанд қил, уларни кишанлар билан кишанла ва уларни денгизларнинг тўлқинлари ичра улоқтир, токи Ҳабибимнинг умматига бузғунчилик қилишмасин!» дейди.
Кейин Аллоҳ азза ва жалла Рамазон ойининг ҳар кечасижа уч мартадан: «Сўрайдиган борми, унга сўровини берсам?! Тавба қилгувчи борми, тавбасини қабул этсам?! Мағфират сўрайдиган борми, мағфират қилсам?! Ким тўқсифат нойўқсилга, зулм қилмас вафолига қарз беради?!» дейди.
Аллоҳ азза ва жалланинг Рамазон ойининг ҳар бир кечаси дўзахдан бир миллион озод қиладигани бор. Жума кечаси – ёки жума куни – бўлгандан дўзахдан ҳар соат бир миллон кишини озод қилади. Уларнинг ҳаммаси азобга маҳкум бўлганлар. Рамазон ойининг охирги кечаси бўлганда эса, Аллоҳ бу куни ойнинг бошидан охиригача озод қилгани ададича озод қилади.
Қадр кечаси бўлганда Аллоҳ таборак ва таоло Жаброил алайҳиссаломга буюради, у тўп фаришталар билан тушади. Ёнида яшил байроқ бўлиб, уни Каъбанинг тепасига ўрнатади. Унинг олти юз қаноти бўлиб, улардан иккитасини фақат қадр кечаси ёяди. Уларни ўша кеча ёяди ва улар мағрибу машриқдан ўтиб тушади.
Жаброил алайҳиссалом бу кеча фаришталарни тарқатади. Улар то тонг отгунча ҳар бир ибодатда турган, ўтирган, намоз ўқаётган, зикр қилайтганларга салом берадилар, улар билан кўришадилар, дуоларига «омин» деб турадилар. Тонг отгач, Жаброил алайҳиссалом: «Эй фаришталар жамоаси, йўлга отланинг, йўлга отланинг!» дея жар солади. Улар: «Эй Жаброил, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларидан иборат мўминларнинг ҳожатларини нима қилди?» дейишади. Шунда: «Бу кеча Аллоҳ азза ва жалла уларга қараб, уларни афв этди, мағфират қилди. Фақат тўрт киши мустасно», дейдилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу тўрттаси ароқхўр, ота‑онасига осий, силаи раҳмни узган ва кекчи», дедилар. «Кекчи нимаси?» дейилди. «Гиначи – дедилар – Ҳайит эрталаб бўлганда Аллоҳ таборак ва таоло ҳар бир шаҳарга фаришталарни юборади. Улар ерга тушиб, кўчаларнинг оғизларида туриб олганча инсу жиндан бошқа Аллоҳ яратган барча эшитадиган овозда: «Эй Муҳаммд соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари! Марҳаматли Парвардигор томон чиқинглар, улкан гуноҳларни ҳам мағфират қилади!» дея жар соладилар. Улар намозгоҳларига чиққач, Аллоҳ азза ва жалла: «Эй фаришталарим, ишчи ишини қилиб бўлса, унинг мукофоти нима?» дейди. Улар: «Илоҳимиз, хожамиз, мукофоти унга ҳаққини тўла беришингдир», дейдилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла: «Эй фаришталарим, сизларни гувоҳ қиламан, Мен уларнинг Рамазон ойидаги рўзалари ва тунги ибодатларининг савобига Ўз розилигим ва мағфиратимни қўйдим», дейди».
Аллоҳ азза ва жалла: «Мендан сўранглар, иззатим ва жалолимга қасамки, шу тўпланишингизда мендан охиратингиз учун нимани сўраманг, сизларга ўшани бераман. Дунёйингиз учун эса, ўзингизга қарайман. Иззатимга қасамки, то мен билан муроқабада экансиз, авротларингизни тўсаман, иззатимга қасамки, сизларни шармсор қилмайман, сизларни ҳудуд – ёки «жудуд», Абу Амр иккиланган – олдида шарманда қилмайман. Мағфират қилинган ҳолда қайтинглар. Мени рози қилдингиз, сизлардан рози бўлдим», дейди.
Аллоҳнинг бу умматга рўзадан чиққанларидаги берганларидан фаришталар шодланадилар ва суюнадилар».
Санади заиф.
Изоҳ:
А) «Эй Ризвон, жаннат эшикларини оч! Эй Молик, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларидан рўзадорлар учун дўзах эшикларини ёп! Эй Жаброил, ерга тушиб, бебош шайтонларни занжирбанд қил, уларни кишанлар билан кишанла ва уларни денгизларнинг тўлқинлари ичра улоқтир, токи Ҳабибимнинг умматига бузғунчилик қилишмасин!»
Ҳадиси шарифнинг ушбу қисми кўпчиликни ўйлантириб юрган саволга жавоб бўлади. «Шайтонлар боғланган бўлса, нега одамлар гуноҳ қилаверади? Нега қанча одам рўза тутмай юраверади? Жаннатнинг эшиклари очилиб, дўзах ёпилган бўлса, рамазонда ўлган номусулмонлар ҳам жаннатга тушадими?» каби саволлар айланиб қолади. Ҳадиси шарифда ўша масалага ойдинлик киритилмоқда. Бу ерда назарда тутилган «жаннат эшиклари очилиши, дўзах эшиклари ёпилиши ва бебош шайтонларнинг кишанланиши» нисбий бўлиб, фақат рўза тутган мусулмонларга нисбатандир. Жаннат эшиклари фақат уларга очилади, дўзах эшиклари фақат улар учун ёпиқ бўлади, бебош шайтонлар фақат улардан четлатилади. Мақсад уларнинг рўзаларига, ибодатларига халал бермасликларидир. Бу хислатларнинг тасдиғи эса ҳамма мусулмон жамиятида доим кузатилади. Рамазон ойида мусулмонлар ибодатга, намоз, тиловат, хайру садақага кўпроқ бериладилар. Гуноҳлардан кўпроқ тийиладилар. Рўзадорлардаги руҳият жиддий ортади. Емоқ, ичмоқ ва жинсий эҳтиёждек зарурий истакларини маълум муддат тийиш билан фаришталарга яқинлашадилар. Масжидларда жамоатлар кескин кўпаяди.
Баъзилар «жаннат эшиклари очилиши, дўзах эшиклари очилиши, шайтонлар боғланиши» мажозий бўлиб, мусулмонлардаги мазкур ижобий ўзгаришлар, яъни жаннат амалларининг кўпайиши, дўзах амалларининг камайиши, гуноҳдан савоб устун келишидан киноядир, дейдилар. Аммо муҳаққиқ уламолар ҳадиси шарифларда жаннатдаги ўзгариш фақат булардан иборат эмаслиги, сўзни ҳақиқатдан мажозга буришга эҳтиёж ва асос йўқлиги эътиборидан, улар ҳақиқатда юз беришини таъкидлаганлар. Аслида бу икки ҳодиса ҳам воқеий бўлиб, бир‑бирига боғлиқ.
Яна бир нуқта шуки, ҳадиси шарифда «шайтонларнинг бебошлари» дейилган. Баъзи уламолар бу жумлага: «Яъни энг ёмонлари, ҳаммаси эмас. Аммо инсонга доимий ҳамроҳ бўлиб юрадиган шайтон ундан айрилмайди», дея изоҳ берганлар.
Шунингдек, билмоқ керакки, шайтондан ҳам хавфли нарса, бу – нафсдир. Шайтон васваса қилади, ишора қилади, холос. Аммо нафс истайди, туғён ва ғалаён қилади. Шайтоннинг васвасасини енгишдан нафс истагини енгиш анча мушкил. Рўза тутиш ўша нафсни синдиришга хизмат қилади, шайтонларни узоқлаштириш эса, нафсга қўзғайши мумкин бўлган омилларни четлатиб, уни тартибга солишда бандага ёрдам беришдир.
Б) «Ким тўқсифат нойўқсилга, зулм қилмас вафолига қарз беради?!»: бу ерда муҳим бир нуқтага ишора бор. Одатда кишилар кўринишидан бечораҳол одамларга ёрдам қилади, қарз беради. Аммо эҳтиёжи бўлса‑да, ўзини тўқ, бой одамдек тутиб юрадиган афиф инсонларга ёрдам қилиш эсига келмайди. У одам жуда йўқсил бўлмайди, аммо ҳожати катта бўлади. Ҳеч вақоси йўқ одам ўзини беҳожат кўрсата олмайди ҳам кўпинча. Шунингдек, афиф инсон бировга жабр қилмайдиган, қарз олса, вақтида адо қиладиган вафоли бўлади. Бундай одамни топиб, унга ёрдам қилган, қарз берган, кўмак қилган киши катта савобга қолади. Чунки ундайларни топиш қийин, сезиш осон эмас. Ҳамма бечораҳолларга ёрдам қилаверганидан ундай ориятли кишилар кўпинча узоқ қийинчиликда қолиб кетадилар. Бу ерда ана шу маъно назарда тутилган.
В) «ҳудуд» – ёки «жудуд», Абу Амр иккиланган»: бу жумлада ровийлардан Абу Амр исмли киши ҳадиси шарифни ривоят қилаётиб, бир сўз ҳақида иккиланиб қолган. «Ҳудуд ёки жудуд эгалари» деб эшитганман, деган. Калима аслида «зунуб» бўлиб, гуноҳлар дегани. Бу кейинги ҳадисда равшан бўлади.
Г) «Дунёйингиз учун эса, ўзингизга қарайман», яъни дунёйингизга доир сўровларингиз бўлса, қарайман ва сиз учун энг яхшисини бераман. Банда одатда ҳамма сўровлари берилишини истайди ва ҳамма сўрагани унинг учун яхшидек туюлаверади. Аммо Аллоҳ таоло банданинг ҳолатини унинг ўзидан яхши билади, унинг келажагию охиратинида ҳисобга олади ва унга ўзидан кўра меҳрибон. Шу боис дунёсига доир сўровларига қарайди, агар унинг учун ўшани бериши яхши бўлса, беради, бўлмаса, бошқа нарсага алмаштириб беради ёки дуосини охирати учун захира қилиб қўяди. Охирати учун нима сўраса, бераверади. Чунки охират даргоҳи кенг, у ерда синов йўқ, инсоний ўзгарувчанлик, бошқаларнинг ҳуқуқлари ва сабабият қонунияти каби монеликлар йўқ.
Е) Биз «кекчи» дея таржима қилган сўз «мушоҳин» деб келган. Саҳобаи киромлардан баъзилари бу сўзни тушунмаган. Балки бу ўша кишининг қабиласи шевасида бўлмагандир. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сўзни «у мусорим» деб изоҳлаганлар. Мусорим гина сақлаб, алоқани узадиган одам. Биз уни «гиначи» деб таржима қилдик.
Д) «то мен билан муроқабада экансиз»: муроқаба Аллоҳ таолонинг доимий кузатувини ҳис қилиб туриш. Бу сўз шаръий истилоҳга айлангани учун ўз ҳолида қолдирилди.
Йигирма иккинчи ҳадис:
Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитгани ривоят қилинади:
«Жаннат Рамазон ойи киришга йил мобайнида ясатиб, безатилади. Рамазон ойининг биринчи кечаси бўлганда Аршнинг тагидан «Қўзғовчи» деган бир шаббода эсади. Жаннатларнинг дарахтларининг баргларини ва жаннатларнинг дарвозалари эшикларининг халқаларини тебратиб юборади. Бундан шундай бир садо эштиладики, эшитганлар ундан гўзал овозни эшитмаган бўлади. Шаҳлокўз ҳурлар безантириладилар. Ҳатто жаннат кўшкоари орасида туриб: «Аллоҳ азза ва жаллага совчи юборадиган борми, уни уйлаб қўяди?» дейишади. Сўнг: «Эй Ризвон, бу қандай кеча?» дейишади. У уларга «лаббай» дея жавоб беради: «Эй яхшилар, гўзаллар, бу Рамазон ойининг биринчи кечаси! Унда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларидан рўзадорлар учун жаннатларнинг эшиклари очилади. Аллоҳ азза ва жалла: «Эй Ризвон, жаннат эшикларини оч! Эй Молик, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларидан рўзадорлар учун дўзах эшикларини беркит! Эй Жаброил, ерга тушиб, бебош шайтонларни занжирбанд қил, уларни кишанлар билан кишанла ва уларни денгизларнинг тўлқинлари ичра улоқтир, токи Ҳабибимнинг умматининг рўзаларини бузишмасин!» дейди.
Кейин Аллоҳ азза ва жалла Рамазон ойининг ҳар кечасижа уч мартадан: «Сўрайдиган борми, унга сўровини берсам?! Тавба қилгувчи борми, тавбасини қабул этсам?! Мағфират сўрайдиган борми, мағфират қилсам?! Ким тўқсифат нойўқсилга, зулм қилмас вафолига қарз беради?!» дейди.
Аллоҳ азза ва жалланинг Рамазон ойининг ҳар бир кечаси ифтор олди дўзахдан бир миллион озод қиладигани бор. Жума кечаси – ёки жума куни – бўлгандан дўзахдан ҳар соат бир миллон кишини озод қилади. Уларнинг ҳаммаси азобга маҳкум бўлганлар. Рамазон ойининг охирги куни бўлганда эса, Аллоҳ бу куни ойнинг бошидан охиригача озод қилгани ададича озод қилади.
Қадр кечаси бўлганда Аллоҳ таборак ва таоло Жаброил алайҳиссаломга буюради, у тўп фаришталар билан ерга тушади. Ёнида яшил байроқ бўлиб, уни Каъбанинг тепасига ўрнатади. Унинг олти юз қаноти бўлиб, улардан иккитасини фақат қадр кечаси ёяди. Уларни ўша кеча ёяди ва улар мағрибу машриқдан ўтиб тушади.
Жаброил алайҳиссалом бу кеча фаришталарни тарқатади. Улар то тонг отгунча ҳар бир ибодатда турган, ўтирган, намоз ўқаётган, Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилайтганларга салом берадилар, улар билан кўришадилар, дуоларига «омин» деб турадилар. Тонг отгач, Жаброил алайҳиссалом: «Эй фаришталар жамоаси, йўлга, йўлга!» дея жар солади. Улар: «Эй Жаброил, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларидан иборат мўминларнинг ҳожатларини нима қилди?» дейишади. Шунда: «Бу кеча Аллоҳ азза ва жалла бу кеча уларга қараб, уларни кечирди, мағфират қилди. Фақат тўрт киши мустасно», дейди».
«Бу тўрттаси ким, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу тўрттаси ароқхўр, ота‑онасига осий, силаи раҳмни узган ва кекчи», дедилар. – «Кекчи гиначидир», дейишди – Ҳайит кечаси бўлганда, бу кеча «мукофот кечаси» дейилади. Ҳайит эрталаб бўлганда Аллоҳ фаришталарни жўнатади. Улар ернинг барча юртларига тушиб, кўчаларнинг оғизларида туриб олганча инсу жиндан бошқа Аллоҳ азза ва жалла яратган барча эшитадиган овозда: «Эй Муҳаммд соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари! Марҳаматли Парвардигор томон чиқинглар, мўл беради, улкан гуноҳларни мағфират қилади!» дея жар соладилар. Улар намозгоҳларига чиққач, Аллоҳ азза ва жалла фаришталарга: «Эй фаришталарим, ишчи ишини қилиб бўлса, унинг мукофоти нима?» дейди. Улар: «Илоҳимиз, хожамиз, мукофоти ҳаққини тўла олишидир», дейдилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла: «Эй фаришталарим, сизларни гувоҳ қиламан, уларнинг Рамазондаги рўзалари ва тунги ибодатларининг савобини Ўз розилигим ва мағфиратим айлади», дейди».
Аллоҳ азза ва жалла: «Эй бандаларим, мендан сўранглар, иззатим ва жалолимга қасамки, бугун шу тўпланишингизда мендан охиратингиз учун нимани сўраманг, сизларга ўшани бераман. Дунёйингиз учун эса, ўзингизга қарайман. Иззатимга қасамки, то мен билан муроқабада экансиз, сизларни тўсаман, иззатимга қасамки, сизларни гуноҳкорлар орасида шарманда қилмайман. Мағфират қилинган ҳолда қайтинглар. Мени рози қилдингиз, сизлардан рози бўлдим», дейди.
Аллоҳ азза ва жалланинг бу умматга Рамазон ойи рўзасидан чиққанларидаги берганларидан фаришталар шодланадилар ва суюнадилар».
Олдинги ҳадиснинг бошқа йўл билан қилинган ривояти.