Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Украиналик Марямдан мактуб
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу!
Аллоҳ таолонинг иродаси билан Исломга келганимдан жуда мамнунман.
Бу борада “Islam.uz” ҳамда “Muslimaat.uz” жамоаси менга ёрдам бериб, қўллаб-қувватлаб келмоқдалар. Барчаси учун сизларга миннатдорчилик билдираман. Одатда ўйларим, кечинмаларимни сизлар билан ўртоқлашаман. Чунки сизларнинг далдангиз мен учун муҳим доим!
Муқаддас Рамазон ойида барча ҳиссиётлар жўш уради, қалб ва кўнгил мусаффолашади. Баъзан юрагингдаги кечинмаларингни бўлишгинг келади.
Ислом динидан йироқ бўлган одамлар орасида яшаб, ишлаётганим учун гоҳида тушунмовчиликларга, аммо кўп ҳолларда қизиқишга ҳам дуч келаман. Турли хил саволлар ҳам етарлича. Масалан:
– қандай қилиб хотиржамликни сақлаган ҳолда мижозларга доимо кулиб, самимий муносабатда бўламан, айниқса, нодўстона (ёмон) муомалада бўлаётганлари билан;
– қандай қилиб ва нима учун Исломга келдим;
– қандай қилиб кунига 12 соат ишлаб, ҳар куни 100 дан ортиқ одам овқатланадиган ошхона олдидан ҳушимдан кетмаган ҳолда ўтиб, рўза тутаман;
– умуман, иймон келтирмоқ нима ўзи?
Ўйланиб қолдим… Нима деб тушунтирсам экан… қандай сўзлар билан? Ахир буни сўз билан ифодалаш мумкин эмас, киши уни ҳис қилиши керак… Кўпчилик ака-ука, опа-сингилларимиз одатда бу ҳолатни иймон лаззатини тотиш, дея таърифлашади.
Қалбимда иймон уйғонган лаҳзаларни жуда яхши эслайман. Кўнглимда жойлашиб, ҳаётимни, иншааллоҳ, фақат яхши тарафга ўзгартиряпти. Алҳамдулиллаҳ!
Буни нима билан солиштирсам ва ўзимнинг мисолимда қандай ифодаласам экан? Сўз бойлигим етмайди, бироқ уриниб кўраман…
Иймон қалбга қандай жо бўлади? Бу худди ичингга нур кириб, қуёш порлагандай гўё. Шунчалик иссиқ, шунчалик ёрқин порлайдики, одамнинг ички ва ташқи дунёсини таниб бўлмас даражада ўзгартириб юборади. Дунёдаги ҳаётинг маъно касб қила бошлайди! Яратган Зотнинг марҳамати ила тўғри йўлга, ҳақ йўлга қайта бошлайсан. Бу йўлда давом этар экансан, ҳар бир қадамда ичингдаги нур сени шундай қувват, ёғду билан қамраб оладики, жим кета олмайсан киши. Алҳамдулиллаҳ, биз – мусулмонлармиз! Ўйлайманки, бу ҳиссиётлар сизларга ҳам таниш.
Иймон таъми, лаблардаги иймон лаззати… ҳар ким бу кечинмаларни ўзича ифодалайди. Мен эса уни қуёшга таққослайман. Иймон – бу доим илиқлик, доим ёруғлик бағишловчи ичингдаги зиёдир.
Бу – эрта саҳардаги ёқимли шуъла. Янги бир кунингга Яратган Зотга ҳамдлар айтиб, уни барака билан тўлдиришини, ана шу барака нафақат сенинг ўзингга, балки яқинларингга ҳам икки дунёда манфаатли бўлишини дуо ила сўрашингдир.
Бу – ёз қуёшининг чошгоҳдаги нурлари. Улар сенга танлаш ҳуқуқинг борлигини эслатади: қиёмат кунидаги куйдирувчи жаҳаннам олови ёки жаннатнинг илиқлиги-ю ёруғлиги...
Бу – уфқдаги шафақ кабидир. Яшаган кунинг учун миннатдор бўлиб, «яхши амаллар тарозуси» оғирлашганига ва жаннатга яна бир қадам яқинлашганингга умид боғлашингдир.
Иймон мен учун…
Бу – ичингдаги зиё калбингни ёритиб, уни меҳр-муҳаббатга тўлдиришидир!
Ичингдаги зиё ақл-идрокинггача сингиб, уни ҳақиқий илмлар билан бойитишингдир. Бу эса ўз навбатида ахлоқинг, теварак-атрофга бўлган муносабатингнинг ўзгаришига сабаб бўлиши, эътиқодингнинг қатъийлашишидир.
Ичингдаги зиё нурлари кўзларингга етиши ва оламнинг турфа хил рангларда жилваланишидир. Кўзларинг, қалбинг осмонни, булутларни, табиатни, ойна ортидаги сайроқи қушларни, ҳаттоки визиллайдиган ва чақадиган чивинларни кўриб қувнашидир. Ва барчаси учун Аллоҳ таолога ҳамдлар айтишинг, ҳар бир сония учун!
Ичингдаги зиё ташқарига интилиб, оғзингдан чиқаётган сўзларнинг мулойимлашиши, теверакка бўлган муносабатинг яхшиланишидир. Ахир одамлар сенинг тимсолингда Исломни танишади-ку! Бу эса алоҳида масъулият.
Ичингдаги зиё қулоқларинггача бориб, эшитаётган маълумотларни ҳақиқат ёки ёлғонга ажрата олишинг, бундан қалбингдаги нур янада ёрқинроқ порлашидир. Алҳамдулиллаҳ!
Беш вақт намоз, Қуръон тиловати туфайли ичингдаги зиё бутун вужудингни тартибга солиши, қалб-кўнглингни юмшатиб, қийин вақтларда куч бағишлашидир. Ахир қуёш энг булутли кунда, улар ортида кўринмаса ҳам, ёруғлигини аямайди-ку!
Иймон – мана шу! Ҳа, айнан шу йўсинда у қалбимга жо бўлди. Ва айни шундай қалбимда яшамоқда!
Буни сўзлар билан ифодалаш қийин. Аллоҳнинг марҳамати ила уни фақат ҳис қилиш мумкин, юракка кириб, чулғаб олишига қўйиш керак. Алҳамдулиллаҳ! Ҳиссиётларим тўлиб-тошмоқда!!!
Уларни сизлар билан бўлишгим келди!
Аллоҳнинг раҳмати – Рамазон муборак бўлсин!
Ҳар биримизнинг алоҳида ва ҳаммамизнинг биргаликда яхши амалларимиз кўпайсин!
Икки дунё саодатига эришишлик муяссар бўлсин!
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам орзу қилган энг катта, энг тақводор уммат бўлиш насиб айласин!