АЛЛОҲНИНГ ҲУЗУРИДАГИ ҚАДРИНИ БИЛИШ УСЛУБИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

АЛЛОҲНИНГ ҲУЗУРИДАГИ ҚАДРИНИ БИЛИШ УСЛУБИ

У Зотнинг ҳузуридаги қадрингни билмоқчи бўлсанг, сени нима билан машғул қилиб қўйганига қарагин

Ушбу умидбахш ҳикматда айтилгани каби, ҳар бир инсон Аллоҳнинг ҳузурида ўзининг қадрини, мавқеини, даражасини билишга қизиқади. Инсон ўзи яшаётган ҳаёт тарзидан, хозирда турган ҳолатидан ҳосил қилган илмига кўра, ўз мақомини тахминан билади. Буни билмаслик, ҳис қилмаслик мумкин эмас. Аллоҳ таоло баъзан бандаларга яхшиликларини, мукофотларини оз-оздан сездириб қўйиб, охиратда ундан ҳам зиёда неъматлар борлигига ишора қилади, ўзига хос услубда умид бериб қўяди. Дунё ҳаётида бирон кишининг мақомига қизиққан банда оламларнинг Робби Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузуридаги мақомини билишни хоҳлайди. Бунинг учун эса яшаш тарзига, ҳис қилаётган ҳолатига қараб, айни ҳолатда асосан нималар билан машғул эканига эътибор бериш керак экан. Шояд ушбу ҳикмат тушкун ҳолда, сабабини билмай, кўнглида ғиллу ғашлик билан юрган кишиларнинг ғамгинликдан чиқишига ёрдам берса!

Ҳар бир инсон турли шак-шубҳаларга боришдан, иккиланиб, зулматларга кириб қолишдан сақланиши ва руҳиятини шариатга мувофиқ равишда тўғрилай олиши керак. Дунё ташвишларини аралаштириб юбориш ҳам инсон юрагидаги ғашликнинг тарқамаслигига, кўнгли ёришмаслигига сабаб бўлади.

Биз ҳозир қай ҳолатдамиз? Қандай маъсиятларда бардавом бўлиб қоляпмиз?

Бу ҳикматни тафаккур қилган сари, чуқурроқ англаган сари банда ўзининг ички ва ташқи ҳолатини яхшилашга, ислоҳ қилишга уринади, чунки ўзининг Аллоҳ наздидаги мақомини билиб қолади. Шунинг учун ҳам бу ҳикмат инсонни яхшиликка рағбатлантирувчи, умидбахш шиордир. Аллоҳ таоло бандани қай ҳолатга солиб қўйган? Зоҳирий кўринишдан хулосасига кўра, Аллоҳ буюрган амалларга камроқ вақт сарфлаётганини билиб, бу ҳолатидан хавотирланиши, дарҳол ўзини ўнглаб, Аллоҳнинг тоат-ибодатига, шариат баён қилган амалларга сидқидилдан киришмоғи зарур.

Инсоннинг кўпроқ вақти ибодатга сарфланаётган, илм билан машғулликда ўтаётган бўлса, лекин толиқиб қолиб, баъзи дунёвий ишларга улгурмаётган бўлса, ҳар қалай умрнинг кўпроқ қисми солиҳ амаллар билан тўлиб бораётганини кўриб, қалбида умид ҳосил бўлади. Аммо бу зоҳирий ҳолат, холос.

Лекин қалбан-чи?

Аллоҳ таоло ҳақида кўпроқ тафаккур қиляпманми? Қалбан шукрни эътироф қилаяпманми, зикр қилганда ҳолатни ҳис қиляпманми? Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг муҳаббатига кўпроқ интилишнинг йўли – зикрдир. Мен унда бардавом бўла оляпманми? Бу каби саволлар билан ўзимизни ислоҳ қилиб, бу ботиний ҳолатларни амалларда тасдиқлаётган бўлсак, мана шу шукрнинг қалбан адо қилинаётганига далолатдир.

Мақомимиз улуғ бўлиши учун нима қилмоқ керак?

Бунинг очиқ-ойдин ечими шундай: аввало ҳолатни тўғирламоқ, ўзидан хурсанд бўлиб, ғурурга кетмаслик, амалига суяниб қолмаслик.

Тўғри ҳолатда эканимизга ишонч ҳосил қилсак, ҳолатимизни янада зиёдалаштиришга уринишимиз лозим.

Яратганнинг Ўзи инсон зотини мукаррам қилиб қўйган. Уни яратишдан олдин унинг Ўзига ўринбосар бўлишини ирода қилган. Инсонни яратгандан кейин эса фаришталарга унга сажда қилишни буюрди. Малоикалар инсоннинг мартабаси ана шундай юксаклигини тасдиқлашди. Ҳа, инсон зотининг мақоми жуда улуғ. У мукаррам қилинган, фаришталар сажда қилган, ерда халифа қилинган мавжудотдир. Оятдан келиб чиқсак, Аллоҳнинг муҳаббати банданинг муҳаббатидан муқаддамдир. Аввал Аллоҳ таоло бандаларига муҳаббат изҳор қилган, кейин бандалар буни ҳис қилгач, қалбларида Аллоҳга муҳаббат вужудга келган.

Демак, муҳаббат аввал Аллоҳ таолодан, кейин бандалардан бўлар экан. Бироқ, инсон зоти баъзан ғофиллик қилиб, Аллоҳ таолонинг муҳаббатини йўқотиб қўйиши мумкин. Аслида У Зотнинг муҳаббати барча бандаларига нисбатан бўлади. Бироқ бу муҳаббатни ушлаб қолиш, зиёда қилиш учун инсон уни тўғри тасарруф қилиши лозим. Афсуски, банда ўзининг бебошлиги, бу илоҳий муҳаббатни сезмаслиги, Аллоҳ таолони ҳис қилмай, Унинг йўлига юрмаслиги, солиҳ амалларга интилмаслиги ўша муҳаббатни сўндириб қўяди. Шунинг учун инсон ўз мақомини, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг муҳаббатини билиши, сезиши лозим. Унинг ҳозирги ҳолатидаги хурсандчилик, паришонлик, тафаккур билан қилинган қалб ҳолатлари, руҳияти, ҳис-туйғуларнинг ҳолати Аллоҳ таоло билан қанчалик машғул бўлса, мақоми ҳам шунчалик У Зотга яқинлашар экан.

Ҳадиси шарифнинг маъносига кўра, Аллоҳ таоло «Бандам Мен томонга интилса, Мен ҳам интиламан. У юриб келса, Мен югуриб бораман, унинг кўрадиган кўзи бўламан» деган.

Банданинг ҳаракотларида, саканотларида, руҳий ҳолатларида Аллоҳ таоло чорланади. Банда яқин бўлишга қанчалик ҳаракатда бўлса, Аллоҳ таоло унга ундан ҳам кўп интилади. Биздан талаб қилинадиган нарса – берилган инъомни ушлаб қолиб, унинг шукрини адо қилиб, маҳкам тутган ҳолда янада зиёда қилиб олишдир, чунки бунга имконият берилган. Банда учун бундан катта инъом, бундан катта мақом бўлмайди.

Ҳар хил дунёвий ишларга, ташвишларга берилмасдан, дунёнинг фоний эканини тўла ҳис қилиб, Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги неъматларгина ҳақиқийлигини, боқийлигини билган банда учун У Зотнинг муҳаббатига интилишдан афзал иш қолмайди, дунёдан совишдан бошқа нарса қолмайди. Мана шу ҳақиқий банданинг асл ҳолатидир.

Ушбу ҳикматда Аллоҳнинг ҳузуридаги мақомимизни билиш шунчалик очиқ айтилганки, бундан кейин амалларнинг қабул бўлиш-бўлмаслиги ҳақида шак-шубҳаларни, кўнгил ғашликларни тарк қилиб, Аллоҳнинг раҳматидан умид қилган ҳолда, ибодатларда янада мустақим бўлиш лозимдир.

Мавзуга оид мақолалар
Тоатга уринмай, унинг йўқлигига маҳзун бўлиш ғурурга кетишнинг аломатларидандир. Ғурур деганда одатда омма давоми...

05:00 / 01.06.2020 2677
Фоний бўлмас иззатинг бўлишини истасанг, фоний иззат билан иззат талаб қилма.Инсон ўзининг азизлигини талаб давоми...

03:31 / 01.09.2020 2428
У Зотдан сен талаб қиладиган энг яхши нарса У сендан талаб қиладиган нарсадир. Банда талаби дуо қилганида давоми...

19:00 / 21.05.2020 4297
Орифларнинг Аллоҳдан сўрайдигани бандаликда содиқ бўлиш ва рубубият ҳақларини адо этишдир.Аллоҳ таолодан давоми...

00:00 / 02.07.2020 2923