Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Муслималар учун янги ижтимоий тармоқ
Одессалик муслима Ася Акбаба нетворкинг тамойилларига асосланган ҳолда ишловчи “Аманатинфо” муслималар маърифий интернет-платформасига асос солди, дея хабар қилади “Ислам в Украине”.
“Бу янги авлод муслималарига мўлжалланган платформадир”, дейилади мазкур ресурс асосчилари баёнотида. Шу билан бирга, баёнотда “Аманатинфо” ҳеч бир сиёсий ёки диний ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмайдиган мутлақо мустақил ва эркин лойиҳа экани таъкидланади.
Асянинг Facebook тармоғида ёзишича, ушбу лойиҳа тақдимотини жонли эфирда 2 000 га яқин киши кузатган:
“Сиз орзу қилишга ҳам журъат этмаган ниятларингиз ҳеч амалга ошганми? Бугун нафақат менинг, балки кўплаб муслималарнинг ана шундай орзуси ушалди. Алҳамдуллилаҳ. “Аманатинфо” фаолият юритишни бошлаганига эндигина 8 ой бўлишига қарамасдан жамоамиз асосий мақсадига эриша олди. Биз муслималарга аталган дунёдаги илк (Марк Цукерберг мендан хафа бўлмайди, деб умид қиламан) ижтимоий тармоқни тақдим этдик!”
Рус, инглиз ва турк тилларида ишлайдиган “Аманатинфо” платформаси ҳалол йўл билан ўзини намоён қилиш, шариат доирасида замонавий билимларни эгаллаш, шунингдек, бутун дунё бўйлаб диндош опа-сингиллар билан танишиш имконини беради. Бироқ, шунга қарамай, лойиҳа муаллифлари платформа диний эмаслигини таъкидламоқдалар. Гарчи ресурсда ҳадислар ва Қуръон оятлари келтирилса-да, ундан кўзланган мақсад диний билим бериш ёки бирор диний амалларни бажаришга ундаш эмас.
Лойиҳа сайтида мусулмонлар ҳаётига оид янгиликлар жойланади. Шуниси аҳамиятлики, информацион маълумотларга қўйиладиган асосий талаб – холислик бўлиб, мақола муаллифлари ахборот етказар эканлар, ҳеч бир томон манфаатини кўзламай, ўқувчиларни нимадир қилиш ёки қилмасликка, бирор тўхтамга келиш ёки келмасликка чорламайдилар.
Лойиҳа муаллифлари потенциал фойланувчиларга қарата: “Сиз омонатсиз”, дея мурожаат қилишади. Зеро, “Аллоҳнинг инояти ила аёл даставвал отасига, кейин жуфтига омонат ҳисобланади. Ҳисоб-китоб кунида сиз учун улар жавоб беришади. Сиз ҳам қилган амалларингиз, ибодатингизнинг, сизга инъом этилган бу умр лаҳзаларини неларга сарфлаганингизнинг жавобини берасиз. Яна Яратган сизга омонат сифатида берган бошқа неъматлар борасида ҳам сўроқ қилинасиз: оилангизда тинчлик ва хотиржамликни сақлай олдингизми? Жуфти ҳалолингизни рози қила олдингизми? Соғлиғингизга эътиборли бўлдингизми? Организмингизга зиён етказиб қўймадингизми? Ўзингизга оро бериб, турмуш ўртоғингиз учун зийнатланишга ҳаракат қилдингизми? Тижоратингизда ҳалолликни касб этдингизми? Даромадингиз ортиб, ошиғингиз олчи бўлган пайтда нафсингизни жиловлай олдингизми? Аллоҳ сизга ато этган қобилиятни тўлиқ ишга сола олдингизми?..
Биз, Исломга онгли равишда қайтган ёки бошқа конфессиялардан Исломга кирган мусулмонлармиз. Аммо бу танловларига қарамай, баъзи диндош опа-сингилларимиз номусулмон жамиятда ёки Ислом қоидаларига риоя қилмайдиган оилаларда яшаётгани боис қабул қилмаслик, яккалаб қўйиш, ҳижобда юришга ва намоз ўқишга тўсқинлик қилиниши билан боғлиқ кўплаб қийинчиликларга дуч келишаяпти. Лекин биз бу синовларда тобланамиз ва ўз йўлимизда интернет ёрдамида билим олиш, ўсиш ва ижоду бизнес каби соҳаларда имкониятларимизни ишга солиш йўлида оилаларимизга зиён келтирмаган ҳолда давом этаверамиз. Биз бундан-да кўпроғига қодир эканимизни биламиз, аммо шу билан бирга, ўз режа ва лойиҳаларимизни динимизга зид ҳолатларга кўз юмган ҳолда амалга оширишни истамаймиз. Биз тинмай “саралаш”дан ва ўз қадриятларимизни қурбон қилиш даражасига яқин келиб қолишдан чарчадик. Шу боисдан биз бутун дунёдаги диндош опа-сингилларимиз сафида, бизга қулай шароитларда келажагимизни қуриш учун ўз йўлимизни, ўз қонун-қоидаларимиз ва ўз платформамизни танладик”.
“Аманатинфо” платформаси менюсида “Ўқи”, “Тингла”, “Томоша қил”, “Имкониятларингни ишга сол” ва “Энг кўп бериладиган саволлар” каби бўлимлар мавжуд. “Илм ол” дея номланган бўлимда онлайн-воркшоплар, турли курслар, вебинар ва инфошопни топиш мумкин.
“Аманатинфо” лойиҳаси Facebook, Instagram, Telegram ижтимоий тармоқлари орқали тақдим этилган.