Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Шифокор ва телебошловчи Александр Мясниковнинг айтишича, табиий қаҳва жигар касаллиги билан оғриган беморлар учун фойдали. Бу ҳақида0 “РИА Новости” хабар беради. Мутахассиснинг берган маълумотига кўра, бу ичимликни мунтазам ичиб юриш гепатитдан циррозга, цирроздан саратонга чалинишни олдини олади. Шифокор жигар касаллиги билан оғриган беморлар кун давомида уч-беш финжон қаҳва ичишлари кераклигини таъкидлаб ўтди.
У яна қўшимча қилиб, қаҳва ичишга кўниккан гипертония касаллиги бор беморларда ичимлик қон босимининг ошишига сабаб бўлмаслигини айтади. Қаҳванинг фойдаси ҳақида таниқли мусулмон олимлари ҳам гувоҳлик беришган. “Ислом табобати олимлари қаҳва ичиш уйқу, летаргия (уйқучанлик), ҳолсизлик, дангасаликни ҳайдайди ва мусулмонларга тўлиқ ибодатларни адо этишларига ёрдам беришини айтадилар” ( “Фатава ал-Чохи, 553-бет).
Қаҳва ичиш билан инсон зикр, Қуръони карим тиловати, илм билан машғул бўлиш, тунгги таҳажжуд намозига уйғониш ва бошқа амалларни тетиклик билан бажаради. Қаҳванинг фойдасию афзалликлари беҳисобдир. Улардан баъзиларини келтириб ўтамиз.
Қаҳва қайт қилишни олдини олувчи, балғам тозаловчи, чарчоқ ва ҳолсизликни кетказувчи хусусиятга эга. Шифокорлар қаҳвадан фойдаланишнинг яна бир ҳайрон қолдирувчи жиҳати ёқимсиз касаллик бўлган геморройдан халос қилишини ҳам айтадилар.
Шунингдек, ел чиқарилишини камайтиради, қорин соҳаси оғриқлари ва бош оғриқларини енгиллаштиради. Қаҳва иштаҳа уйғотади, овқат ҳазм қилиш ва баъзи кўз касалликларида ҳам даво бўлади. Хусусан, кўз қовоқларида пайдо бўлган шиш ва доғларни йўқотишда фойда беради.
Қаҳва ичиш ишлаш қобилиятига салбий таъсир қиладиган мияга тўпланувчи заҳарли моддаларни олдини олади ва сезгиларимизни кучайтиради. Бир донишманд шундай дейди: “Қаҳванинг энг асосий баракаси, иймонлашувчи биродарлар бу ажойиб ичимликни ичиб, Аллоҳнинг розилигига етакловчи суҳбатлар қилишларидадир”.
Islam.ru
Ирода Эргашева таржимаси