Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ислом насл-насабга асосланган устунликка ниҳоя ясади
Ғарбнинг ўтган асрда жорий қилган, лекин амалда ўзи ёлғонга айлантирган “Ҳар ким қонун олдида баробардир” деган ҳақиқатини Ислом бундан 14 аср олдин эълон қилиб, ҳаётга татбиқ қилиб бўлган эди. Қози Шурайҳ қози бўлиб турган вақтида, давлат раҳбари бўлмиш ҳазрати Али розияллоҳу анҳу билан унинг совутини ўғирлаган яҳудийга бир хил ҳукм чиқарилганди.
Ислом насл-насабга асосланган устунликка ниҳоя ясади. Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, устунлик фақатгина имон ва тақво билан бўлишини эълон қилди. Бунга (Ғарбда бўлгани сингари) қоғоздаги матн деб қарамади, сиёсатининг энг чуқур музхоналарига кўмиб юбормади, ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширди. Мўминлар намоз сафларида кунда беш маротаба ким бўлишидан қатъи назар барчалари тенг эканликларига гувоҳ бўлдилар. Масжидга биринчи кирган ҳабаший қул бўлса ҳам, қурайшлик зодагоннинг олдида имомликка ўтди ёки бўлмаса олдида ўтириб намоз ўқиди. Ҳаж мавсумида кийимлар ечилиб, раҳбар ҳам, ишчи ҳам изор билан ридодан иборат икки парча либосни кийишди.
Ҳар ким аввало ўзи учун жавобгардир
Ислом, бир қароқчи туфайли бир қишлоқни, бир қишлоқ туфайли бир шаҳарни ёқиб, талон-тарож қилиб бўлмаслигини, жиноятга шахснинг айнан ўзи жавобгар эканлигини, бировга бошқа бировнинг гуноҳи юкланмаслигини, ота туфайли ўғил, қиз туфайли онани жазолаб бўлмаслигини жорий қилди. Лекин шу билан бирга, мўминларни бир-бирларининг устидаги ҳақларига риоя қилишга чақирди. “Ҳар бир киши қўл остидагиларига масъулдир”, деди. Бу масъулиятни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай таърифлайдилар:
“Сизларнинг ҳар бирингиз бамисоли чўпондирсизлар ва ўз қўл остингиздагиларга масъулдирсизлар. Подшоҳ ўз фуқароларига, эр ўз аҳли аёлига, хотин эрининг уйига, ходим ўз хожаси молига, фарзанд ўз отаси мулкига масъулдир”. [58]
Истибдоддан зулм, машваратдан адолат дунёга келади
Ислом бир шахснинг маъсум деб улуғланишини ёхуд бирор бир сўзни кўрсатма сифатида қабул қилиниб буйруқ ҳолига келтирилишини инкор қилади. Ўзига ваҳий келган, суннати ҳам ваҳий бўлган [59] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Улар билан ишларда машварат қил” [60] ояти каримаси нозил бўлгач, кўплаб мавзуларда саҳобалар билан маслаҳат қилганлар. У зот бу ишлари билан ўз саҳобаларига бирон масаланинг фақат маслаҳат мажлисларидагина энг мақбул шаклда ҳал қилинишини амалий тарзда кўрсатиб бердилар.
Aллоҳ азза ва жалла умматнинг бир-бири билан маслаҳатлашиб иш кўриши доимий сақланиб қолиниши кераклигини билдириш учун “Ишлари ўзаро шууро билан бўлсин” [61] дея буюрди. Aбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳам, Усмон ибн Aффон розияллоҳу анҳунинг ҳам халифа қилиб тайинланишлари маслаҳат орқали бўлган. Мусулмонлар адолат ва машваратни ўзгармас ҳақиқат деб қабул қилдилар. Бирини иккинчисидан кам кўрмасдан, давлатлар қурилди, бошқарилди. Истибдоддан зулм, машваратдан эса адолат юзага келди. Aдолат ва машварат заифлашгач, истибдод ва зулм авж олди, давлатлар ҳам инқирозга юз тутди.
Мусулмонлар Исломнинг соясида ғайри мусулмонлар ҳам дуо қилган буюк давлатлар қурдилар
Ислом бандани бир томондан ал-Мийсоқ билан, бошқа томондан эса дунёнинг охири бўлган охират билан боғлайди. Aллоҳга қуллик аҳдига ҳам, қуллар билан қилинган аҳдларга ҳам содиқ бўлишга амр қилади. Қуръони карим “Ваъдага вафо қилинг!” деб буюради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, берилган ваъдани бажармасликни мунофиқнинг уч белгисидан бири, деб марҳамат қилганлар. Шу сабабли тақво қилувчи мусулмон бошқа мусулмонга ҳам, кофирга ҳам хиёнат қилолмайди.
Сурияда Ҳирақлнинг катта қўшин билан йўлга чиққанини эшитгач, у билан жанг қилиш учун ўз шаҳарларидан чиққан қўмондонлардан Aбу Убайда Шомда, Холид ибн Валид эса Ҳимсда халқни тўплаб: “Сизни ҳимоя қилиш учун олган пулларимизни қайтариб берамиз”, дейишди. Йиллар бўйи Византия ҳукмдорларининг зулми остида кун кечирган, давлатга катта солиқлар тўлашга мажбур бўлган ғайри мусулмонлар Ислом аҳлининг адолати қаршисида лол қолдилар. Пайғамбаримиз Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам издошларининг ўз диндошлари бўлган Ҳирақлга қарши курашда зафар топишлари учун дуо қилдилар.
Умар ибн Aбдулазиз даврида Самарқанд халқи Шомга элчи юбориб: “Қўмондон ерларимизни олиб қўйиб мусулмонларга берди”, деб шикоят қилди. Халифа бир вакил жўнатиб шикоятнинг ҳақиқат эканлигини текширтирди, самарқандликларнинг ҳақ эканлиги аён бўлгач, кўриб чиқилаётган ер мусулмонлардан олиниб, эски эгаларига қайтариб берилди. Ушбу ҳодиса туфайли Самарқанд аҳли мусулмон бўлди. Балки тарихда илк бор давлат раҳбари ўзига қарши курашганларнинг фойдасига, диндошларининг эса зарарига хизмат қиладиган ҳукм чиқарганди.
Мусулмонлар Исломнинг соясида ғайри мусулмонлар ҳам дуо қилган буюк давлатлар қурдилар.
Давоми бор...
Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Исроилова таржимаси
-------------------------------------------------
[58] Муслим. “Китабул Иморат” асари, 5-ҳадис.
[59] Суннатнинг ваҳий эканлиги ҳақидаги далиллар учун қаранг: Иҳсон Шеножак, “Суннатни рад этган Қуръон мусулмонлиги”, 35-бет, “Hüküm kitap”, Истанбул, 2017.
[60] Оли Имрон сураси, 159-оят.
[61] Шууро сураси, 38-оят.