Аслида бахт ўз қўлларимиздами?..
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ассалому алайкум. Ёшим қирқ иккида. Турмуш қурганимга йигирма йил бўлди. Учта фарзандим бор. Турмуш ўртоғим бошқа аёлга кўнгил қўйган. Шундай бўлса-да, чидадим. Кейин менинг олдимдаги вазифаларини ҳам бажармай қўйди. Мен жинсий ҳаёт йўқлиги сабаб мастопатия касаллигига чалиндим. Ўз ҳаққимни ҳам йиғлаб сўраб оламан. Нафс учун эмас, касаллик бўлмаслиги учун шундай йўл тутаман.

Мен покиза, ўзимга қараган кўримли аёлман. Лекин турмуш ўртоғим менга қарагиси йўқ. Турмуш ўртоғим менинг зорланишларимга беписанд қарайди. Ажрашай десам яқинларим: “Биргина жинсий муносабат йўқлиги сабаб ажрашашасанми?” деб койишади. Турмуш ўртоғим: “Нафсинг хоҳласа, зино қилавер, гуноҳини бўйнимга оламан. Сенлар учун ҳеч нима қилгим келмайди...” дейди. Уйимизда ҳар куни жанжал. Турмуш ўртоғим намоз ўқимайди, ҳаром ичимликлар ҳам ичади.

Кўпчиликнинг аслида бахт ўз қўлингизда, деганини  эшитиб қоламан.  Менга  насиҳат ва маслаҳат қилинг.  Мен ҳам  бахтлилик туйғусини  бошқа аёллар каби туюшни истайман...


Психолог жавоб беради:

– Ва алайкум ассалом. Аввалом бор нима қилмоқчи эканингизни яхшилаб аниқлаб олинг. Мақсадингиз шу инсон билан умрингизнинг охиригача сабр қилиб яшашми ёки ўзингиз ёлғиз яшамоқчимисиз?  Эҳтимол бошқа турмуш қуришни истаётгандирсиз? Мана шундай хаёлларда бўлсангиз, хаёлларингизни жамлаб,  бир қарорга келиб олинг. Агар ажрашаман десангиз ҳам ҳаққингиз бор, йўқ, яшайман, десангиз ҳам ҳаққингиз бор. Эркак киши адекват бўлса ҳам унинг кўнглига йўл топиш осон иш эмас. Аммо бу ишни уддасидан чиқиш мумкин бўлган вазифа. Шундай қила олсангиз гўё сиздан кўра хотиржамроқ ва бахтлироқ инсон йўқ бу дунёда. Аслида аёл киши турмушга чиққач, ҳақиқий бахт туйғусини энди тотаман деб ўйлайди ва бахт ҳисси учун бутун масъулиятни турмуш ўртоғига юклайди. Демоқчиманки, аёл киши бахтли бўлиши учун фақат эркак киши сабабчи бўлавермайди. Бахт ҳиссини аёл киши ҳар нарсадан топишни ўрганиши керак. Масалан, кимдир тирноққа зор, сизнинг эса гулдек фарзандларингиз бор, кимдир бошпанасиз, сизнинг эса турар жойингиз бор, кимдир ейишга нон тополмайди, сизнинг рўзғорингиз кам бўлса-да,  нарсангиз борки, қозонингиз қайнайди. Кимдир тонгда уйғонади, ҳовлисига чиқади, қушларни сайрашини эшитади, қуёш унинг юзини қиздиришини ҳис этади, аммо кўзлари шуни қани энди кўрса... Бир аёл маълум касаллик сабаб қулоғи эшитмай қолганида онамнинг алласини бир марта бўлса эшитишга қолган умримни бериб юборардим, деганди. Жон беришига бир ҳафта қолган бир мунис онахонни қани энди кучим бўлсаю ўзим ҳаммомга тушиб покланиб, мазза қилиб чўмилиб чиқсам ва тўйиб-тўйиб ибодат қилиб олсам, деган эди. Мана шу неъматларнинг ҳаммаси аслида бахт. Биз аёллар жуда калта ўйлаймиз. Турмуш ўртоғимиз қовоғини уйиб олса бўлди, мен бахтсизман, деймиз. Айтган рўзғоримизни қилиб бермаса, у менга эътиборсиз, мени севмайди, мен бахтсизман, деймиз. Турмуш ўртоғимиз қилган рўзғори учун жонини жабборга бериб пешона терини тўкиб ишлаб топиб келади, бизнинг кўзимизга фалончининг эри аёлига олиб берган машинаси, қўзичоқдан тикилган чопони кўринади. Агар аёл киши ҳар нарсадан бахт ҳиссини сеза олса, ҳар лаҳзада Аллоҳнинг неъматини ҳис эта олса, кўзлари чақнаб туради, дунёқараши, ўй-хаёллари ижобий бўлади, келажаги ҳақидаги гумонлари фақат яхшилик бўлади. Табиийки ҳаёти ҳам яхшиликлардан иборат бўла бошлайди. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда “гумонингдаман” деган. Шундай экан, яхши гумонни қилавериш керак.
Сиз ҳам ўтган ҳаётингизга назар ташламаган ҳолда келажагингизни чиройли кўра олишни бугунингиздан бошланг. Тасаввурларингизда, хаёлларингизда салбий ўй-хаёлларни йўқ қилишга ҳаракат қилинг. Бунинг учун кўпроқ пиёда юришингиз керак. Бахтни фақат ўзингиздан кутинг. Бунинг учун тонгда ҳаммадан вақтлироқ уйғониб ёлғизликда ўтириб зикр қилинг ва ўзингизнинг бу ҳаётингиз, охиратингиз ҳақида тафаккур қилиб кўринг. Ўзингизни хурсанд қилинг ва аёллик куч-қувватига тўлиб-тошинг. Бунинг учун ҳар куни севган машғулотингиз билан бир-икки соат шуғулланинг. Кайфиятингизни аъло даражада бўлишини таъминланг. Бунинг учун жисмоний машқ билан шуғулланинг. 10-15 кунда бир марта бўлса ҳам ҳаётида мақсади бор, энергияга тўла дугоналарингиз билан учрашиб туринг. Гумонларингизни чиройли қилинг. Бунинг учун табассумлик бўлинг. Юқоридагиларни режалаштира олсангиз, иншааллоҳ, турмуш ўртоғингиз сизнинг бахтингизга сабабчи бўлишга ҳаракат қила бошлайди. Болаларингиз сизни бахтли она эканингизни кўриб, улар ҳам ўзларини бахтли ҳис этадилар. Чунки боланинг хурсандчилиги тўғридан-тўғри онага боғлиқдир. Валлоҳу аълам.

Манба
Мавзуга оид мақолалар
Турмуш ўртоғимнинг хиёнатидан чарчадим...Ассалому алайкум. Турмуш қурганимда яқинда саккиз йил бўлади. Ўн давоми...

22:25 / 11.12.2022 5433
quotРоббимиз, иккимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, давоми...

00:15 / 07.03.2023 1830
.Аллоҳгагина таваккал қилдик. Роббимиз, бизни золим қавмларга фитна қилиб қўйма,.

23:03 / 14.06.2023 1760
.Эй Роббимиз, Ўзинг биздан жаҳаннам азобини бургин, албатта, жаҳаннам азоби доимийдир,.

23:18 / 02.06.2023 1493