Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Кеча,15 март куни “Ҳилол нашр” мажлислар залида “Отинойилар қўлланмаси” иккинчи босқич китоблар тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Қўлланманинг биринчи босқичи 2021 йили сентабрь ойида нашрдан чиққан бўлиб, у 6 та китобдан иборат бўлган. Хабарингиз бор, мазкур лойиҳа устоз Одинахон Муҳаммад Содиқ ташаббуси билан бошланиб, шу кунгача маслаҳат ва тавсиялари билан фаолият олиб борилмоқда. “Қуръон”, “Ҳадис”, “Сийрат”, “Ақийда”, “Фиқҳ” ва “Жаноза” китобларини ўз ичига олган бу тўпламни аёл-қизларимиз жуда яхши кутиб олишди.
Маълумот ўрнида шуни қайд қиламизки, шу йилнинг февраль ойида бу тўпламнинг иккинчи босқич китоблари ҳам нашрдан чиқди. Бу туркумга аввалгиларга қўшимча равишда яна бир китоб – «Аёл ахлоқи» китоби ҳам қўшилди. Бу китобга Одинахон Муҳаммад Содиқнинг «Гўзал ўрнак» китобидан аёлларга хос масалалар ажратиб олиб, жамланган.
Ушбу қўлланманинг иккинчи босқичидаги “Ақийда” китоби учун Муҳаммад Солиҳ Фарфурнинг «Тавҳид ҳақида манфаатли рисола ва қатъий ҳужжат» китоби танлаб олинган. Иккинчи босқич тўплами – “Қуръон”, “Ҳадис”, “Сийрат”, Ақийда” “Фиқҳ”, “Мавлид, “Аёл ахлоқи” китобларидан ташкил топиб, аввалги тўпламдан мавзу ва ҳажм жиҳатидан анча кенг ва катта.
Тадбирда ушбу тўпламларни тузувчилар: Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус таълим муассасаси етакчи ўқитувчилари Гулобод Қудратуллоҳ, Пошшахон Эшонхон қизи, Адина Саидаҳмедова ва сайтимиз бош муҳаррири Барно Саидраҳмон сўзга чиқдилар. Улар мазкур китобларни тўплаш, таҳрир қилиш жараёнлари ҳақида йиғилганларга гапириб бердилар.
Чилонзор тумани бош отинойиси Холида Усмонова қўлланмаларнинг отинойилар фаолиятида тутган ўрни, уларга бўлган эҳтиёж ва бу қўлланмаларни тайёрловчи ишчи гуруҳга тавсиялари, фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Тадбир сўнгида Одинахон Муҳаммад Содиқ қўлланмалар устида ишлашнинг келажак режаси ҳақида гапираркан, “Бу лойиҳа келгусида нафақат отинойилар, балки аёл-қизларимизнинг таълим ва тарбия соҳасидаги фаолиятларида муҳим манба сифатида хизмат қилади”, деган умиддаман, дедилар.
Аллоҳ таоло устозу устозаларимизнинг динимизнинг таълимотларини етказиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини бардавом қилсин, ушбу ишлардан ҳосил бўлган ажру савоблардан барча устозларимизни баҳраманд қилсин!