Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Аллоҳ сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан яратиб, кейин жуфт-жуфт қилиб қўйди» (Фотир сураси, 11‑оят).
Тупроққа жон киргизиб, одам қилган Зот – Аллоҳ.
Нутфага жон ато қилган Зот – Аллоҳ.
Инсонни жуфт – эркак ва аёл қилиб яратган Зот – Аллоҳ.
Эркакка эркаклик ва аёлга аёллик хусусиятларини берган Зот – Аллоҳ.
«Ва Унинг оят-белгиларидан сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда меҳру муҳаббат ва марҳаматни солиб қўйганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир» (Рум сураси, 21‑оят).
Инсонни эркак-аёлга ажратиб, жуфт яратишининг ўзи Аллоҳнинг Биру Борлиги, баркамол сифатлар соҳиби эканининг ёрқин далилидир. Эътибор ила тафаккур қилиб кўрилса, инсоннинг эркак ва аёл қилиб яратилишининг ўзи улкан мўъжизадир.
Аллоҳ таоло инсоннинг ўзидан унга жуфт яратиб беришининг ҳикматини баён қилиб: «сокинлик топишингиз учун», демоқда. Дарҳақиқат, эркак фақат аёлидангина сокинлик, ором, ҳузур-ҳаловат, осойишталик ва тинчлик топади. Шунингдек, аёл ҳам ўзига керак сокинлик, ором, ҳузур-ҳаловат, осойишталик ва тинчликни эркакдан топади. Ушбу оддий ва улкан ҳақиқатни англаб етиш учун бир тасаввур қилиб кўрайлик-а:
Дунёдаги барча инсон зоти фақат эркаклардан иборат бўлса, нима бўларди?
Жавоб битта: "Дунёда эркак учун сокинлик, ором, ҳузур-ҳаловат, осойишталик ва тинчлик топилмасди. Инсон насли бир авлоддан кейин инқирозга учрарди, қирилиб битарди.
Аксинча, дунёдаги барча инсон зоти фақат аёллардан иборат бўлса, нима бўларди?
Бу саволнинг ҳам жавоби битта: "Дунёда аёл учун сокинлик, ором, ҳузур-ҳаловат, осойишталик ва тинчлик топилмасди. Инсон насли бир авлоддан кейин инқирозга учрарди, қирилиб битарди".
Демак, инсоннинг жуфт қилиб, эркак ва аёлдан иборат қилиб яратилишининг ҳикмати жуда ҳам катта.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ. "Бахтиёр оила" асаридан