Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ота дарсни Холид ва Фотимадан ҳолларини ва мактабда нималар қилганларини сўраш билан бошлади. Сўнгра Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримдан ёд олганларини текширди. Шундан сўнг ота ва болалар ўртасида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтди:
Ота:«Фарзандларим, уйқудан олдин ўқиладиган дуони ёдлаб олдингизларми?»
Фотима:«Уни ёдлаб, уйқуга ётишдан аввал ўқидим». Холид:«Аллоҳ сизни яхшилик билан мукофотласин, отажон. Уйқуга кетиш дуоси ва одобларини ўргатиб қўйдингиз... Эрта ётиб фойда кўрдим ва сокин ҳолда ухладим. Ота:«Яхши ўғлим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир яхшиликни қолдирмай ҳаммасига бизни далолат қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ишлар яхшиликнинг ҳаммасидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ишлар яхшиликларнинг яхшилигидир». Фотима: «Отажон, уйқуга кетаётганда шундай гўзал дуо бор экан, уйғонганда айтиладиган шунга ўхшаш дуо борми?» Ота: «Барокаллоҳ, эй Фотима! Ҳа бор, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқудан турганларида ушбу дуони ўқиганлар:
الْحَمْدُ للهِ الَّذِي أَحْيَانَا بَعْدَ مَا أَمَاتَنَا وَإِلَيْهِ النُّشُورُ
«Алҳамду лиллаҳиллазий аҳяанаа баъда маа аматанаа ва илайҳин нушур». (Жонимизни олгандан сўнг бизни тирилтирган Аллоҳга шукр мақтовлар бўлсин. Ва қайтиш унгадир) (Имом Бухорий, Абу Довуд ривояти)
Фотима: «Иншааллоҳ, ҳар уйқудан уйғонганимда ўқиш учун шу гўзал дуони ёдлаб оламан». Ота: «Бугун, суюклиларим, мавзуимиз Ислом асосларининг иккинчиси бўлган намоз ҳақида. Намоз бу банданинг барча айбу нуқсонлардан пок ва улуғ Роббиси билан боғланишидир. Банда намозда Роббисига муножот қилади, такбир айтади, тасбиҳ айтади ва намозда хоҳлаган нарсасини Роббисидан сўрайди.
Бир кунда беш вақт намоз бор. Улар: 1. Бомдод намози: икки ракъат суннат, икки ракъат фарз. 2. Пешин намози: тўрт ракъат суннат, тўрт ракъат фарз, икки ракъат суннат. 3. Аср намози: тўрт ракъат фарз. 4. Шом намози: уч ракъат фарз, икки ракъат суннат. 5. Хуфтон намози: тўрт ракъат фарз, икки ракъат суннат ва охирги бўлиб ўқиладиган витр намози уч ракъат. Ҳар бир мусулмонга беш вақт намозни ўз вақтида ўқиш шарт ва мажбурийдир. Намоз амали солиҳларнинг Аллоҳга энг суюкли амалидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга энг суюкли амаллар ўз вақтида ўқилган намоз ва ота-онага яхшилик қилиш», дедилар». (Имом Бухорий ва Муслим ривояти) Холид: «Исломнинг учинчи асоси ҳадиси шарифда келган закотдир». Ота: «Тўғри айтдинг, ўғлим. Иншааллоҳ, бу ҳақда кейинги дарсда суҳбатлашамиз. Ҳозир эса уловга миниш дуоси ва одобларини ўрганамиз. 1. Қандай улов бўлмасин, машинами, поездми ёки самолётми фарқи йўқ, чиқмоқчи бўлинганида биринчи бўлиб «бисмиллаҳ» дейилади.Сўнгра: سُبْحَانَ الَّذِي سَخَّرَ لَنَا هَذَا وَمَا كُنَّا لَهُ مُقْرِنِيْنَ، وَإِنَّا إلَي رَبِّنَا لَمُنْقَلِبُونَ
Субҳаналлази саххоро лана ҳаза ва маа куннаа лаҳу муқринийн. Ва инна ила Роббина ламунқолибун.
Маъноси: Бизга буни бўйсундириб қўйган Зот барча айбу нуқсонлардан покдир. Биз бунга қодир эмас эдик ва биз, албатта, Роббимизга қайтгувчимиз. 2. Тартибга риоя қилинади ва одоб билан ўтирилади, ҳеч кимни сиқиб қўйилмайди. 3. Уловнинг ойнасидан бош чиқарилмайди. 4. Уловни ичига ахлат ташланмайди. 5. Улов юриб кетаётганида тушилмайди, бутунлай тўхтагунича кутилади. Тушишдан олдин ҳайдовчига билдирилади. Бу улов минишнинг баъзи одобларидир. Мана шу ерда, суюклиларим, дарсимиз тугади».