Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Юз парвариши: Ўсмир қизнинг энг гўзал безаги бу унинг майин, тоза, таранг терисидир. Бу борада 4 қоида мавжуд:
Кир қўл билан юз терисига тегмаслик
Бирорта кескин таъсир кўрсатувчи воситалар(турли скраблар, таркибида спирт бўлган лосьонлар, муаллифлик совунлари)дан фойдаланмаслик
Ичаклар фаолиятини мунтазам назорат қилиш
Барча косметик маҳсулотларни уйқуга ётишдан аввал ювиб ташлаш
Терини юмшатиш ва озиқлантириш учун имкон қадар табиий маҳсулотлардан фойланмоқ керак, агар кимёвий воситаларга, яъни турли кремларга мурожаат қиладиган бўлсак, унда энг яхшиси маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари(сақлаш муддати 1 йилгача бўлгани). Агар хорижда ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан фойдаланмоқчи бўлсак, янги туғилган чақалоқларга мўлжалланганини харид қиламиз. Чунки уларни ишлаб чиқаришда энг майин воситалардан фойдаланилади.
Кўпгина ўсмирлар учун ҳуснбузарлар ҳақиқий фожеа ҳисобланади. Лекин аслида ҳуснбузарларга катта аҳамият бериш шарт эмас, чунки бу гормонлар ўзгариши натижасидир, модда алмашинувининг бузилиши эмас. Лекин ҳеч қайси бир ўсмир қизга уларни сиқиш мумкин эмаслигини тушунтириб бўлмайди. Улар, барибир, бу ишни қилишади. Шундай экан, яхшиси бу амалиётни қандай тўғри бажариш мумкинлигини тушунтириб қўя қолайлик: Ҳуснбузарларни сиқишдан аввал қўллар ва юз совун билан яхшилаб ювилади. Оғриқли ҳуснбузарларни эса таркибида спирти бор воситалар билан артиш лозим. Агар бу қора нуқталар, яъни комедонлар бўлса уларни иссиқ пар ёрдамида очиш, бунинг учун эса иссиқ сувда хўлланган матони юз терисига бир муддат босиб туриш керак. Ҳуснбузарларни сиқиб бўлгандан сўнг терини яна бир бор спирт билан артиш тўғри бўлади. Бу ишларнинг барчасини кечқурун қилган мақул. Шунда туни билан зарарланган тери ўз ҳолига қайтишга улгуради.
Соч парвариши: Тозаликка диққатингизни қаратинг. Узун сочларни ҳафтасига 2 ёки 3 маротаба ювиш мумкин бўлса, калталарини кун ора ювса бўлади. Ҳозирги кунда нейтрал рН ли шампунлар расталарда талайгина. Қизингизга ярашадиган соч турмагини танлашга ёрдам беринг. Бугунги кунда айни вазифа компьютер ёрдамида осон бажарилади. Соч бўяшга эса шошилмаган мақул. Ўсмир ёшидаги қизингизга бош яланг ўта иссиқда, яъни қуёш нури остида ёки ўта совуқда юриш қанчалик салбий оқибатларга олиб келишини тушунтиринг. Баъзан айнан ўтиш ёшида сочларнинг кескин тўкилиши ҳам кузатилади. Бу, албатта, гормонал ўзгаришлар билан боғлиқ. Лекин бу ҳолат ҳам фожеа эмас. Бир ой мобайнида ҳар сафар сочларни ювгандан сўнг, крапива дамламаси билан уларни чайиб туринг. Бу дамламанинг шифобахш хусусияти келаси сафар сочларингизни ювгунча таъсир қилиб туради. Натижа эса яққол намоён бўлади.
Интим гигиена: Аввало қизингизга 100% табиий матодан тайёрланган ички кийим олиб беринг. Уни ҳар куни алмаштириш лозимлигини тушунтиринг. Имкон қадар унга ҳозирданоқ ички либослар ҳам бежирим ва қулай бўлиши лозимлигини англатиб боринг. Шунингдек, қизлар остини ҳар куни совун билан ювиши шарт эмас. Бир кун шунчаки сув билан, бир кун совун билан ювиш етарли. Чунки ҳар куни совун билан ювилганда шиллиқ қаватлар микрофлорасининг ўзгаришига олиб келади. Бу эса унинг табиий ҳимоя қатламига зарар етади деганидир.
Ой кўриш: 11-16 ёшларда бўлажак аёл организмида жуда катта ўзгаришлар содир бўлади: ой кўриш(яъни ҳайз цикли) бошланади. Қизингизни бу ҳолатга аввалдан тайёрлаб боринг. Ҳайз нима экани, унинг нима сабабдан ва қандай юзага келишини тушунтиринг. Кўпчилик қондан қўрқади, лекин сиз қизингизни хотиржам бўлишга чақиринг. Бошида қизлар чойшабларни доғ қилиб қўйишдан қўрқиб, туни билан яхши ухлашмайди. Сиз энг яхши гигиеник воситаларни харид қилинг ва бу энг яхши ҳимоя эканлигини тушунтиринг. Шунда у тинчланиб, хотиржам ухлайди. Қизингизга фақат гигиеник тагликлар(прокладка)дан фойдаланиш мумкинлигини, тампонлардан асло фойдаланмаслик лозимлигини тушунтиринг. Қизлик пардаси ва бошқа нозик жиҳатлар ҳақида уни ўта уялтирмасдан маълумот беринг. Ахир, сиз унинг энг яқин дугонасисиз!
Умму Муҳаммад Билол