Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Саодатли хонимлар
31-савол: Хадижа розияллоҳу анҳонинг аввалги турмушларидан дунёга келган учта фарзандлари ҳам Исломни қабул қилганми?
Жавоб: Ҳа, ҳаммалари Исломни қабул қилишган.
32-савол: Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Хадижа розияллоҳу анҳо нечта фарзанд кўрганлар?
Жавоб: Иккита ўғил ва тўртта қиз фарзанд кўрганлар.
33-савол: Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Хадижа розияллоҳу анҳодан дунёга келган иккита ўғилларининг исми нима эди ва улар қанча яшаган?
Жавоб: Улар Қосим ва Абдуллоҳ бўлиб, икковлари ҳам гўдаклик чоғида вафот этишган.
34-савол: Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва Хадижа розияллоҳу анҳонинг тўртта қизларининг исми нима эди?
Жавоб: Улар: Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум ва Фотима розияллоҳу анҳунна.
35-савол: Муҳаммад алайҳиссалом ва Хадижа онамизнинг тўнғич фарзандлари Қосим бўлган. Иккинчи фарзандларининг исми нима эди?
Жавоб: Зайнаб.
36-савол: Хадижа онамизнинг куняси[1] нима эди?
Жавоб: Умму Қосим.
37-савол: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги сўзларни ким ҳақида айтганлар: «Одамлар менга куфр келтирганида, у менга иймон келтирди. Одамлар мени ёлғончи қилганларида, у мени тасдиқлади. Одамлар мендан нарсаларини беркитганида, у молини мен учун сарфлади. Аллоҳ таоло менга бошқа аёллардан эмас, ундан фарзанд берди»?
Жавоб: Хадижа розияллоҳу анҳо ҳақида.
38-савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда мусулмонлар билан бирга Бану Муттолиб дарасида уч йил иқтисодий қамални бошдан кечирган мўминлар онаси ким эди?
Жавоб: Хадижа розияллоҳу анҳо эди.
Сийрат илми олимларининг таъкидлашларича, Қурайш мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдиришга қарор қилишди. Бу ёвуз ниятларини амалга ошириш учун у зотнинг уруғларидан бўлмиш Бану Ҳошим ва Бану Мутталиб уруғларидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни топширишларини талаб қилишди. Бироқ Бану Ҳошим ва Бану Мутталиб уруғлари бу талабга рад жавобини беришди.
Шундан кейин мушриклар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, мусулмонларга ҳамда Бану Ҳошим ва Бану Мутталиб уруғларига тазйиқни яна ҳам кучайтиришга иттифоқ қилишди. Улар билан олди-сотди қилмаслик, сулҳ тузмаслик, қиз олиб, қиз бермаслик, улар билан бирор алоқа қилмасликка аҳдлашишди. Бу аҳдноманинг кучини ошириш ва қаттиқ таъкидлаш учун уни бир саҳифага ёзиб, Каъбаи муаззаманинг ичига илиб қўйишди.
Бу ишнинг бошланиши пайғамбарликнинг еттинчи йили, Муҳаррам ойида бўлган. Қурайш шу тариқа қамал ва алоқа узишни эълон қилганидан кейин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлар ҳамда Бану Ҳошим ва Бану Мутталиб уруғлари Макканинг ташқарисида, шаҳарнинг шарқ тарафида, Бану Муттолиб дарасида қамалда қолдилар.[2]
39-савол: Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ва Хадижа розияллоҳу анҳо неча йил бирга яшаганлар?
Жавоб: Йигирма беш йил.
40-савол: Хадижа розияллоҳу анҳо вафот этганида неча ёшда эди?
Жавоб: У киши олтмиш беш ёшда вафот этган.
41-савол: Хадижа розияллоҳу анҳо қачон вафот этган?
Жавоб: Ҳижратдан аввалги тўртинчи йил / нубувватнинг ўнинчи йили рамазон ойида, милодий 619 йил апрель-май ойларида вафот этган.
42-савол: Нубувватнинг ўнинчи йили нима учун «Маҳзунлик йили» деб аталган?
Жавоб: Чунки бу йилда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толиб ва завжалари Хадижа розияллоҳу анҳо қисқа вақт оралиғида олдинма-кетин вафот этишди. Абу Толиб гарчи мусулмон бўлмаса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳимоячилари эди, у сабабли кофирлар у зотга озор беришга ботина олмас эди. Хадижа розияллоҳу анҳо ҳам шарафли аёллардан бўлиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнларида турган, у зотга ҳар бир ишда кўмакчи бўлган, Ислом учун кўп хизмати сингган эди. Шунинг учун бу икки йўқотиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда мусулмонлар учун маҳзунлик олиб келди.
43-савол: Хадижа розияллоҳу анҳо қаерга дафн қилинган?
Жавоб: У киши Маккаи мукаррамадаги Ҳажун қабристонида дафн қилинган.
44-савол: «Саҳиҳул Бухорий»да Хадижа розияллоҳу анҳонинг фазли ҳақида ривоят қилинган ҳадислардан келтиринг.
Жавоб:
1. Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «(Дунё) аёлларининг энг яхшиси Марямдир, (умматим) аёлларининг энг яхшиси эса Хадижадир», деяётганларини эшитдим».[3]
2. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга уйланмасларидан олдин вафот этган Хадижадан рашк қилганчалик у зотни бирорта аёлларидан рашк қилмаганман, чунки мен у зотнинг уни (кўп) эслаганларини эшитар эдим. Аллоҳ у зотга (Хадижага) жаннатда ғовак дурдан бўлган бир уйнинг башоратини беришни амр қилган. У зот қўй сўяр, ўшандан етганича унинг дугоналарига ҳадя қилар эдилар».[4]
3. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижани кўп эслаганларидан ундан рашк қилганчалик бирор аёлдан рашк қилмаганман. У зот менга у вафот этганидан уч йил кейин уйланганлар. Аллоҳ таоло [ёки Жаброил алайҳиссалом] у зотга унга жаннатда ғовак дурдан бўлган бир уйнинг башоратини беришларини буюрган экан».[5]
4. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бирорта аёлларидан Хадижадан рашк қилганчалик рашк қилмаганман. Ўзи уни кўрмаганман, лекин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўп эслар эдилар. Баъзан қўй сўйиб, бўлак-бўлак қилиб, кейин уларни Хадижанинг дугоналарига юборар эдилар. Баъзида у зотга: «Худди дунёда Хадижадан бошқа аёл бўлмагандек...», десам, «У бундай эди.., ундай эди.., ундан фарзандларим бор», дер эдилар».[6]
5. Исмоилдан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳумога: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижага башорат берганларми?» – дедим. У: «Ҳа, ғовак дурдан бўлган, ичида ғавғо ҳам, чарчоқ ҳам йўқ бир уйнинг (башоратини)», – деди».[7]
6. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Жаброил Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, Хадижа сизга бир идишда нонхуруш [ёки таом, ёки шарбат] олиб келяпти. Олдингизга келганда унга Раббининг ва менинг номимдан салом айтинг ҳамда унга жаннатда ичида ғавғо ҳам, чарчоқ ҳам бўлмаган, ғовак дурдан бўлган бир уйнинг башоратини беринг», деди».[8]
7. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Хадижанинг синглиси Ҳола бинт Хувайлид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига киришга изн сўради. У зот Хадижанинг изн сўрашини эслаб, алланечук бўлиб кетдилар-да, «Аллоҳим! Ҳола (бўлсайди-я)!» дедилар. Шунда мен рашк қилиб: «Бир замонлар ўлиб кетган, оғзининг чети қип-қизил қурайшлик бир кампирнинг нимасини эслайсиз? Ахир Аллоҳ сизга унинг ўрнига ундан яхшироғини бериб қўйган-ку?» дедим».[9]
Давоми бор
Ғиёсиддин Юсуф
[1] Куня кишининг ўз фарзандига ёки бирор хосроқ сифатига нисбат бериб айтиладиган қўшимча исмдир. Эркак кишининг кунясига «Абу» сўзи қўшилади, аёл кишининг кунясига «Умму» сўзи қўшилади. Масалан, «Абу Салама» дегани Саламанинг отаси, «Умму Салама» дегани Саламанинг онаси деган маънони билдиради. Баъзилар сифати билан куняланган, масалан, Алий розияллоҳу анҳу Абу Туроб деб куняланганлар. Бир гал у кишининг эгниларидаги тупроқни (араб тилида тупроқ туроб дейилади) кўриб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Абу Туроб», деб мурожаат қилганлар. Шундан кейин бу Алий розияллоҳу анҳу учун севимли куня бўлиб қолган. Баъзилар ўзи фарзандли бўлмаса ҳам, яқинларининг фарзандининг исми билан куняланган. Масалан, Оиша розияллоҳу анҳо Умму Абдуллоҳ деб куняланган.
[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Ҳадис ва Ҳаёт», 19-жуз – «Оламларга раҳмат Пайғамбар» китобидан.
[3] 3815-ҳадис.
[4] 3816-ҳадис.
[5] 3817-ҳадис.
[6] 3818-ҳадис.
[7] 3819-ҳадис.
[8] 3820-ҳадис.
[9] 3821-ҳадис. Ҳадисларнинг таржимаси «Олтин силсила» китобидан олинди. «Hilol-Nashr» нашриёти, 2014.